Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Каупервуд ҳаммасини тушунди. Ва… рози бўлди. Дунёнинг шунча кучларини тиз чўктиришнинг ўзи катта гап эди! Демак, у ҳақда эшитишган, ва у кимлигини тушунишган. Жуда яхши, ажойиб! У ўзининг йигирма мингми ёки шунга яқин пулини олади ва секин қочиб қолади. Ғазначи ҳам ҳайратда эди. Бу нарса унинг қил устидаги вазиятдан чиқиб кетишига имкон берарди.

– Сиз билан кўришганимдан хурсандман, – деди ғазначи. – Умуман, сиз билан танишганимдан жуда хурсандман. Бу ерларга яна келиб қолсам, сизникига кириб ўтаман ва биргаликда нонушта қиламиз.

Ғазначи унга қўшимча пул ишлаб олиш имконини берадиган одам билан муомала қилаётганини тушунганди. Каупервуднинг қарашлари ўткир бўлиб, бунақаси жуда кам учрар, унинг юзида зийраклик ва шу билан бирга нозик ақл ифодаси зоҳир эди. Қайтиб келганидан сўнг ғазначи губернатор ва бир нечта таниш тадбиркорларга ёш Каупервуд ҳақида гапириб берди.

Заёмларни сотиш учун тарқатиш, ниҳоят тасдиқланди. “Дрексель энд Компани” фирмасининг катталари билан бўлиб ўтган махфий суҳбатдан сўнг Каупервуд улардан йигирма минг доллар олди ва ўзининг бу ишда қатнашиш ҳуқуқини уларга берди. Энди унинг идорасида вақти-вақти билан янги одамлар пайдо бўла бошлади. Уларнинг орасида Ван-Ностренд ва юқорида айтиб ўтганимиз – Ҳаррисбергдаги бошқа сиёсий гуруҳнинг вакили бўлган Тэренс Рэлихенлар ҳам бор эди. Бир куни Фрэнк ресторанда нонушта қилаётган пайтда уни губернатор билан таништиришди. Унинг номи газеталарда тез-тез кўзга ташланар, жамият кўзи ўнгида жуда тез ўса бошлаганди.

Фрэнк дарҳол ёш Элсуорт билан янги уйининг лойиҳаси устида ишлашни бошлади. Ҳали ҳеч ким кўрмаган ажойиб нарса қурилади, деб айтди у хотинига. Энди улар каттароқ кўламдаги зиёфатларни беришларига тўғри келади. Фронт-стрит бунақа ўйин-кулги учун энди жуда одми кўча эди. Фрэнк уйи сотилиши тўғрисида эълон берди ва отаси билан маслаҳатлашиб, уни ҳам кўчиб ўтишга кўндирди. Ўғлининг муваффақиятлари отасининг фаолиятига ҳам яхши таъсир қилаётганди. Банкнинг директорлари кундан-кунга у билан мулойимроқ муносабатда бўлиб борар, банк бошқаруви раиси Кугель келаси йил нафақага кетишни режалаётган бўлиб, ўғли бажарган ажойиб молия операцияси сабаб ва узоқ йиллик хизматлари учун катта Каупервудни ушбу ўринга лойиқ кўраётганди. Фрэнк отасининг банкидан йирик заёмлар олган ва ўз-ўзидан йирик омонатчи ҳисобланарди. Унинг Эдвард Батлер билан иш юзасидан алоқаси ҳам жуда юқори даражада баҳоланарди. Фрэнк банкдагиларни усиз ўзлари топа олмайдиган ахборотлар билан таъминлаб турарди. Бу банкка шаҳар ғазначиси ва штат ғазначиси ҳам қизиқа бошлади. Катта Каупервуднинг кўз олдидан бошқарув раисининг йигирма минглик маоши ўта бошлаган ва маълум бир маънода бунинг учун у ўғлидан қарздор эди. Иккала оила ўртасидаги алоқалар ҳавас қиладиган даражада эди. Анна (у аллақачон йигирма бирга тўлганди), Эдвард ва Жозефлар кўп вақтларини акасиникида ўтказишарди. Лилиан деярли ҳар куни қайнонасиникига борарди. Каупервудлар берилиб бирбирларига оилавий янгиликларни айтишаркан, улар ниҳоят, бир жойда қўшни бўлиб яшашга қарор қилишди. Катта Каупервуд ўғлининг ўттиз футлик ери ёнидан эллик фут ер сотиб олди ва улар иккита ёнма-ён чиройли ҳамда қулай уйни қуришни бошлашди. Бу уйлар бир-бирига ёзда очиқ, қишда эса ойна билан ёпиладиган пергола деб аталувчи галерея орқали боғланиши керак эди.

Уйнинг олд томонини Филадельфияда кенг тарқалган яшил гранит билан қоплашга келишилди, бу тошга жаноб Элсуорт кўзга жуда ёқимли бўлган ажойиб кўриниш беришга ваъда қилди. Катта Каупервуд қурилиш учун етмиш беш минг доллар сарф қилишга (бу пайтга келиб унинг бойлиги икки юз эллик мингга баҳоланаётганди), Фрэнк эса эллик минг (бу пулни гаров ҳисобига олмоқчийди) ишлатишга қарор қилганди. Айни пайтда у ўз идорасини ўша Учинчи кўчанинг ўзида, бироқ жануброқда жойлашган алоҳида бинога кўчирмоқчи бўлаётганди. У ўша ерда узунлиги йигирма беш фут, эски бўлса-да, тим қора тош билан ишлов берилса, жуда ажойиб кўриниш оладиган уй сотилаётганини эшитганди. Фрэнк хаёлан аллақачон катта дераза ойналари ортидан ичкарида ёғочдан ишланган деворлари кўриниб турган, эшик ёки эшик ёнида бронза ҳарфлар билан “Каупервуд энд Компани” деб ёзилган пешлавҳаларни кўраётганди. Унга уфқдаги ғира-шира пуштиранг булутдек, бироқ келажак аён бўлаётганди. У бой бўлади, жуда-жуда бой бўлади!

13

Каупервуд тинмай муваффақият билан олдинга интиларкан, Жанубга қарши бошланган буюк уруш охирлаб қолди. 1864 йилнинг октябрь ойи эди. Мобилнинг олиниши ва “ўрмон чангалзорларидаги жанг”1212
  1864 йили бўлиб ўтган Мобил шаҳри остонасидаги (Алабама штати) жанг ва “ўрмондаги жанг” (Виржиния штати) Шимол ва Жануб урушидаги энг муҳим воқеалар бўлган.


[Закрыть]
ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаганди. Грант аллақачон Питерсберг остоналарида турар, жанубликларнинг жасур генерали Ли эса ўзининг стратег ва ҳарбий сифатидаги бутун қобилиятини ишга солиб, шароитни тузатиш учун бефойда уриниб ётарди. Баъзида, масалан, ўша бутун мамлакат Виксбергнинг қулашини ёки Потомак дарёси ёнида турган армиянинг ҳужумини кутаётган, Ли эса Пенсильванияга суқилиб кирган пайтда акцияларнинг нархи тушиб кетиб, бозор ўлар ҳолатга тушиб қолаётганди. Бундай дақиқаларда Каупервуд ўзининг бутун уддабуронлигини ишга соларди; қандайдир кўзда тутилмаган ёмон хабардан ҳамма йиққан-терганлари бир пулга айланиб қолмаслиги учун у доим ҳушёр туришига тўғри келаётганди. Унинг ватанпарварлик ҳиссиётларидан қатъи назар, урушга жуда қиммат турадиган ва вайрон қилувчи куч сифатида қарарди. Бироқ айни пайтда миллий ғурур деган ҳис Каупервуд учун Атлантика океанидан Тинч океанигача, Канада қорларидан Мексика кўрфазигача чўзилган Қўшма Штатларнинг қадрига етишни ҳис қилмайдиган даражада бегона нарса эмасди.

1837 йилда туғилган Каупервуд мамлакат ҳудудий бутунликка (Аляскани ҳисобга олмаганда) қандай эришганига гувоҳ эди. Унинг ёшлик чоғларида Америка Қўшма Штатлари испанлардан сотиб олган Флорида билан бойиди; адолатсиз урушдан сўнг Мексика 1848 йили Техас ва ундан ғарбга томон чўзилган ҳудудни берди. Англия билан узоқ шимоли-ғарбдаги Қўшма Штатлар орасидаги чегара баҳслари ҳам ниҳоят барҳам топди. Ижтимоий ва молиявий масалаларга очиқ кўз билан қарайдиган одам бу фактларнинг муҳимлигини тушунмай қолмасди. Ҳар ҳолда бу фактлар Каупервуднинг бу катта давлатда яширинган битмас-туганмас тижорат имкониятлари борлигини тушунишига таъсир қиларди. Каупервуд ҳар бир тадқиқ қилинмаган жойда туганмас ўлжалар манбасини кўрадиган бир қатор молиявий авантюристлар сирасига кирмасди; бироқ мамлакат ўлчамларининг ўзиёқ Фрэнк умид қилаётган катта имкониятлар ҳақида айтиб турарди. Океандан океангача чўзилган бу ҳудудда (агар Жанубий штатлар Шимолий штатлардан ажралиб чиқадиган бўлса йўқолиб кетадиган) битмас-туганмас бойликлар яширинганди.

Айни пайтда эса қора танлиларни озод қилиш муаммоси Каупервудга амалга ошадиган ишдек туюлмаётганди. У болалигидан бу ирқ намояндаларини кузатиб келган, уларнинг фазилатлари ва ўзи туғма деб ҳисоблаган камчиликларини тушуниб етган ва уларнинг тақдирлари ҳам шунинг натижасида, деган хулосага келганди.

Масалан, қора танлиларга ҳозир ўзлари ўйнаётганидан кўра катта роль берилиши мумкинлигига унинг ишончи комил эмас эди. Ҳар ҳолда, уларнинг олдиларида натижасини яқин келажакдаги авлод била олмайдиган узоқ ва қийин кураш турибди. Фрэнк Каупервуднинг қора танлилар учун озодлик талаб қилувчи назарияга нисбатан қаршилиги йўқ эди, бироқ у нега жанубликлар ўзларининг мол-мулклари ва тизимлари вайрон қилинишига кескин қаршилик кўрсатмасликлари кераклиги сабабларини ҳам тушунмасди. Албатта, баъзан қора танли қуллар билан ёмон муносабатда бўлишлари ачинарли ҳолат. Каупервуд бу масалани кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблар, бироқ қора танлиларнинг ҳомийлари олиб бораётган курашда ҳеч қандай маънавий асос кўра олмасди. У кўплаб эркак ва аёлларнинг шароитлари, уларни мамлакатнинг конституцияси ҳимоя қилса-да, қулларникидан кўп фарқ қилмаслигини тушуниб турарди. Ахир руҳий қуллик, руҳан бўш ва жисмонан ожизларнинг қуллиги ҳам мавжуд нарса эди. Каупервуд Сэмнер, Ҳаррисон, Филиппс ва Бичерларнинг1313
  Қора танлиларни озод қилиш тарафдорлари.


[Закрыть]
чиқишларини қизиқиш билан кузатиб борар, бироқ бу масалани ўзи учун жуда муҳим деб ҳисобламасди.

Унда зобит бўлиш ёки зобитларга буйруқ бериш хоҳиши йўқ ва баҳслашиш қобилияти ҳам берилмади. У ақлий табиатига кўра (ҳатто молия соҳаси бўйича ҳам!) тортишадиганлар тоифасига кирмасди. Уни қизиқтирадигани – фақат ўзи учун катта фойда келтирадиган нарсаларгина бўлиб, бутун фикри-хаёли фақат шунга қаратилган бўларди. Мамлакатида содир бўлаётган қардошларнинг ўзаро уруши унга фойда келтирмасди. Унинг фикрича, бу уруш мамлакатнинг савдо ва молия масаласида мустаҳкамланишига фақат халал берарди ва Фрэнк бу урушнинг тез орада тугашига умид қиларди. У ҳарбий солиқлар кўпчилик учун оғир синов эканини билса-да, бундан шикоят қилиб юрмасди. Ўлимлар ва бахтсизликлар ҳақидаги ҳикоялар унга таъсир қиларди, бироқ нима қилиш керак, ҳаёт шунақа, бирор нарсани ўзгартириш унинг қўлида эмас!

Каупервуд шу хаёллар билан ҳар куни, ҳар қадамда ҳарбий отрядларнинг келиши ва кетишини кузатиб, жанг майдонидан ёки лазаретдан қайтаётган, кийимлари жулдур, кир-чир, озиб кетган ярим бемор одамларни учратар, бироқ қўлидан келадигани уларга ачиниш эди, холос. Бу уруш унинг учун эмас эди. У бу урушда иштирок этмас ва уруш тамом бўлганда ватанпарвар сифатида эмас, финансист сифатида жуда хурсанд бўлишини аниқ биларди. Бу хонавайрон қиладиган, фожиали ва бахтсизлик уруши эди.

Кунлар кетидан кунлар ўтиб борарди. Бу орада маҳаллий ҳукумат органларига сайловлар бўлиб ўтди ва шаҳар ғазначиси, солиқ вакили ва мэр алмашди. Бироқ Эдвард Мэлия Батлер, афтидан, ҳали ҳам ўз таъсир кучига эга эди. Бу пайтга келиб Батлерлар оиласи билан Каупервудлар оиласи ўртасида мустаҳкам дўстлик ўрнатилганди. Уларнинг динлари турлича бўлса-да, Батлер хоним Лилианга жуда яхши муносабатда эди; улар бирга экипажда сайр қилишар, бирга магазинларга боришарди. Тўғри, Каупервуд хоним ёши анча катта бўлган дугонасига сал танқид кўзи билан қарар, унинг тўпориларча сўзлашуви, ирландча талаффузи ва диди ёмонлигидан (ўзи ҳам шундай оиладан келиб чиққанини унутиб) бироз уяларди. Бироқ бошқа томондан бу аёлнинг жуда самимий ва қалби тоза эканини ҳам тан оларди. У жуда тўқчиликда яхши яшаса-да, одамларни нима биландир хуш кўрарди. У Лилианга совғалар берар, унинг болаларини ҳам жуда суярди. “Кечки тамаддига, албатта, бизникига келасиз, келмасангиз қаранг!” (Батлерлар кечга алоҳида таом пишириладиган даражага ҳам эришишганди). “Эртага мен билан айланиб келишингиз керак!” дерди гоҳида. Баъзан “Эйлиним, соғ бўлсин ишқилиб, ажойиб қиз!” ёки “Нора бечорагинанинг мазаси йўқ!” деб қоларди.

Бироқ табиатан инжиқ ва жиззаки, иззатталаб бўлган Эйлин кўп ҳолларда Каупервуд хонимнинг ғашини келтирарди. Қиз эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, унинг бутун туришида одамни ўзига тортадиган маккоралик уфуриб турарди. Унинг қилиқлари ўғил болаларники каби эди, у баъзан беўхшов шўхлик ҳам қилиб қўяр, монастирда тарбия олганига қарамай, озодлигини бўғадиган энг майда чекловларга ҳам исён кўтаришга мойил эди. Бироқ шунга қарамай, қизнинг ҳаворанг кўзлари мулойим чақнаб, кўнгилчан ва раҳмдил ҳам эканидан дарак бериб турарди.

Эйлинни, ўз таъбирлари билан айтганда, “мулойим католик” қилиб тарбияламоқчи бўлган эр-хотин Батлерлар унинг ўқиши учун муқаддас Тимофей черкови ва Жермантаундаги монастирлик мактабини танлашган. Қиз у ерда католиклар ақидалари ва одатлари билан танишган, бироқ сира тушунмаганди. Лекин ибодатхона деразалари хира, баланд оқ меҳроб ва унинг икки томонида турган олтин юлдузлар билан тўла ҳаворанг кийим кийиб, бошлари атрофида ёғдули гардиш ва қўлларида салтанат ҳассасини ушлаган муқаддас Иосиф ва дева Мариянинг ҳайкаллари билан унинг тасаввуридан чуқур жой олганди. Умуман олганда, ибодатхоналар одатда, айниқса, ҳамма католик ибодатхоналари, чиройи кўзни қувонтириб, руҳни тинчлантиради. Ибодат пайтида элликта, баъзан ундан ҳам кўп шамлар ёқиб қўйилгани ва руҳонийларнинг шоҳона тўрли либослари сабаб яна ҳам буюк ва ажойиб кўринаётган меҳроб қизга жуда ёқар ва унинг тасаввурини қиздирарди. Айтиш керакки, қизда доим буюк нарсаларга, ёрқин рангларга ва “севгига муҳаббат”га интилиш бўлган. Эйлин болалик чоғиданоқ ўзини аёллардек ҳис қиларди. У ҳеч қачон бирор нарсанинг маъносини ечишга интилмас, аниқ билимларга қизиқмасди. Эҳтиросли одамларнинг деярли бари шундай. Улар қуёш нурида эркаланиб ётишади, ранглардан, ташқи дабдабадан завқланишади ва шундан нарига ўтишмайди. Тасаввурнинг аниқлиги курашувчан, худбин одамларга керак ва бу нарса кейинчалик манфаатпарастликка интилишга айланиб кетади. Инсонни бутунлай эгаллаб оладиган эҳтироснинг ҳукмронлиги на ҳаракатчан ва на расмиятчи, майдакаш одамларга хосдир.

Буларни Эйлин мисолида тушунтириш керак. Ўша пайтнинг ўзидаёқ Эйлинни жуда эҳтиросли қиз эди деб айтиб бўлмасди. Булар ҳаммаси ҳали унинг вужудида мудраб ётарди. Ҳар қандай уруғнинг ҳосил беришига анча вақт керак бўлади. Черковдаги бир нечтагина жинчироклар хира ёритиб турган истиғфор келтириладиган жой, патернинг1414
  Католиклар руҳонийси.


[Закрыть]
кафорат ҳақидаги панд-насиҳатлари, туйнук ортидан шивирлаб айтиладиган гуноҳларнинг ювилиши қизни бироз ҳаяжонга соларди. Эйлин ўз гуноҳларидан қўрқмасди. Гуноҳкорлар тушувчи манзил – дўзах уни қўрқитмасди. Виждон азоби қийнамасди. Унинг назарида черковга судралиб бориб, ибодат қилганча тасбеҳ ўгираётган чол ва кампирларнинг ёғоч санамлардан фарқи йўқ эди.

Эйлинга, айниқса, у ўн тўрт, ўн беш ёшда эканлигида, руҳонийнинг гапларига қулоқ солиб, ибодат қилиш ёқарди. Монастир пансиони тарбияланувчиларининг тавбасини тингловчи кекса бир француз руҳонийси кўнгилчанлиги ва юмшоқ табиати билан Эйлинга таъсир қиларди. Бу руҳонийнинг ибодатлари Эйлиннинг шоша-пиша ва эътиборсиз ўқийдиган дуоларидан кўра самимийроқ янграрди.

Кейинроқ эса унга муқаддас Тимофей черковининг ёш католик руҳонийси Давид ота ёқиб қолди. У юзидан соғломлик уфуриб турган, жингалак қора сочлари пешонасига тушиб турган ва доим бошига руҳонийлик кулоҳини олифтагарчилик билан қўндириб оладиган йигит эди. У якшанба кунлари ибодат пайтида ўриндиқлар орасида юрганча бу ерда ўтирган қавмларига муқаддас сувдан сепиб юрарди. У истиғфор қабул қилар ва Эйлин баъзан хаёлига келиб қолган уятли фикрларни унга шивирлаб айтиб беришни ёқтирарди ва шу вақтнинг ўзида “Руҳоний мен ҳақимда нима ўйлаётган экан?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қиларди. Қиз минг хоҳлагани билан бу одам тимсолида Яратганнинг вакилини кўра олмасди. У жуда ҳам ёш ва ўта оддий инсон эди. Ва қизнинг ўзи ҳақида завқланиб гапиришларида, кейин эса пушаймон еётган гуноҳкор аёл каби жимгина ташқарига йўл олишида қандайдир шумлик, қитмирлик бордек эди.

Муқаддас Агата мактабида уни тарбияси “оғир” деб ҳисоблашар, чунки тарбиячилар уни бировнинг иродасига бўйсуниш учун ўта шўх ва ҳаракатчан деб ҳисоблашарди.

– Бу мисс Батлер деганлари, – деди бир куни монастирнинг бошлиғи Эйлиннинг тарбиячиси Семпронияга, – жуда ботир қиз. Агар етарлича эътибор бериб қарамасангиз, сизда у билан кўп муаммо чиқиши турган гап. Назаримда, майда-чуйда нарсаларда унга ён бериб туришингиз керак. Бошқа йўл билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Ўша суҳбатдан бери тарбиячи Семпрония Эйлиннинг ҳамма хоҳишларига қулоқ солишга ҳаракат қилар ва ҳатто баъзан унинг қилиқларига бепарво ҳам бўларди. Бироқ у доим ҳам бунга эришавермас – қизнинг онги отасининг бойлиги ва ўзининг бошқалардан баланд туриши тўғрисидаги фикр билан суғорилганди. Тўғри, у баъзида уйига бориб келишни хоҳлаб қолар ёки тарбиячи опадан ўзининг қора дарахтдан ясалган хочи бор йирик маржонли тасбеҳини олиб юришни – пансионда бу нарса катта обрў саналарди, сўрарди. Бу турдаги устунликлар ва бошқа ҳолатлар – шанба куни кечқурунлари монастир ерларида айланиб юришга, хоҳлаганча гул узиш, керагидан ортиқ яна бир нечта кўйлакка эга бўлиш, тақинчоқлар тақиш қизга мукофот сифатида тақдим этиларди – фақат у синфда тинч ўтирса, жим юрса ва секин гаплашса (кучи етганча), кечаси чироқ ўчгандан сўнг бошқа қизларнинг ётоғига кириб олмаса ва меҳри тошиб тарбиячи опалардан бирортасини қучоғида бўғиб ўлдириб қўймаса кифоя эди.

Эйлин мусиқани яхши кўрар ва ҳеч қандай қобилияти бўлмаса-да, расм чизиш билан шуғулланишни ҳам жуда хоҳларди. Китоблар, асосан романлар ҳам уни жуда қизиқтирарди, бироқ уларни топиш жуда мушкул эди. Қолган фанлар: грамматика, тикиш-бичиш, ҳуснихат, дин дарси ва умумий тарих фанларини у жуда ёмон кўрарди. Ўзини яхши тута билиш қоидалари ҳам унинг учун қизиқ эди. У ўзига ўргатиладиган жимжимадор реверансларни яхши кўрар ва кўпинча ота уйига қайтганида меҳмонларни қандай кутиб олиши тўғрисида ўйларди.

Катталар ҳаётига қадам ташларкан, Эйлинни маҳаллий жамиятнинг маълум бир қатламларига тегишли шароитлар ўртасидаги нозик фарқлар ҳаяжонга сола бошлаганди; у отасининг ўзи бошқаларникида кўрганидек яхши уй қуришини ва унга жамиятга кириш учун йўл очиб беришини хоҳларди. Унинг орзуси амалга ошмади ва бутун фикри-хаёли энди бу орзуларнинг ўрнига эга чиқиши мумкин бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар, отлар, экипажларга ва албатта, кўплаб ҳашаматли кийимларга қаратилди.

Улар яшаётган уйда катта зиёфатлар уюштиришнинг иложи йўқ бўлиб, Эйлин ўн саккиз ёшидаёқ иззат-нафси озор топиши нималигини ҳис қила бошлаган эди. У бошқача ҳаётни орзу қиларди! Бироқ у ўз орзуларини қандай амалга ошира оларди? Турли кийим-кечак, чиройли безаклар, Эйлин гоҳ-гоҳидагина тақа оладиган қимматбаҳо тақинчоқлар, туфли, пайпоқ, ичкийимлар ва тўрлар – ҳаммаси бесабр ва шуҳратпараст одамнинг табиатини ўрганиш учун мисол бўла оларди. Эйлин атир ва пардозандоз воситаларининг (унинг бунга эҳтиёжи бўлмаса-да) ҳамма маркаларини билар ва уларни кўп сотиб оларди. Эйлин батартиблиги билан ажралиб турмасди, бироқ кўз-кўз учун қилинадиган нарсаларни жуда яхши кўрарди. Унинг хонасидаги дарпардалар, пардалар, майда-чуйдалар ва девордаги расмлар уйнинг бошқа жиҳозлари билан мос келмасди. Каупервуднинг назарида Эйлин минилмаган асов отга ўхшарди. Фрэнк қизни онаси билан магазинга борганда ёки отаси билан айланиб юрганида кўп учра тар ва у билан гаплашганда қизнинг ўзини зериккандек тутиши кулгисини қистатиб, бундан завқланарди.

– Вой Худойим! Яшаш бирам зерикарлики!.. – дерди қиз аслида ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан қувониб яшасада. Каупервуд унинг табиатини аниқ ифодалаб берганди: ҳаётга чанқоқ, романтик, муҳаббат ҳақидаги, муҳаббатга ошно ҳамма нарсалар ҳақидаги фикрлар билан яшайдиган қиз. Фрэнк Эйлинга қараганда табиат ўз истаги билан жисмонан мукаммал яратган нарсани кўраётгандек бўларди. Яна хаёлидан яқин кунларда бирон-бир бахтли йигит унга уйланиб, олиб кетиши ўтарди. Бироқ бу қиз кимга тегадиган бўлса ҳам, ўша йигит уни ўзининг қайноқ севгиси, нозик мақтовлари ва доимий диққат-эътибори билан ушлаб туришига тўғри келади.

– Бу кичкина ярамас (бу қиз айнан ярамасликдан йироқ эди) бутун дунёни отасининг чўнтагида деб ўйлайди, – деди Лилиан бир куни эри билан гаплашиб ўтирганида. – Унга қулоқ солсангиз, Батлерлар Ирландия қиролининг вориси деб ўйлаш мумкин! Унинг мусиқа ва санъатга қизиқиши эса жуда ҳам кулгили.

– Унга нисбатан бунчалик қаттиққўл бўлма, – устомонлик билан хотинини тинчлантирди Каупервуд (бу пайтга келиб Эйлин унга жуда ёқиб кетаётганди). – У яхши чалади, овози ҳам ёқимли.

– Тўғри, лекин унинг диди йўқ. Қаердан ҳам бўлсин? Буни билиш учун ота-онасига қарашнинг ўзи кифоя!

– Мен, масалан, унинг ҳеч бир ёмон хислатини кўраётганим йўқ, – гапида туриб олди Каупервуд. – У табиатан қувноқ ва гўзал. Албатта, у ҳали ёш бола ва бироз шуҳратпараст, бироқ бу ўтиб кетади. Бунинг устига, у тентак эмас, кучли қиз.

Эйлин Фрэнкнинг ўзига эътиборсиз эмаслигини яхши билиб турарди. У қизга ёқарди. Қиз уларнинг уйида бўлганида рояль чалиб қўшиқ айтишни яхши кўрар, қолаверса, фақат Фрэнк шу ерда эканлигида шундай қиларди. Фрэнкнинг қатъий, ишонч билан қадам ташлашлари, кучли гавдаси, чиройли боши – ҳамма-ҳаммаси қизни ўзига тортарди. Ўзининг питир-питирлиги ва худбинлигига қарамай, қиз баъзида Фрэнкнинг олдида жим ўтирар, бироқ одатда йигитнинг олдида у жуда қувноқ ва жозибали бўлиб оларди.

Дунёда энг қийин нарса одамнинг табиатини аниқ айтиб беришга ҳаракат қилиш бўлса керак. Ҳар бир шахс, айниқса, у иқтидорли бўлса, қарама-қаршиликлар йиғиндисидир. Шунинг учун Эйлин Батлерни тўлиқ тасвирлашнинг иложи йўқ. Шубҳасиз, у ўзига хос тарзда ақлли эди, бироқ асов от каби бўлиб, вақти-вақтида жамиятнинг қонунлари билан жиловланиб туриши керак бўлган феъл-атвор эгаси эди. У эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, Фрэнк Каупервуддек одамга жуда ноёб бўлиб туюлаётганди. Қизнинг бутун борлиғи йигит илгари бирорта ҳам аёлда учратмагани ва у бирорта аёлдан талаб қилмагани – эпчиллик ва ҳаётни севиш билан суғорилганди. У аввал таниган бирорта қиз ёки аёл бундай туғма ҳаётий куч-қувватга эга бўлмаган. Унинг малла-олтинранг тўлқинсимон сочлари бетакрор эди. Бурни жуда чиройли шаклда, текис бўлиб, тешикчалари кичкина, катта-катта кўзлари эса одамни ҳаяжонга соладиган тарзда чарақлаб ёниб турарди. Каупервуд бу кўзларнинг ҳаворанг-кулранг тусини ёқтирарди. Қизнинг тақинчоқлари, у аслида бу нарсаларни тақмасада, ҳарамдаги канизакларнинг билагузуклари, оёққа тақиладиган браслетлар, сирға ва бўйинтуморларини ёдга соларди. Эйлин бир неча йил ўтгач, Фрэнкка жон-жон деб тирноғи ва кафтларини қизғиш рангга бўяшини айтганди. Соғлом ва бақувват бўлган қиз доим эркаклар у ҳақида нималар дейишини, бошқа аёллар билан солиштирганда унга қандай қарашларини билишга жуда қизиқарди. Экипажда юриш, Жирард авенюдаги чиройли уйда яшаш, Каупервудларникидек уйларга меҳмонга бо риш – булар ҳаммаси унинг учун жуда катта аҳамиятга эга эди; бироқ ўша йилларнинг ўзидаёқ у ҳаётнинг маъноси фақат шулардагина эмаслигини тушунарди. Бу нарсаси йўқ одамлар ҳам яшаяпти-ку. Шундай бўлса-да, бойлиги ва ўзининг бошқа одамлардан устунлиги қизнинг бошини айлантирарди. Рояль олдида ўтирар экан, кўчада сайр қилаётганида ёки кўзгу олдида турганида ўзининг гўзаллиги, мафтункорлигидан, эркаклар учун бу нима эканлиги ва бошқа аёллар унга ҳасад қилишлари тўғрисидаги фикрдан қизнинг қувончи ичига сиғмасди. Бир хил пайтларда бечора, хунуккина қизларни кўрганида у ачиниб кетар, баъзан эса гўзаллик ёки жамиятдаги ўрни билан рақобатлашмоқчи бўлган қизларга нисбатан тушунарсиз ғараз ҳисси уйғонарди. Баъзан шундай бўлардики, кўзга кўринадиган оилаларнинг қизлари Честнат стритдаги бой дўконларда учрашиб қолганларида ёки паркда экипажда айланиб юришганида яхшироқ тарбияланганларини ва буни ўзлари яхши билишларини исбот қилгандек, бурунларини кўтариб олишарди. Бундай учрашувларда иккала томон ҳам бир-бирларига йўқ қилиб юборгудек назар билан қарарди. Савлати қуруқ, олифта йигитлар унинг эътиборини ўзига тортмаса-да, Эйлин юқори табақага интиларди. У ҳақиқий эркак ҳақида орзу қиларди. Вақти-вақти билан “гўёки тўғри келадиган” эркаклар учраб қолар, бироқ одатда улар отасининг танишлари, майда сиёсий арбоблар ёки жамиятда ўзидан баланд бўлмаган маҳаллий қонун чиқарувчи органларнинг аъзолари бўлиб, қизнинг уларга қизиқиши тезда йўқолиб, бу эркаклар дарров жонига тега бошларди. Кекса Батлер асл юқори табақадан бўлганлардан ҳеч кимни танимасди. Бироқ жаноб Каупервуд… У жуда кучли, назокатли ва ўзини тута биладигандек туюларди. Каупервуд хонимга қараб туриб Эйлин кўпинча, бу аёл роса бахтли бўлса керак деб ўйларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации