Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 41 страниц)
У оиласи билан Тўққизинчи кўчадаги икки қаватли ёғоч уйидан Спринг-Гарден-стритдаги тошдан қурилган кенг уйга кўчиб ўтганди. Хотини ҳам бошқа маҳаллий сиёсатдонларнинг рафиқалари билан борди-келди қила бошлаган, болалари эса бир пайтлар унинг ушалмас орзуси бўлган ўрта мактабда ўқишаётганди. Айни пайтда шаҳарнинг турли қисмларида Стинернинг вақти келиб қимматли кўчмас мулк бўлиши кутилаётган ўн тўрттами, ўн бештами, арзон ер участкаси бор, унинг ўзи эса фақат қоғоздагина мавжуд икки корхона – Жанубий Филадельфия металлургия жамияти ва “Америка моллари ва чўчқаси” компаниясининг яширин аъзоси эди. Бу икки корхонанинг фаолияти шундан иборат эдики, улар шаҳардан пудрат олиб, уларни фақат буйруқни бажариб, ортиқча савол беравермайдиган металл қуйиш устахоналари ва гўшт дўконларининг камтар эгаларига ишониб топширишарди.
– Ҳа, ғалати исм, – Стинернинг гапига қўшилди Каупервуд. – Демак, у акциялар эгасими? Мен доим бу линия ўзини оқламайди, деб ўйлардим: у жуда ҳам қисқа. Уни Кенсингтон мавзеси томонга уч милча давом эттириш керак.
– Тўппа-тўғри, – Каупервуднинг фикрига қўшилди Стинер. – Колтон ўз акциялари учун қанча хоҳлаётганини Стробик сизга айтмадими?
– Олтмиш саккиз доллардан, дегандек бўлди.
– Яъни ҳозирги курс бўйича! Иштаҳаси ёмон эмас-ку, а? Бу нарх билан, Жорж, – Каупервуд дарҳол Колтоннинг қўлидаги акциялар нархини миясида ҳисоблаб чиқди, – бу фақат пакети учун бир юз йигирма мингни ташкил қилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали судья Китчен, Жозеф Зиммермен, сенатор Доновэнлар бор.
Каупервуд Пенсильвания сенатининг аъзосини кўзда тутаётганди.
– Хуллас, бу иш сизга арзонга тушмайди. Яна линияни давом эттириш учун ҳам қанча кетади. Менимча, бу анчагина зарар келтиради!
Каупервуд бу линияни ўзи хоҳлаётган Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги линия билан бирлаштириш қанчалик осон бўлиши мумкинлигини ўйлаб қолди ва бироз жим туриб, сўради:
– Жорж, айтинг-чи, нега ҳамма комбинацияларингизни Стробик, Уайкрофт ва Хармонлар орқали қиласиз? Ахир, бошқаларни қўшмасдан, иккаламиз шу ишни қила олмаймизми? Менимча бу иккаламиз учун ҳам жуда фойдали бўларди!
– Албатта, албатта!.. – ҳитоб қилди Стинер ва унинг думалоқ кўзлари суҳбатдошига ялинганнамо тикилганча қолди. Каупервуд унга ёқарди ва у доим Каупервуд билан фақат ишбилармон сифатида эмас, балки инсон сифатида ҳам яқинлашгиси келарди.
– Мен ҳам шуни ўйлай бошлагандим, Фрэнк. Бироқ уларнинг бу ишларда тажрибаси мендан ортиқроқ, ахир улар бу иш билан қачонлардан бери шуғулланишади. Мен эса ҳали унча яхши тушунмайман.
Каупервуд сиртида сездирмаса-да, ичида жилмайиб қўйди.
– Жорж, тупуринг уларга!.. – дўстона оҳангда гапида давом этди сўнг. – Иккаламиз биргаликда улардан кўп нарса биламиз ва бу ишни улардан яхшироқ уддалаймиз. Нима деяётганимни жуда яхши биламан. Ҳеч бўлмаганда, кўнка билан комбинацияни олинг. Уни иккаламиз Уайкрофт, Стробик ва Ҳармонлар билан бирга амалга оширгандан кўра яхшироқ уддалаган бўлардик. Улар жуда ҳам донишманд эмас. Пулни сиз беряпсиз, улар эмас. Уларнинг қиладиган иши фақат бутун ишни қонун чиқарувчи мажлис ва муниципалитетдан олиб ўтиш, холос. Бунинг устига, қонун чиқарувчи мажлисда улар бошқалардан кўра, масалан, мендан кўра ортиқроқ нарсага эришишмайди. Ҳаммаси Рэлихен билан келишувга боғлиқ, бунга эса маълум бир суммани ажратиш керак. Шаҳар кенгаши масаласига келсак, Филадельфияда бирорта ҳам Стробик у ерга кира олмайди.
Каупервуд бирорта йўлни назорат қилишни қўлга ололса, Батлер билан гаплашиб, уни ҳамкорликка кўндиришига умид қилаётганди. Бу нарса Стробикни ҳам, унинг “дум”ларини ҳам тинчитиб қўйган бўларди.
– Сизга Шимолий Пенсильвания билан боғлиқ режаларингизни ўзгартиришни таклиф қилмоқчи эмасман. Бу, эҳтимол, сизга ноқулай бўларди. Бироқ бошқа комбинациялар ҳам бор-ку! Балки келажакда иккаламиз бирорта ишни биргаликда қилармиз! Бу сиз учун жуда фойдали бўлади ва мен учун ҳам! Шаҳар заёмида биз яхшигина ишлаб олдик, буни рад қилмасангиз керак.
Иккаласи чиндан ҳам ёмон ишлашмаганди. “Китлар”га теккан улушни айтмаганда ҳам, Стинер янги уйи, ер участкалари, банкдаги ҳисоби, яхши костюмлари, ўзининг бутунлай ўзгарган дунёқараши билан Каупервуднинг шаҳар заёми сертификатлари билан амалга оширган муваффақиятли манипуляцияси учун унинг олдида қарздор эди. Биз тасвирлаётган вақтга келиб, ҳар бири икки юз минг доллар бўлган тўртта облигация сериялари чиқарилганди; Каупервуднинг бу облигациялари айланмаси уч миллионга етган, чунки у нарх-наводан келиб чиқиб, ошган ва пасайганини ҳисобга олиб, уларни гоҳ сотар, гоҳ сотиб оларди. Жорж Стинер эндиликда камида бир юз эллик минг долларлик бойликка эга эди.
– Бу ерда, шаҳарда, озгина куч сарф қилиб, жуда катта фойда келтириши мумкин бўлган битта линияни биламан, – ўйчан ҳолда давом этди Каупервуд. – У жуда қисқа ва Шимолий Пенсильвания линиясига ўхшаб, жуда кичкина ҳудудга хизмат қилади. Уни давом эттириш керак. Агар иккаламиз шу линияни ўзимизники қила олсак, уни Шимолия Пенсильвания ёки бошқа бир йўл бошқаруви билан қўшишимиз мумкин бўларди. Шу йўл билан идора ишлари, хизматчи ва бошқа харажатлардан анча маблағ тежаб қолган бўлардик. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, катта капитал айланмасида доим фойдали иш топиш мумкин.
Каупервуд жим бўлиб қолди ва келажак унга нималарни тайёрлаб қўйгани тўғрисида ўйлаб, ўзининг ажойиб жиҳозланган кабинети деразасидан ташқарига қарай бошлади. Бу дераза бинонинг аввал одамлар яшаган, ҳозир эса идораларга берилган ичкаридаги биносига қараганди. Ҳовлида нимжон майсалар кўкара бошлаганди. Уйнинг қизил девори ва эски ғиштли тўсиқ Нью-Маркет стритдаги бир пайтлар кубалик улгуржи савдогар бўлган Сенека тоғаси қора танли хизматкори билан келган уйларини ёдига соларди. Деразага қараб туриб, Каупервуд худди қаршисида тоғасини тирик кўраётгандек бўлди.
– У ҳолда, – хўракка алданиб жиддийлик билан деди Стинер, – иккаламиз шу линияга эга чиқсак-чи?! Маблағ томонидан, менимча, бу операцияга ёрдам бера оламан. Сизнингча, бизга қанча маблағ керак бўлади?
Каупервуд бу сафар ҳам сирли қилиб жилмайиб қўйди.
– Аниғини ҳозир айта олмайман, – бироз жим туриб, жавоб берди у. – Бу масалани яхшилаб ўрганиб чиқишим керак. Гап шундаки, шусиз ҳам шаҳар ғазнасидан чакана пул олмадим. Сизга маълумки, номимда шаҳар заёмлари операцияси учун берилган икки юз миллион доллар бор. Бундай комбинация учун яна икки юз минг ёки уч юз минг керак бўлади. Агар мана шу ҳолат бўлмаганда эди…
Каупервуд тушунарсиз бўлган биржа ваҳималари, мамлакатдаги умумий ҳолатга боғлиқ бўлмаган, балки америкаликларнинг табиатларидан келиб чиқиб Америка учун оддий нарса бўлган тушкун нарсалар ҳақида ўйлаб қолди.
– Шимолий Пенсильвания линияси билан боғлиқ ишлар тугаганда эди, – Каупервуд иягини ишқалади ва ипакдек олифта мўйловини силаб қўйди. – Мендан ортиқ ҳамма нарсани сўрайверманг, Жорж, – деди Каупервуд ҳамсуҳбати гап қайси линия ҳақида кетаётгани тўғрисида бош қотиришга тушганини кўриб. – Ва ҳеч кимга бир оғиз ҳам сўз айтиш йўқ! Аввал ҳаммасини ўзим текшириб кўраман, кейин иккаламиз гаплашамиз. Менимча, бу ҳақда сал кейинроқ, Шимолий Пенсильвания линияси билан боғлиқ ишларнинг ҳаммаси яхши тугагандан сўнг шуғуллансак, оқилона иш бўлади. Ҳозир ишим жуда кўп, шу сабаб бошқа иш қила олмайман. Ҳозирча жим турингчи, кейин кўрамиз!..
Каупервуд столи устига энгашаркан, Стинер ўрнидан турди.
– Фрэнк, ишни бошлаш керак, деган қарорга келишингиз билан мен сиз учун зарурий суммага кредит очаман!.. – хитоб қилди Стинер Каупервуд бу ишни бошлашга шошилмаётганини кўриб ҳайрон бўлганча.
Аслида эса бошқа фойдали комбинацияларда бўлганидек, бу ерда ҳам Стинернинг қўллаб-қувватлашига ишонса бўларди. Бу иқтидорли, уддабурон Каупервуд иккаловини бой қилса, нима бўларкан-а?
– Фақат сиз Стайерсни хабардор қилиб қўйинг: у сизга чек юборади. Стробик тезлик билан ҳаракат қилишимиз керак, деяпти.
– Жорж, бу иш билан албатта шуғулланаман, – Стинерни ишонтирди Каупервуд. – Ҳаммаси жойида бўлади. Менга бемалол ишонаверинг!..
Стинер шимини тўғрилаш учун семиз оёқларини силкитиб қўяр экан, Каупервудга қўлини узатди.
Стинер янги режа устида бош қотирганча кўчага чиқди. Гап бўлиши мумкин эмас: агар у Каупервуд билан тил топиша олса, унга бойлик оқиб келиши аниқ. Бу одам жуда омадли ва жуда ҳам эҳтиёткор. Унинг янги уйи, ажойиб идораси, ўсиб бораётган шуҳрати, жаноб Батлер ва бошқалар билан бирга ҳаётга татбиқ қилаётган айёрона комбинациялари – буларнинг бари Стинерда Каупервудга нисбатан катта ҳурмат уйғотаётганди. Кўнка темир йўлининг яна битта линияси! Улар бу линияни ҳам ва Шимолий Пенсильванияни ҳам эгаллашади! Агар бундан кейин ҳам шундай давом этаверса, Жорж Стинер ҳаётни суғурта қилиш ва кўчмас мулк сотиш бўйича бечора агент магнат, ҳа, ҳа, ҳақиқий магнатга айланади!..
Шу орзулар қанотида хаёли осмонларга учиб кетиб бораркан, у фуқаролик бурчи ва жамоат ахлоқи деган тушунчалар борлигини бутунлай унутганди!
22
Яқин бир ярим йил ичида Каупервуд Стинерга, Стробикка, Батлерга, Ван-Ностренд штати ғазначиси, Гаррисбергдаги “молиявий доиралар вакили” деб аталадиган кимса Рэлихенга ва бу жентелменлар дўстона алоқада бўлган турли банкларга кўплаб махфий хизматлар кўрсатди. Стинер, Стробик, Уайкрофт, Ҳармонлар учун ва ўзини ҳам унутмаган ҳолда у Шимолий Пенсильвания линияси билан боғлиқ ишни бажарди, шундан сўнг эса бу йўлга қарашли бутун акцияларнинг бешдан бир қисмига эга чиқди. Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалардаги кўнка линиялари акцияларини сотиб олиш ва шу билан бирга фонд биржасида акцияларнинг қизғин ўйинида қатнашиш учун Стинер билан ҳамкорликда иш бошлади.
1871 йилнинг ёзида, Каупервуд ўттиз тўрт ёшда эканлигида, унинг банкирлик идораси икки миллион долларга баҳоланиб (бундан деярли ярим миллиони унга тегишли эди) ва, афтидан, у тез кунлар ичида истаган америкалик бойга рақобатчи бўла олиши мумкин эди. Ғазначиси Стинер бўлган шаҳар беш юз минг доллар сумма билан унинг омонатчиси эди. Ғазначиси Ван-Ностренд бўлган штат икки юз минг доллардан ортиқ пулини унга ишониб қўйганди. Боуд кўнка темир йўл акцияларининг эллик минг долларли акциясини, Рэлихен ҳам худди шунча акцияни сотиб олганди. Сиёсатчиларнинг бир тўдаси ва уларнинг “дум”лари ўз пулларини Каупервудда сақлашарди.
Эдвард Мэлия Батлернинг банкда қимматли қоғозлар гарови эвазига очилган жорий ҳисоб варағи баъзида бир юз эллик мингга етарди. Каупервуднинг бошқа банклар олдидаги қарзлари унинг қандай қимматбаҳо нарсаси гаровдалигидан келиб чиқиб, етти юздан саккиз минг долларгача эди. Ҳар бир ипини синчковлик билан тўқиб, синовдан ўтказган кумушранг индаги ўргимчак сингари иш бўйича ажойиб алоқалар тўрининг марказида турган Каупервуд ҳам атрофида нима бўлаётганини зийраклик билан кузатиб турарди.
У бошқаларига нисбатан иштиёқ билан қилаётган иш – кўнка темир йўллари акцияси ва биринчи ўринда – назорати қўли остида бўлган Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалар линиясининг акцияларини манипуляция қилиш эди. Стинернинг Каупервуд банкирлик идорасида очилган аванс кредити орқасидан, айниқса, бу линиянинг акциялари паст баҳоланаётган пайтда у ҳамма акцияларнинг эллик бир фоизини ўзи ва Стинер учун сотиб олишга эришди ва энди бу йўлдан ўзи истаганча фойдаланиши мумкин эди.
Бунинг учун у кейинчалик молиявий доираларда “ўзига хос” дея номлашган усулни қўллашига тўғри келган, бироқ у акцияларни ўзи белгилаган баҳода сотиб олган эди. У аввалига ўз агентлари орқали гўёки унга тегишли фоизлар тўланмагани сабабли келиб чиққан зарарни қоплаш учун компанияга қарши қатор даъволар қўзғади.
Сохта одам қўлида унча катта бўлмаган акциялар пакети, компания ишлари бўйича васийлик тайинлаш кераккеракмаслигини аниқлаш учун тафтиш ўтказилишини сўраб судга илтимоснома, бу компания акцияларини курсдан уч, беш, етти ва ўнта пунктга паст нархда таклиф қилинаётган биржада бир вақтнинг ўзида ҳар томондан ҳужум уюштириш – бу ҳаракатларнинг ҳаммаси биргаликда қўрқиб кетган акционерларни ўз қоғозларини бозорга ташлашга мажбур қилди. Банклар кўнканинг бу линияси жуда хавфли иш, деган хулосага келишиб, компаниядан қарзларини ёпишни талаб қила бошлашди. Каупервуднинг отаси ишлайдиган банк ўз пайтида йўлнинг асосий акционерларидан бирига ссуда берган бўлиб, ҳозир у ҳам пулини қайтаришни талаб қилаётганди. Кейин эса (яна сохта шахслар орқали) йирик акционерлар билан мунозаралар бошланганди: уларга юзага келган шароитдан ўз акцияларини юзтасини қирқ доллардан сотиб чиқиб кета олиш имконияти берилармиш. Бу гаплар қаердан пайдо бўлаётганини билишнинг ҳеч қандай имкони йўқ ва бу гапларда ҳақиқатдан зарра нишон бўлмаса-да, улар йўл жуда ёмон аҳволда, деган фикрга келишганди. Яхшиси, ундан қутулиш керак!
Каупервуд билан Стинернинг пуллари тайёр эди ва улар акцияларнинг эллик бир фоизига эга бўлишди. Бироқ Каупервуд Шимолий Пенсильвания линиясини олишда ишлатган найрангини қўллаб, майда акционерлардан олиш мумкин бўлган ҳамма нарсани билдирмай сотиб олди, эллик бир фоизга тенг бўлган назорат пакети унинг қўлида қолди, яна йигирма беш фоизнинг эгаси эса Стинер эди. Каупервуд бундан роҳатланаётганди, чунки у энди ўзининг анчадан бери кўнглига тугган орзуси, яъни айнан шу линияни Шимолий Пенсильвания линияси билан қўшиб юбориб, ҳар бир эски линияга учта янги акция чиқариш, назорат пакетидан ташқари уларнинг ҳаммасини сотиш, қўлига тушган маблағ ёрдамида кўнка темир йўлининг бошқа компанияларига шерик бўлиб кириш, янги қўлга киритган қоғозларининг қийматини ошириб юбориш ва ниҳоят уларни ана шу ошган нархда сотиш имкониятини кўраётганди. Қисқача айтганда, Каупервуд кейинчалик Америка хўжалигининг яна бошқа муҳим тармоқларини эгаллаб олган ва шахсий бойлик орттириш ниятида уни бутунлай ўзига бўйсундирган илк учта жасур савдогарлардан бири эди.
Бир нечта линияни қўшиб юбориш масаласига келсак, Каупервуднинг режаси шундай: икки компаниянинг қўшилиб кетиши ҳақида овоза тарқатиш, қонун чиқарув чи органлардан линияларни давом эттиришга рухсат олишга ҳаракат қилиш, диққатни тортадиган реклама брошюраларини, кейинроқ эса йиллик ҳисоботларни ҳам чоп этиш ва натижада ўзининг кундан-кунга ортиб бораётган пул маблағлари имкон берадиган даражада фонд биржасидаги акцияларнинг нархини ошириб юбориш эди. Бу операциянинг қийинлиги шунда эдики, бундай катта партиядаги (ярим миллиондан ортиқ бўлган суммага) акция тарқатиш ва сотишга ёрдам берувчи имконият яратиш ҳамда яна ярим миллионлик акцияни ўзида қолдириш учун жуда катта капиталга эга бўлиш керак эди. Бундай ҳолларда биржада сохта талаб ва сохта савдони уюштиришнинг ўзи етарли эмас. Бундай сунъий ажиотаж одамларни чалғитиб акцияларнинг бир қисми сотилишига ёрдам берганда, уларни бутунлай сотиб бўлиш учун узоқ вақт курсни ушлаб туришга тўғри келади. Агар ушбу шароитда бўлганидек, Каупервуд беш мингта акцияни сотиб, беш мингтасини ўзига қолдирса, у сотган акцияларининг курсини маълум даражада ушлаб туриш учун бор кучини сарфлаши керак бўларди, акс ҳолда, қўлида қолган акциялар нархи ҳам тушиб кетиши муқаррар эди.
Мабодо доим қилинганидек, у акцияларини банкка гаровга қўйиб, улар учун олган пулларини бошқа ишга сарфлаганда, акцияларининг курси бирдан тушиб кетса, банк ўзининг қизиқишларини ҳимоя қилиб, яна қўшимча кафолат ёки қарздорликни бутунлай ёпишини талаб қилган бўларди. Бу эса унинг найранги ўтмагани ва ўзи банкрот ҳолатида, деган маънони билдирарди. Ҳозир Каупервуд курси тинмай тебраниб турган шаҳар заёми чиқиши муносабати билан ўта мураккаб кампанияни ўтказаётганди, бироқ айни шароитда бу тебранишлар унинг учун айни муддао, чунки охир-оқибатда у бундан бойиб оларди.
Енгил бўлмаган янги вазифа, қанчалик ўзига тортма син, икки баробар зийракликни талаб қиларди. Каупервуд акцияларни юқори курсда сотиб, шаҳар ғазначисидан олган қарзини қайтариши мумкин. Ўз акциялари Каупервуднинг олдиндан кўра била олиш хислати, ҳатто узоқ келажак ва усталик билан тузилган рисола ва ҳисоботлардан ҳам фойда чиқара олиш натижасида устига ёзиб қўйилган қиймат бўйича ёки ундан сал арзонроқ баҳоланади. Фрэнкнинг бошқа кўнка темир йўллари линиясига тикиши мумкин бўлган пуллари ҳам бўлади. Ҳатто вақти келиб у кўнка темир йўлларининг бутун тизими устидан раҳбарликни қўлга киритиши мумкин ва ўшанда у миллионер бўлади. Каупервуднинг узоқни кўра олиши ва ўта ақллилигидан дарак берувчи ҳийлаларидан бири шунда эдики, бор линияларни узайтириш ёки янги тармоқларни ўтказишда у ҳар сафар мустақил корхоналар яратарди. Айтайлик, узунлиги икки-уч мил бўлган линияга эгалик қила туриб ва уни яна ўша кўчанинг ўзида, яна шунча узоқликка чўзмоқчи бўлса, Каупервуд бу янги участкани бор акционерлик жамиятига бермас, балки бу қўшимча икки-уч миллик кўнка темир йўлини назорат қилувчи янги компания тузарди. Бу ишни у маълум бир суммага ҳисоблаб чиқиб, унга акция ва облигациялар чиқарар ва бу янги линияни ўтказишни бошлаб, тезроқ ишга тушириш имконини берарди. Бу ишни тугатиб у шўъба корхонани аввалги компанияга қўшиб юборар ва бу орада акция ҳамда облигацияларнинг янги серияларини чиқарарди. Ҳатто қўлида ишловчи укалари ҳам акасининг фаолияти қанчалик кенг кўламдалигини билмас ва унинг буйруқларини кўр-кўрона бажарарди. Жозеф баъзида Эдвардга: “Ҳмм! Фрэнк, ҳар ҳолда нима қилаётганини тушунса керак”, – деб қўярди.
Бошқа томондан эса Каупервуд ўзининг амалдаги барча мажбуриятлари вақтида ва ҳатто вақтидан илгари тўланаётганини диққат билан кузатиб борарди, чунки ҳаммага ўзининг тўлашга қодир эканлигини кўрсатиб қўйиш унинг учун муҳим эди. Дунёда яхши обрў ва мустаҳкам мавқедан қимматлироқ нарса йўқ. Унинг узоқни кўра билиши, эҳтиёткорлиги ва интизоми банкирлик уйлари раҳбарларига ёқар ва у чиндан соғлом фикрловчи ҳамда ўткир тадбиркор деган ном қозонганди.
Шунга қарамай, 1871 йил ёзига келиб, вазиятини жуда таҳликали деб бўлмаса-да, Каупервуднинг ресурслари майда-чуйда бўлиб кетганди. Ўзига доим йўлдош бўлган муваффақият таъсири остида у ўз молиявий ҳийлаларини яхши назорат қилмай қўйганди. Аста-секин ҳамма режалари амалга ошишига ишонган ҳолда Фрэнк отасини ҳам кўнка темир йўли билан қилинаётган найрангларда иштирок этишга кўндирди. Кекса Каупервуд Учинчи миллий банк маблағларидан фойдаланиб, қисман ўғлига пул бериб туриши ва дарҳол пул керак бўлиб қолганда унга кредит очиб бериши керак эди. Аввалига кекса Каупервуд бироз асабийлашди, бу таклифга шубҳа билан қаради, бироқ вақт ўтиб, бу унга фойдадан бошқа ҳеч нарса келтирмаганини кўриб, жасорати ошди ва ўзини дадилроқ тута бошлади.
– Фрэнк, – баъзида кўзойнаги устидан ўғлига қараб сўрарди у, – қуюшқондан чиқиб кетишдан қўрқмайсанми? Охирги пайтларда жуда катта қарз оляпсан.
– Агар ресурсларимни ҳисобга оладиган бўлса, отажон, аввалгидан кўп эмас. Йирик ишларни катта кредитсиз қилиб бўлмайди. Ўзингиз буни мендан яхши биласиз.
– Албатта шундай-ку, бироқ… Масалан Грин ва Коутс линияларини олайлик, кўзингга қара, ўша ерда ботиб қолма.
– Йўқ. Мен бу компаниянинг шароитлари билан жуда яхши танишман. Унинг акциялари эртами-кечми, кўтарилиши керак. Ўзим уларни кўтараман. Агар керак бўлса, бу йўлни ўз линияларим билан қўшиб юборишгача ҳам бораман.
Кекса Каупервуд ўғлига ажабланиб қараб қолди. Дунё дунё бўлиб ҳали бундай қўрқмас, дадил комбинаторни кўрмаган бўлса керак!
– Отажон, мендан хавотир олманг! Агар қўрқсангиз, яхшиси, олган қарзларимни тўлашимни талаб қилинг. Истаган банкир акцияларим ҳисобига менга қарз беради. Мен шунчаки фойда сизнинг банкингизга тушсин деётгандим.
Ҳенри Каупервуд кўнди. Бундай далилларга қарши у ўғлига ҳеч нима дея олмади. Унинг банки Фрэнкка анча кредит берди, бироқ бу миқдор бошқа банклардан кўпроқ эмас. Ўғлининг ишларига тиккан пуллар масаласида эса агар ноқулай вақт юзага келиб қолса, Фрэнк отасини олдиндан огоҳлантириб қўйишга ваъда берди. Фрэнкнинг укалари ҳам доим унинг айтганларини қилишар ва уларнинг қизиқишлари ҳам акалариники билан чамбарчас боғлиқ эди.
Кундан-кунга бойиб кетаётган Каупервуд тобора қулочини кенг ёзиб яшаётганди. Каупервуднинг санъатга ишқибозлигини эшитган Филадельфиянинг антиқа моллар билан савдо қиладиган сотувчилари унга тинмай мебель, гобеленлар, гиламлар, санъат асарлари ва расмлар – аввалига Америка, кейинроқ эса фақат чет эл усталарининг асарларини таклиф қилишарди. Унинг ўз уйида ҳам, отасининг уйида ҳам чиройли нарсалар ҳали етарли эмасди, бунинг устига, ҳали Ўнинчи кўчадаги уй ҳам бор бўлиб, йигит бу уйни ҳам иложи борича ясатишни хоҳлаётганди. Эйлин доим уйи ҳақида хоҳламайгина гапирарди. Чиройли нарсаларни яхши кўриш (ўзи балки буни тушунмас ҳам) қиз табиатининг ўзига хос бир томони эди. Уларнинг махфий учрашувлари ўтадиган жой файзли ва чиройли жиҳозланган бўлиши керак. Икковлари ҳам бунга ўзларини ҳақли ва муносиб деб ҳисоблашарди.
Шундай қилиб, бу уй аста-секин чиндан ҳам хазинага айлана бораётганди: баъзи хоналар ҳатто Фрэнкнинг уйидагидан ҳам бойроқ эди. У бу ерда ўрта аср черков руҳонийларининг ибодат вақтида киядиган либослари, гиламлар, гобеленларни йиға бошлади. Қирол Георг даврига хос – Италия уйғониш даври ва Людовик XIV услуби таъсири остида бироз ўзгартирилган Чеппендейл, Шератон, Хеплуайт жиҳозларини сотиб олди. У чинни, ҳайкаллар, грекча вазалар, фил суягидан қилинган япон ўймакорлигининг ажойиб коллекциялари билан танишди. Санъат асарларини олиб келишга ихтисослашган “Кейбл ва Грей” фирмаси эгасининг ёш шериги Флетчер Грей бир куни ХV асрга оид гобеленни таклиф қилиш учун Каупервудникига келди. Антиқа нарсаларнинг ҳақиқий ишқибози бўлган бу йигит ўзининг гўзал нарсаларга бўлган қизғин муҳаббатини Каупервудга ҳам юқтириб кета олди.
– Ҳаворанг чиннининг аниқ бир рангинигина яратиш учун элликта даврни санаб ўтишади, жаноб Каупервуд!.. – деди Грей. – Биз гиламларнинг камида еттита мактаби ва даври – форс гиламлари, армани гиламлар, араб, фламанд, замонавий поляк, венгер гиламлари ва бошқаларни биламиз. Бир куни келиб бу иш билан қизиқиб қолсангиз, сизга маълум бир давр учун характерли бўлган ёки ҳамма даврларга доир бўлган бутун гиламлар тўпламини сотиб олишни маслаҳат берган бўлардим. Улар қандай ажойиб! Баъзи коллекцияларни ўз кўзим билан кўрганман, бошқалари ҳақида эса фақат ўқиганман.
– Мени ўз ҳою ҳавасларингизга эргаштириш сиз учун қийин бўлмайди, – деди Каупервуд. – Сиз ёки санъат бир куни мени хонавайрон қилсангиз керак. Ўзи табиатан санъатга беэътибор эмасман, сиз Элсуорт ва Гордон Стрейк билан (Каупервуд рассомлик санъати жону дили бўлган таниш йигитни кўзда тутаётганди) мени адо қиласизлар. Стрейкнинг хаёлига ажойиб фикр келиб қолибди. У менга вақт ўтказмай, ҳар хил мактаб ва даврларга оид бўлган санъат асарларини йиғишни таклиф қиляпти. Унинг ишонтириб айтишича, таниқли рассомлар асарларининг баҳоси вақт ўтиши билан ортиб бораркан ва ҳозир бир неча юз мингга сотиб олган буюмларим келажакда мил лионларга баҳоланаркан. Бироқ у менга америкалик рассомлар билан шуғулланмасликни маслаҳат беряпти.
– Рақобатчимни мақташ манфаатимга зид бўлса-да, у тўғри айтибди!.. – хитоб қилди Грей. – Бироқ бу ғояни амалга ошириш учун жуда катта пул керак.
– Жуда ҳам катта эмас. Ва бу ҳар ҳолда бирданига қилинмайди. Бундай нарсани амалга ошириш учун йиллар керак бўлади. Стрейкнинг айтишича, ҳозир ҳам турли мактабга доир санъат асарларини тўплаш ва кейинчалик уларни яхшироғи чиқиб қолса, алмаштиришнинг имкони бор экан.
Сиртдан хотиржам кўринишига қарамай, Каупервуднинг кўнгли доим ниманидир изларди. Аввалига унинг ягона интилиши бойлик ва аёл гўзаллиги эди. Энди эса у санъатни севиб қолди ва бу нарса осмондаги тонгнинг биринчи нурлари каби ажойиб эди. У аёл гўзаллиги ҳаётда энг бебаҳо нарсалар билан қуршалган бўлиши кераклигини ва ҳақиқий гўзаллик учун муносиб ягона фон – ҳақиқий санъат эканини тушуна бошлаганди. Бу қиз, ҳали жуда ёш ва гўзаллик уфуриб турган Эйлин Батлер илгари унга бу даражада хос бўлмаган гўзалликка интилишни уйғотганди. Инсон табиатининг ўзаро таъсири натижасида пайдо бўладиган энг нозик реакцияларни аниқлашнинг иложи йўқ, чунки ҳайратланаётган нарсамизнинг бизга қай даражада таъсир қилишини ҳеч ким билмайди. Каупервуд билан Эйлин ўртасида пайдо бўлган севги – бир стакан тоза сувдаги ёрқин бўёқ томчиси ёки, тўғрироғи, мураккаб кимёвий бирикмага киритилган номаълум кимёвий нарсадир.
Қисқача айтганда, ёш бўлишига қарамай, Эйлин Батлернинг шахсияти кучли эди. Унинг деярли ўйламасдан қиладиган шуҳратпарастлиги эса ўзича оиласининг доим бир хил тусдаги муҳитига нисбатан исёни эди, холос. Бир нарсани ёддан чиқармаслик керакки, Батлерларнинг оиласида туғилиб, у бир вақтнинг ўзида ҳам улар сингари ҳаётга мешчанларча муносабат билдирувчи ҳам айни дамда шу муҳит қурбони эди. Энди эса Каупервуд билан муносабатлари туфайли у илгари ўзи ҳатто тушида ҳам кўрмагани – бойлик ва жамиятдаги юқори мавқенинг инсонга берадиган афзалликларини тушуниб олганди. Масалан, у Фрэнк Каупервуднинг хотини бўлгандан сўнг юқори доираларда эришадиган муваффақиятлари ҳақидаги орзулар оғушида маст эди! Учрашувлари давомида қизга тобора яққол кўринаётган Фрэнкнинг ўта ақллилиги, йигитнинг аниқ фикрлари ва ўгитларини эшитиб, унинг идрокидан борган сари ҳайрати ошаётгани-чи! Унинг молиявий фаолият, жамиятдаги ўрни, санъат ҳақидаги орзу ва режалари қандай буюк! Асосийси, асосийси эса – қиз унга, у эса Эйлинга тегишли! Шундай дақиқалар бўлардики, ҳайрат ва бахтдан қизнинг боши айланиб кетарди.
Шу билан бирга, айни пайтда Филадельфияда унинг отасини собиқ чиқинди ташувчи ( отасининг эски танишлари “гўнг қўнғизи” деб лақаб қўйишганди) эканини эслашлари, уйидаги дидсизликка қарши бефойда уринишлари, ўзининг юқори поғонадаги кимсаларнинг уйларига кириш ҳуқуқи йўқлиги – буларнинг ҳаммаси қизнинг навқирон қалбида ота уйидаги муҳитга нисбатан нафрат ҳиссини уйғотарди. Уйидаги ҳаётни Каупервудларнинг хонадонидаги ҳаёт билан солиштириб бўлмайди. У отасини яхши кўради, бироқ отаси қанчалар қолоқ! Ва мана шу ажойиб инсон, севгилиси уни севишни ўзига эп кўрди, у шунчалар илтифотлики, ҳатто уни ўзининг келажакдаги хотини сифатида кўряпти! Худойим, фақат шу нарса рўёбга чиқса эди!
Қиз аввалига Каупервудлар орқали жамиятда ўзидан юқори турувчи олий табақадаги ёшлар, айниқса, йигитлар билан танишишни орзу қилаётганди – назарида гўзаллиги ва бой меросхўр эканлиги уларни қизиқтириши керак эди. Бироқ бу ишончи ўзини оқламади. Каупервудларнинг ўзлари ҳам Фрэнкнинг иқтидори ва ўсиб бораётган бойлигига қарамай, ҳали юқори табақадагилар даражасига етишмаганди. Аслида, уларга олдиндан кўрсатилаётган эътиборни айтмаса, улар бундан ҳали анча йироқ эдилар.
Шунга қарамай, Эйлин Каупервуднинг ҳозирги шароитдан чиқадиган йўлни топа олиши ва у учун буюк келажак яратишини ичидан ҳис қилиб турарди. Бу одам ҳали ўзи ҳам кўзи етмаётган поғоналарга эришади, қизнинг бунга ишончи комил. Унда – ноаниқ бўлса-да, Эйлин ўйлаётганидан ҳам кўп нарса ваъда қилаётган яширин бир куч бор.
Қиз бойликка, жиҳозларга, жамиятдаги юқори ўринга зўр иштиёқ билан орзуманд эди. Майли, агар йигит унга тегишли бўлса, буларнинг ҳаммасига, албатта, етишади. Тўғри, олдиларида бир қарашда ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар турибди, бироқ улар икковлари ҳам мақсад сари интилувчан одамлар. Улар ўрмонзордаги икки қоплон каби бир-бирини топишганди. Қизнинг ҳали етилмаган, ярми шаклланган ва ярми ифодаланган фикрлари ўз кучи жиҳатидан йигитнинг жасур интилишларидан кам эмасди.
– Назаримда, отам шунчаки яшашни билмайди, – деди бир куни қиз Фрэнкка. – Бу унинг айби эмас. Отамнинг ўзи ҳам буни тушунади, шунингдек, ўз ҳаётимни қура олишимни ҳам тушунади. Неча йилдан бери уни ўша эски уйимиздан суғуриб олишга ҳаракат қиламан! Кўчиб кетишимиз кераклигини у жуда яхши тушунади. Бироқ,бундан ҳам ҳеч қандай иш чиқмайди.
Қиз жим бўлиб қолди ва жасур ва ўткир нигоҳи билан Фрэнкка тик қаради. Фрэнк қизнинг аниқ, силлиқ ва нуқсонсиз чиройини севарди.
– Хафа бўлма, миттивойим, – деб жавоб берди у. – Вақти келиб ҳаммаси яхши бўлади. Ҳозир бу чигалликдан қандай чиқишни билмаяпман, бироқ, назаримда, Лилианга очиғини айтишим керакка ўхшаяпти. Кейин келгуси режаларни ўйлаб кўраман. Шундай йўл тутишим керакки, болаларим бундан азият чекишлари керак эмас. Уларни етарлича таъминлаб қўйишга имкониятим бор ва Лилиан мени тинчгина қўйиб юборса, ажабланмайман. У ҳар хил ғийбат ва гап-сўзлардан қочади, бунга деярли ишончим комил.
Фрэнк бу нарсаларга амалий жиҳатдан ва эркак сифатидагина ёндашаётган бўлиб, ўз ҳисоб-китобини Лилианнинг болаларга бўлган меҳри устига қураётганди.
Эйлин йигитга савол назари билан қаради. Яқин одамининг ғамини маълум бир даражада ҳис эта билиш унга ҳам хос эди, бироқ айни пайтда у ҳар қандай ҳиссиётни ортиқча деб билаётганди. Лилиан ҳеч қачон унга дўстона муносабатда бўлмаган, уларнинг ҳаётий қарашлари буткул фарқли эди. Каупервуд хоним қизнинг бунча ўзини осмонда тутишини тушунмас, Эйлин эса Лилиан Каупервуднинг шунчалик танноз ва ланжлигини ҳазм қила олмасди. Ҳаёт от миниш, экипажда сайр қилиш, рақс тушиш, ўйин-кулги қилиш учун берилган. Ва яна олифтагарчилик, бировнинг жиғига тегиш, ноз-карашма қилиш учун берилган! Бу аёлга қараш бирам ёқимсиз: Каупервуд каби шундай ёш, ажойиб инсоннинг хотини – эридан беш ёш катта ва иккита боланинг онаси бўлгани майли, ўзини шундай тутадики, гўё энди унинг учун романтика ҳам, завқланиш-у, ҳаёт қувончлари ҳам йўқдек! Албатта, Лилиан Фрэнкнинг тенги эмас. Унга Эйлин каби ёш хотин керак ва ҳаёт уларни бирлаштириши лозим. О, ўшанда улар жуда бахтли яшай бошлайдилар!
– Эҳ, Фрэнк, ҳаммаси жой-жойига тушса эди!.. – туриб-туриб хитоб қиларди қиз. – Нима деб ўйлайсан: умид қилсак бўладими ёки йўқ?
– Умид қилсак бўладими? Бўлмаса-чи! Фақат бунинг учун вақт керак. Агар Лилианга бор гапни айтиб берсам, ўзи ҳам у билан қолишимни хоҳламайди. Фақат, менга қара, жуда эҳтиёт бўл! Агар отанг ёки акаларинг билиб қолишса, шаҳарда катта жанжал, балки ундан ҳам баттарроқ нарса бўлади. Улар мени ўша заҳоти ўлдиришади ёки бутунлай хонавайрон қилишади. Очиғини айт, ўзинг ҳамма нарсани тарозига солиб кўряпсанми?
– Бир дақиқа ҳам буни ёдимдан чиқарганим йўқ. Агар нимадир содир бўлса, мен ҳамма нарсани рад қиламан. Улар ҳеч нарсани исбот қила олишмайди. Эртами-кечми, барибир бир куни келиб сеники бўламан!
Бу суҳбат Ўнинчи кўчадаги уйда бўлиб ўтаётганди. Мажнундек севиб қолган Эйлин Фрэнкнинг юзини эркалаб силади.
– Севгилим, сен учун ҳамма нарсага тайёрман, – деди у. – Ҳатто ўлимга ҳам розиман! Сени шундай севаманки!..
– Ўзимнинг жоним, бўлди, бўлди, бу сенга хавф солмайди. Ўлишингга тўғри келмайди. Фақат эҳтиёт бўлгин…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.