Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Отаси кетиш учун ўрнидан турди. Тушкунлик кайфияти худди безгак каби унинг бутун баданини тешиб ўтаётган эди.

– Хўш, хўш, – секин пичирлади у.

Каупервуд отасини кўриб азобланиб кетаётганди. Қандай шармандалик! Унинг отаси-я!.. Фрэнк ич-ичидан юраги тўлиб кетаётганини ҳис қилди, бироқ бир дақиқа ўтибоқ ўзини босиб олди ва одатдагидек тез ва аниқлик билан ишлари ҳақида ўйлай бошлади. Отаси чиқиб кетиши билан Каупервуд Харпер Стежерни чақиришларини сўради. Улар қўл беришиб кўришгач, шу заҳоти Стинернинг олдига қараб жўнашди. Бироқ Стинер худди ҳавоси чиқиб кетган шар каби бўшашиб қолган, уни ўзига келтиришнинг иложи йўқ эди. Каупервуд ва Стежер ҳеч нарсага эришолмай, қайтиб кетишди.

– Фрэнк, менимча ғам чекишингизга ҳали эрта, – деди Стежер. – Биз қонун асосида бу ишни сайловгача, балки ундан ҳам узоқроққача чўзиб турамиз, бу пайтда эса ҳамма шов-шувлар тинчийди. Шунда сиз кредиторларингизни йиғиб, уларнинг ақлини киргизиб қўйишга ҳаракат қиласиз. Улар Стинер қамоққа тушиб қолган тақдирда ҳам, ўзларининг қимматбаҳо қоғозларидан айрилишни исташмайди.

Стежер Каупервуд гаровга қўйган олтмиш минг долларлик облигациялардан бехабар эди. У яна Эйлин Батлер ва қизнинг отаси қаттиқ ғазаблангани ҳақида ҳам ҳеч нима билмасди.

30

Шу вақт орасида яна бир воқеа бўлиб ўтдики, Каупервуд бундан хабарсиз қолди. Почтальон жаноб Батлерга қизи ҳақидаги аноним хатни олиб келган куни Каупервуд хоним ҳам худди шу мактуб нусхасини олган, бироқ унда негадир Эйлиннинг номи қайд этилмаганди.

“Афтидан, эрингиз бошқа аёл билан юриши сизга номаълум бўлса керак. Агар ишонмасангиз, Ўнинчи кўчадаги 931-уйни кузатинг”.

Душанба куни эрталаб Каупервуд хоним гулзорда гулларга сув қуйиб юрганида, ходима аёл унга хат келтириб берди. Ўша куни эрталаб Лилианнинг кайфияти жуда яхши, чунки тунда бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабари йўқ эди. Илгари ҳам баъзи-баъзида Фрэнк молиявий бўҳронларга дуч келган, бироқ улар ҳеч қандай зарарсиз ўтиб кетарди.

– Энни, хатни кутубхонага стол устига қўйинг. Кейин ўқийман.

Лилиан бу қандайдир кечага таклифнома бўлса керак, деб ўйлаётганди. Бир неча дақиқадан сўнг у шошилмай – у шошилишни ҳам билмасди – гулчелакни жойига қўйиб, кутубхонага қараб йўналди. Хат баҳайбат столнинг безакларидан бири бўлган яшил чарм тагликнинг устида ётарди. Лилиан конвертни қўлига олиб, қизиқиб кўздан кечирди (у арзон қоғоз эди) ва хатни очди. Ўқиб кўргач, бироз ранги оқариб, қўллари салгина титради. Эҳтирос билан севишга қодир бўлмагани каби унинг қалбига каттиқ изтироб чекиш ҳам бегона эди.

Аёл ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилди, сўнг ҳайратга тушди, асосийси, қўрқиб кетганди, бироқ ўзини йўқотиб қўймади.

Каупервуд билан ўн уч йиллик ҳаёт уни кўп нарсага ўргатганди. У эрининг худбинлигини, фақат ўзини ўйлашини ва уни илгаригидек севмаслигини ҳам яхши тушунарди. Унинг бир пайтларги ёшлари орасидаги фарқдан хавфсираши ўзини оқлади. Маълум бир вақтлардан бери Фрэнк уни илгаригидек севмас ва аёл буни доим ҳис қилиб турарди. Бунинг сабаби нима экан, деб баъзан ўзўзидан сўрарди Лилиан ва бу савол кўпинча бунинг сабаби ким экан деган маънода жарангларди. Балки, иш эрини шу қадар домига тортиб, у бутунлай молиявий ишларига шўнғиб кетгандир…

Бу хат Лилианнинг ҳукмронлиги тугади деган маънони билдирадими? Фрэнк уни ташлаб кетиши мумкинми? У қаерга боради? Нима қилади? У, албатта, ёрдамга муҳтож эмас, чунки ўзининг маблағи бор ва уни Фрэнкка ишониб топшириб қўйган. Бироқ бу бошқа аёл ким? Ёшми, чиройлими, унинг жамиятдаги ўрни қанақа? Наҳотки бу… Каупервуд хонимнинг нафаси қайтиб кетгудек бўлди: наҳотки… Лилиан ўзи ҳам сезмай оғзини очганча қолди: наҳотки бу Эйлин Батлер бўлса?..

Лилиан мактубга тикилганча хаёлига келган бу фикрни нари ҳайдай бошлади. Эйлин ва Каупервуднинг ҳар қанча эҳтиёткорлигига қарамай, уларнинг бир-бирига интилаётганини у кўп марта сезганди. Каупервуд Эйлинни ёқтирар ва доим уни ҳимоя қиларди. Лилианнинг ўзи ҳам кўп марта уларнинг табиатан бир-бирига ўхшашига ҳайрон қолганди. Фрэнк ёшларни яхши кўрарди. Бироқ Эйлин жамият поғонасида ундан анча пастда туради, бунинг устига, Фрэнк уйланган ва иккита фарзанди бор… Унинг жамиятдаги ҳамда молиявий дунёдаги ўрни мустаҳкам ва обрўли, бу эса анча жиддий нарса. Шунга қарамай, Каупервуд хоним ўйланиб қолди: қирқ ёш, икки бола, кўз остида ажинлар ва сени илгаригидек севишмайди деган фикр ҳар қандай, ҳатто бой ва мустақил аёлларни ҳам ўйлашга мажбур қилиб қўяди. У, албатта, Каупервудни ташлаб кетиши мумкин, бироқ қаёққа? Одамлар нима дейди? Болалар нима бўлади? Лилиан эрини ноқонуний алоқада қўлга тушира оладими? Ўзи буни хоҳлайдими?

Айни пайтда аёл тушундики, у Фрэнкни ҳеч қачон худди бошқа аёллар эрини севганчалик севмаган. Унинг ҳислари севги эмасди. Бутун шу йиллар давомида у эрини ўз ҳаётининг ажралмас қисми деб билган ва эри ҳам ўз навбатида, вафодор бўлиш даражасида унга боғланган ёки жуда бўлмаганда, ишлари билан шунчалик бандки, мана бу хатда ёзилгандек, ҳеч қандай ифлос алоқалар уни руҳий барқарорликдан чиқара олмайди, фаолиятига таъсир қилмайди деб ҳисобларди. Афтидан, у янглишган, шекилли. Энди нима қилади? Нима дейди? Нима қилиши керак? Жуда ҳам ўткир бўлмаган зеҳни шундай вазиятда унга ёрдамга келай демасди. У на келажак ҳақида ўйлай олар ва на кураша оларди.

Ўртамиёна ақл энг яхши ҳолатда оддий механизмни эслатади. Унинг функциялари устрицалар, тўғрироғи, моллюскаларнинг функцияларига ўхшайди. Ўзининг фикрловчи сифон аппаратчаси ёрдамида у борлиқ ва шароитларнинг буюк уммонига дуч келади. Бироқ бу аппаратча шунчалик кам сувни ютади, уни шунчалик кам ҳайдайдики, унинг иши чексиз ҳаёт деб аталмиш сувли кенгликда акс этмайди. Бундай ақл борлиқнинг қарама-қаршиликларини сезмайди. Ҳаётий бўрон ва ожизликларнинг жаранги, мабодо тасодифан бўлиб қолмаса, уларга етиб бормайди. Тинчгина ўтаётган умр давомида бирдан қўпол ва ўйлашга мажбур қиладиган факт (айни ҳолда юқоридаги хат!) содир бўлиб қоладиган бўлса, у ҳолда бундай ақлда азобли кечинмалар бошланади, унинг ишлаб турган ритми бузилади. Сифон аппарати кераклича ишламай қўяди. У қўрқув ва азобни ўзига торта бошлайди. Яхши бириктирилмаган қисмлари худди ифлосланган машинадек қисирлайди ва ҳаёт ёки сўнади ёки зўрға давом этади.

Каупервуд хонимнинг ақли ўртамиёна эди. Аслида, у ҳаётни умуман билмас ва ҳаёт ҳам уни ҳеч нарсага ўргатмаганди. Унинг ақли атрофда бўлаётган ҳодисаларни қабул қилмасди. У Эйлин Батлердан фарқли ўлароқ, ҳаёт уфуриб турадиган жўшқинликдан умуман мосуво эди, аммо ўзини худди у каби ҳисобларди. Бироқ бу нотўғри эди. Лилиан осойишталикнинг қадрига етадиганларнинг наздида ажойиб аёл эди. Бошқа турдаги одамлар учун эса унинг ҳеч қандай жозибаси йўқ эди. У на одамни ўзига тортар, на кучли эди. Фрэнк Каупервуд никоҳининг биринчи кунлариданоқ, нега ўзи бунга уйландим, деб бекорга ўз-ўзини сўроққа тутмаганди. Ҳозир у ўзига бундай саволлар бермас, чунки ўзининг ўтмишдаги хатолари ва омадсизликларини кавлаштиришнинг ҳожати йўқ деб ҳисобларди. Унинг фикрича, бирон масалада пушаймон бўлиш бемаънилик эди. У фақат олдинга қарар ва келажак ҳақида ўйларди.

Нима бўлганда ҳам, Каупервуд хоним айни пайтда чуқур қайғуга ботди. У ғамгин ўйлар қуршовида ҳамма ёқни мақсадсиз кезиб чиқаётганди. Хатда унга Каупервуднинг хиёнатини ўз кўзи билан кўриш учун ўша уйга бориш маслаҳат берилганди, бироқ аёл шошмай туришга қарор қилди. Агар бундай қиладиган бўлса, 931– уйни қандай кузатиш кераклигини ўйлаб кўриши керак. Фрэнк бундан ҳеч қанақасига хабардор бўлиб қолиши мумкин эмас. Агар бу Эйлин Батлер бўладиган бўлса (аслида у бўлмаса керак), унинг ота-онасига хабар бериш керак. Бироқ бошқа томондан, бу ўзини кулгига қўйиш бўлган бўларди.

Лилиан иложи борича тушлик пайти ўзининг ичида кечаётганларни ташқаридагиларга сездирмасликка ҳаракат қилди, бироқ Каупервуд тушликка келмади. У шунчалик банд бўлиб, вақтини ҳар хил одамлар, отаси ва бошқа ишбилармонлар билан суҳбатлашиб ўтказаётгани боис Лилиан уни душанба ва кейинги кунлар ҳам кўрмади.

Сешанба куни соат икки яримда Каупервуд ўзининг ҳамма кредиторларини чақириб, соат беш яримда у ишларини васийликка топширишига келишилди. Бироқ ҳатто шу пайтда ҳам, асосий кредиторлари (улар ўттизтача одам эди) билан юзма-юз турганда ҳам, унга ҳеч қандай фалокат юз бермагандек туюлган, буларнинг бари вақтинчалик қийинчиликлардек эди. Тўғри, ҳозирги манзара жуда қайғули эди. Унинг шаҳар ғазначилигидан қарзи масаласи катта шов-шувга сабаб бўлади. Агар Стинер индамасликни афзал кўрмаса, у гаровга қўйган шаҳар заёми облигациялари ҳам ундан кам овоза бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, Каупервуд барибир ўзини куни битган одам деб ҳисобламаётганди.

– Жентльменлар, – деди у доимгидан ҳам аниқроқ, ишончлироқ бўлган нутқини тугатаётиб, – ишлар қандайлигини энди ўзингиз кўриб турибсиз. Бу қоғозлар ҳозир ҳам аввалгидан арзон эмас, чунки улар ўзи тимсоли бўлган моддий аҳамиятини йўқотмаган. Агар менга ўн беш ёки йигирма кун вақт берсангиз, шубҳасиз, ўз ишларимни тартибга келтира олган бўлардим. Ва аслида бу ишни қила оладиган ёлғиз одамман, чунки биржадаги аҳвол менга маълум. Биржа яқинда жойига тушади. Фақат бу эмас, балки биржа ишида кутилмаган кўтарилишлар бўлади. Менга фақат вақт керак. Ҳозирги шароитда вақт – ҳамма нарса. Ҳозир илтимос қилаётганим шуки, менга ўн беш кун ёки йигирма кун, агар мумкин деб топсангиз, бир ой муҳлат беришингизга умид қилсам бўладими? Менга керак бўлаётгани – ана шу вақт.

Каупервуд пардалар атай тушириб қўйилган хонадан чиқиб, кредиторлар бемалол муҳокама қилиб олишлари учун хонасига кириб, эшикни қулфлади.

Бу одамлар орасида унинг учун туриб беришга тайёр дўстлари ҳам бор эди. Каупервуд бир соат, икки, уч соат кутди, улар ҳамон муҳокама қилишарди. Ниҳоят унинг олдига Уолтер Ли, судья Китчен, “Жей Кук энд Компани” фирмасининг вакили Эвери Стоун ва яна бир нечта одам кириб келишди. Бу ишлар қандайлигини тўлиқ ҳал қилиш учун тузилган қўмита эди.

– Фрэнк, бугун энди ҳеч нарсани ҳал қилишнинг иложи йўқ, – вазминлик билан деди Уолтер Ли. – Кўпчилик ҳисоб-китоб тафтишини талаб қиляпти. Шаҳар ғазначиси билан бўлган бу ишларда нималардир ноаниқ қоляпти. Афтидан, нима бўлганда ҳам, сиз вақтинча ўзингизни тўловга қодир эмас деб эълон қилишингизга тўғри келади; кейинчалик ўз ишингизни давом эттириш учун сизга имконият берилиши эҳтимолдан холи эмас.

– Жентльменлар, жуда ҳам афсусдаман, – ўзини тутиб жавоб берди Каупервуд. –Менга қолса, қандай қилиб бўлса-да, тўловларни бир соатга ҳам тўхтатмасликни афзал кўрардим, чунки бу нимани англатиши менга маълум. Агар менга тегишли бўлган қимматбаҳо қоғозларни уларнинг ҳозирги пайтдаги бозор нархи билан кўриб чиқадиган бўлсангиз, менинг активим пассивдан кўра кўпроқлигига амин бўласиз. Бироқ бундан нима фойда? Агар идорамнинг эшиги ёпиқ бўлса, менга ишонмай қўйишади. Мен ишимни давом эттиришим керак эди.

– Фрэнк, дўстим, – унинг қўлини дўстона сиқиб деди Уолтер Ли, – мен ўзим сизга қанча керак бўлса, шунча вақт берардим. Бироқ бу қари тентаклар қалбларига қулоқ солгилари келмаяпти. Улар ваҳимадан ўлгудек қўрқиб кетишяпти. Афтидан, уларнинг ўзлари ҳам қийин аҳволда, шунинг учун уларни ҳам айблаш керак эмас. Сизнинг яна оёққа туриб олишингизга шубҳа қилмаяпман, тўғри, ишингизни ҳозир тўхтатмай турсангиз яхши бўларди. Бироқ бу жаноблар билан ҳеч нарса қилишнинг иложи йўқ. Жин урсин, бу ерда банкрот бўлиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ўн кунлардан кейин қоғозларингизнинг нархи яна кўтарилиб кетади.

Судья Китчен ҳам Каупервудга ҳамдардлик билдирди. Бироқ бундан унга енгиллик бермади. Уни ишини ёпишга мажбур қилишаётганди. Идора китобларини текшириш учун эксперт-бухгалтер таклиф қилишга келишиб олинди. Бироқ бу вақт орасида Батлер шаҳар ғазначилиги билан можарони ҳаммага ошкор қилиши, Стинер эса унинг шаҳар заёми облигациясини сотиб олиш билан боғлиқ охирги операцияси ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин.

Каупервудга фойдалари тегишини истаётган олтита дўсти у билан эрталаб соат тўртгача қолиб кетишди, бироқ у барибир идорасини ёпишига тўғри келди. Бу ишни қилгач, Каупервуд ўзининг бойлик ва машҳурлик тўғрисидаги орзуларига зарба етгани ва бу, эҳтимол, тўлиқ ютқазиш бўлиши мумкинлигини ўйлади.

Ниҳоят, ўз ётоқхонасида ёлғиз қолгач, у кўзгуда ўзига қаради. Унинг юзи оқариб кетган ва ҳорғин, бироқ аввалгидек кучли ва мардонавор эди. “Жин урсин! – хаёлан деди у. – Уларнинг менга кучи етмайди! Мен ҳали ёшман! Бу вазиятдан чиқиб кетаман! Албатта, чиқиб кетаман. Йўлини топаман!”

Оғир ўйларга толганча худди хоҳламаётгандек, у секин ечина бошлади. Сўнгра каравотга чўзилди ва бир неча дақиқа ўтиб, бундай вазият учун қанчалар ғалати бўлмасин – у қотиб ухлаб қолди. Унинг табиати шундай эди: отаси ухлай олмай безовталанганча хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келаётганда у бемалол ухлаб ётган бўларди. Кекса Каупервудга ҳамма нарса қора рангда кўринаётган, келажак бутунлай умидсизликка тўла эди. Ўғлида эса озгина бўлса ҳам умид бор эди.

Лилиан Каупервуд эса айни шу пайтда ўз ётоғида бошига тушган қайғудан нима қилишни билмай тўлғаниб ётарди. Отаси, эри, Анна ва қайнонасининг узуқюлуқ гапларидан у Фрэнкнинг банкрот бўлиш остонасида эканини тушунганди. Аниғини ҳали ҳеч ким билмасди. Тушунтириб бериш учун эса Фрэнк ҳаддан ташқари банд эди. Ҳаммасига Чикагодаги ёнғин айбдор эди. Шаҳар ғазначилиги билан боғлиқ муаммо эса ҳали тилга олинмаётганди. Фрэнк қопқонга тушиб қолган ва энди қутулиш учун бор кучи билан курашаётганди.

Шу оғир дақиқаларда Каупервуд хоним эрининг хиёнат қилгани ҳақидаги хатни вақтинча унутди, тўғрироғи, у ҳақда ўйламай қўйди. У қўрқиб кетган, саросимада эди. Унинг кичкина ажойиб дунёси енгилгандек эди. Ҳаёт уларнинг чиройли ошиёнини у ёқдан-бу ёққа ирғитаётгандек эди. Назарида Лилиан ўринга ётиб, ухлаши керакдек туюлди, бироқ кўзлари катта очиқ ва ўйхаёллардан боши оғриб кетганди. Бир неча соат бурун Фрэнк уни қатъият билан хавотир олмасликка ундаб, хотини барибир ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтган ва Лилиан нима қилишни билмай чиқиб кетганди: унинг бурчи қандай, у нима қилиши керак? Қабул қилинган одоб қоидалари унга эрининг олдида қолишни буюрарди. Ва у шундай қилишга қарор қилди. Дин ҳам, ўрганган одатлари ҳам шуни тақозо этарди. Болалар ҳақида ўйлаш керак. Уларнинг ҳеч айби йўқ. Агар ҳали иложи бўлса, Фрэнкни ортга қайтариши керак. Бу ўтиб кетади. Бироқ… қандай оғир зарба!

31

Фонд биржаси ва умуман Филадельфияда “Фрэнк Каупервуд энд Компани”нинг ўз қарзларини тўлай олмаслиги тўғрисидаги хабар катта шов-шув кўтарди. Бу жуда кутилмаган ҳодиса бўлиб, гап жуда катта сумма устида кетаётганди. Каупервуд ҳаммаси бўлиб бир миллион икки юз эллик минг доллар қарз бўлган, унинг активлари эса зўрға етти юз эллик мингга етарди. Каупервуднинг балансини тузиш учун жуда кўп меҳнат сарфланганди; бу баланс расман эълон қилинганда акцияларнинг курси яна учта пунктга тушиб кетди, эртаси куни бу ҳақда газеталарда катта ҳарфли сарлавҳалар билан кўплаб мақолалар берилди. Каупервуд ўзини батамом банкрот деб эълон қилмоқчи эмасди. У тўловларни вақтинча тўхтатиб туриш, бироз вақт ўтгандан сўнг эса кредиторлари билан келишиб, яна ишини очиш ниятида эди. Бунга икки нарса қарши бўлаётган эди: биринчиси, шаҳар маблағидан кулгили тарзда паст фоизга олинган – ғазначиликда ишлар қандай йўлга қўйилганининг исботи бўлган беш юз минг доллар; иккинчидан, олтмиш минг долларлик чек масаласи. Молиявий салоҳияти Каупервудни қўлидаги акцияларни кейинчалик унга ишини қайта давом эттиришига ёрдам бериши керак бўлиши учун йирик кредиторлари номига ўтказишга ундади. Яна ўша Ҳарпер Стежер “Жей Кук энд Компани”, “Эдвард Кларк энд Компани”, “Дрексель энд Компани” ва яна бошқа банкирлик уйларига кўпроқ ҳуқуқ берадиган хужжатларни тайёрлади. Каупервуд агар майда кредиторларнинг жаҳли чиқиб, бу қарорни қайта кўриб чиқиш учун уни судга берадиган бўлишса, бу унчалик катта роль ўйнамаслигини жуда яхши тушуниб турарди – бу ерда биринчи ўринда йирикроқ кредиторларнинг талабларини қондириш муҳим эди. Бу уларга хуш ёқади ва кейинчалик ҳамма нарса жой-жойига тушгандан сўнг айнан мана шу йирик кредиторлар унга ёрдам беришлари эҳтимоли катта. Бундан ташқари, бундай қийин пайтда даъволарнинг кўп бўлиши биржа ва одамларнинг кайфиятлари ўзига келгунча вақтни чўзиб туриш учун зўр восита, шунинг учун Каупервуд ҳатто даъволарнинг кўпроқ бўлишини хоҳлаётганди. Икковлари даъволарнинг сонини ҳисоблаб чиқишгандан сўнг Стежер тундлик билан жилмайиб қўйди – бу пайтда кулиш ноўрин бўлсада, у ўзини тутиб тура олмади.

– Чиндан ҳам зўр, Фрэнк, – хитоб қилди у. – Сиз яқин кунларда шунчалик кўп даъво ичида қолиб кетасизки, уларни тешиб ўтиб бўлмайди. Ҳамма кредиторларингиз бир-бири билан тинмай кураш олиб боради.

– Мен фақат вақтдан ютмоқчиман, менга бошқа нарса керак эмас, – жавоб берди Каупервуд.

Шундай бўлса-да, у ҳаётида биринчи марта ўзини жуда тушкун ҳис қилаётганди, чунки шунча йиллардан бери бутун кучи ва ақлини сарфлаган иши энди йўқ эди. Безовталигининг асосий сабаби, у шаҳар ғазначилигидан олган беш юз минг доллар эмасди – у бу заём тўғрисидаги хабар жамоат фикри ҳамда молия дунёсини қўзғатиб қўйишини билган бўлса-да, бироқ бу қонуний, жуда бўлмаганда ярим қонуний операция эди. Асосий сабаб – амортизация фондига ўз вақтида топширмаган ва уларни қайтиб сотиб олиш учун керак бўлган маблағ унга осмондан тушганда ҳам, у ҳозир топшира олмайдиган шаҳар заёмининг олтмиш минг долларлик сертификатлари эди. Сертификатлар унинг қўлидан чиқиб кетганини инкор қилиб бўлмасди. Каупервуд бу вазиятдан қандай чиқиб кетиш ҳақида куну тун ўйлаётганди. Ҳозир қилиши мумкин бўлган ягона нарса – Молленхауэр ёки Симпсоннинг олдига бориш деган қарорга келди ниҳоят Каупервуд. У на унисини ва на бунисини шахсан танирди, бироқ Батлер билан ораси бузилгандан сўнг унинг бошқа борадиган одами ҳам йўқ эди. Бориб уларга шундай дейди: “Ҳа, айни пайтда беш юз минг долларни қайтариш имконига эга эмасман, бироқ кейинчалик менга қарши ишимни давом эттиришни ман қиладиган жиноят иши очилмаса, бу пулларни охирги центигача қайтариб беришга ваъда бераман”. Агар бунга рози бўлишмаса ва фаолиятига тузатиб бўлмайдиган зарар етказилса, у ҳолда улар бу пулни Фрэнк қачон қайтариш лозим деб топса, шунда берилишини кутиб ўтиришаверсин, афтидан, бу ҳеч қачон содир бўлмаса керак!

Бироқ виждонан айтганда, қанчалик кучли бўлишмасин, ҳатто улар ҳам суд ишини қандай тўхтатишлари мумкин? Буни Фрэнкнинг ўзи ҳам тушунмаётганди. Бухгалтерлик китобларида у шаҳар ғазначилигидан шунча миқдорда қарз экани ёзилганди, шаҳар ғазначилиги китобларида эса беш минг доллар Каупервудда эканлиги қайд қилинганди. Бундан ташқари, вақти-вақти билан жамоат фондларини текшириб турадиган Шаҳар ўзини ўзи бошқарувига ёрдам берувчи фуқаролик ассоциацияси деб аталувчи маҳаллий ташкилот ҳам бор эди. Каупервуднинг шаҳар маблағини ўзлаштириб олиши бу ташкилотнинг назаридан четда қолмайди ва ана шунда жамоат текшируви ташкил қилиниши мумкин. Бу иш ҳақида аллақачон кўп юридик шахслар, масалан, ҳозир унинг ҳисоб-китобларини текшираётган кредиторлар билган бўлиши керак.

Нима бўлганда ҳам, Каупервуд Молленхауэр ёки Симпсон билан учрашишга қарор қилди. У аввалига Ҳарпер Стежер билан гаплашиб олмоқчи бўлди. Хуллас, идораси беркилганидан сўнг бир неча кун ўтиб, Фрэнк Стежерни чақирди ва унга ишлари жойига тушмагунча облигацияларни амортизация фондига қайтармоқчи эмаслиги тўғрисида индамаган ҳолда бу операция тўғрисида гапириб берди. Ҳарпер Стежер юриши негадир яқинда ит борлигини сезаётган мушукнинг юришига ўхшаса-да, баланд бўйли, ориқдан келган, жозибали, овози ёқимли ва хулқ-атвори чиройли йигит эди. Унинг чўзиқдан келган нозик юзи одатда аёлларга жуда ёқадиган хилидан эди. Стежернинг кўзлари ҳаворанг, сочлари қўнғир тусда бўлиб, қизғиш рангда товланарди. Унинг ингичка қўллари билан оғзи ва иягини беркитиб турадиган одати бўлиб, одамга сирли тикилиб туриши ҳамсуҳбатида кучли таассурот қолдирарди. Бу чин маънодаги қаҳри қаттиқ одам бўлиб, унинг қаҳри қаттиқлиги ҳаракатларида эмас, балки дунёдаги ҳамма нарсага бутунлай бефарқлигида акс этарди. Унинг учун ҳеч қандай муқаддас нарсанинг ўзи йўқ эди. У камбағал эмасди, камбағалликда ҳам туғилмаган эди. Табиат унга ўткир ақл берган ва бу ақл асосан унинг ишидаги ҳаракатлантирувчи мақсадга – яна ҳам кўпроқ бойлик орттириш ва машҳурликка эришишга қаратилганди. Каупервуд билан шерикчилик қилиш унга бойиш учун катта йўл очиб берди. Бундан ташқари, Каупервуд уни қизиқтирарди ҳам. Ўз мижозларидан бошқа ҳеч ким уни шунчалик қизиқтирмасди.

– Жиноят ишини қўзғатаверсин, – тажрибали юрист сифатида шароитни дарров тушуниб деди у. – Айблов шунчаки расмий бўлади. Агар иш судга етиб борганда ҳам, бунга ишончим комил эмас, айблов камомад ёки маблағнинг ишончли шахс томонидан ўзлаштириб олинишига бориб тақалади. Айни шароитда ишончли вакил сиз бўлгансиз. Ва сиз учун вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли – чекни Стинерга билдирган ҳолда ва унинг розилиги билан олганингизга қасамёд қилишингиздир. Шу ҳолда, менимча, сизга ўз ҳуқуқингиздан фойдаланганингиз тўғрисидаги ғирт расмий айблов эълон қилинади ва, назаримда, сиз билан шаҳар ғазначиси ўртасида ҳеч қандай расмий келишув бўлмагани учунгина айблов ҳукмини чиқарадиган маслаҳатчилар кенгаши топилмаса керак. Бироқ нима бўлганда ҳам, бир нарса дея олмайман – маслаҳатчилар кенгаши нима дейиши мумкинлигини олдиндан ҳеч билиб бўлмайди. Бу нарса фақат иш кўрилаётган пайтида маълум бўлади. Ҳамма нарса суд кимга кўпроқ ишонишига – сизгами ёки Стинергами – ва шаҳар корчалонларининг ҳамма балога тўғаноқ бўладиган одамни топа олишига, шунингдек, Стинерни қутқариш хоҳишлари қай даражада эканига боғлиқ. Ҳамма гап яқинлашиб келаётган сайловларда. Агар бу ваҳималар бошқа пайтда бўлганида эди…

Каупервуд қўл ишораси билан Стежерни тўхтатди: буни унинг ўзи ҳам биларди.

– Ҳаммаси сиёсатчиларимиз қандай ҳаракат қилишни лозим кўришларига боғлиқ. Мен эса уларга жуда ҳам ишонмайман. Жуда мураккаб вазият. Ҳозир энди бу иш ҳақида индамай кетиб бўлмайди.

Суҳбат Каупервуднинг уйида, унинг хонасида бўлиб ўтаётганди.

– Нима бўлса бўлар, – қўшиб қўйди у. – Ҳарпер, айтинг-чи, агар мени ишончнома берган шахснинг хусусий мулкини ўзлаштириб олганликда айблашадиган бўлса ва суд мени айбдор деб топадиган бўлса, менга нима хавф солади?

Стежер ўйлаб қолиб, иягини қашиди.

– Нима десам экан, –деди у ниҳоят, – жуда жиддий савол бердингиз. Қонун бўйича бир йилдан беш йилгача, бироқ бундай ишлар учун одатда уч йилдан ортиқ беришмайди. Албатта, сизнинг ҳолатингизда…

– Э-эй, қўйсангиз-чи, – ранжиган кўйи унинг гапини бўлди Каупервуд. – Менинг ишим бошқаларникидан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмайди ва буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Агар жаноб сиёсатчилар буни камомад деб биладиган бўлса, демак, шундай деб аталади.

Каупервуд ўйланиб қолди, Стежер эса шошилмай у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У ҳам ўйлаётганди.

– Стежер, айтинг-чи, мени иш бутунлай ёпилгунча, яъни ҳамма инстанциялардан ўтиб бўлмагунча қамашадими ёки йўқми? – дангал сўради Каупервуд.

– Биласизми, бундай турдаги суд жараёнларида, – қулоғини қашиганча иложи борича юмшоқроқ гапиришга ҳаракат қилиб деди Стежер, – муҳокаманинг биринчи босқичларида ҳали қамоққа чап бериб туриш мумкин, бироқ суднинг айблов ҳукми чиққандан сўнг бу жуда қийин, ҳатто иложи йўқ. Қонун бўйича фақат қамоқдагина ишни қайта кўриш ва шикоят аризасининг асослилигини тасдиқлаш учун рухсат олиш мумкин, бунга эса одатда беш кун кетади.

Ёш ишбилармон деразага тикилиб қолди, Стежер эса қўшиб қўйди:

– Жуда мураккаб иш бўляпти.

– Бўлмасам-чи! – жавоб қилди Каупервуд ва ичида қўшиб қўйди: “Қамоқ! Беш кун қамоқда бўлиш!..”

Бошқа нарсаларни ҳам қўшиб эътиборга олинадиган бўлса, бу Каупервуд учун жуда қаттиқ зарба эди. Шикоят аризасининг асослилиги тасдиқланмагунча – агар бундай тасдиқлаш умуман бўлса, беш кун қамоқда ўтириш! Йўқ, нима қилиб бўлса ҳам, бундан қочиб қолиш керак. Қамоқ! Ахлоқ тузатиш қамоғи!

Каупервуднинг сармоядор сифатидаги обрўсига ҳалокатли зарба берилганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации