Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 27

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 27 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

39

Бу пайтда Каупервуднинг иши кўриладиган кун ҳам яқинлашиб келаётганди. Фрэнк суднинг далиллар қандайлигидан қатъи назар, унга айблов қарорини чиқариш учун ҳамма нарса қилишига ишончи комил, бироқ юзага келган вазиятдан қандай чиқиб кетиш йўлини қила олмаётганди. Фақат ҳамма нарсани ташлаб, Филадельфиядан чиқиб кетиш мумкин, бироқ бу ҳақда ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Ўзи учун келажакни таъминлаш ва молия дунёсидаги бир қатор шахслар билан дўстона алоқани ушлаб қолишнинг ягона йўли тезроқ суд қаршисида туриб айбланган тақдирда ҳам, дўстлари вақти келганда унга ёрдам беришларига умид қилиш эди, холос.

У Стежер билан суд таркибидагиларнинг унга нисбатан ён босишлари мумкинлиги тўғрисида кўп гаплашган, бироқ адвокат унинг гапига қўшилмаганди. Биринчидан, суд маслаҳатчиларини сотиб олиш осон эмас; иккинчидан, сиёсий қарашлари турлича эканига қарамай, кўпчилик судьялар виждонли ва партия раҳнамоларининг буйруғидан четга чиқишмайди, бу эса унча қўрқинчли эмас. Ушбу жараёнда раислик қилиши керак бўлган судья Уилбер Пейдерсон – квартал сессиянинг қатнашчиси, Республикачилар партияси ҳомийлигида мансабига ўтирган, шундан келиб чиқиб Молленхауэр, Симпсон ва Батлерлардан бир умр қарздор бўлиб, бошқа томондан эса Стежернинг айтишича, виждонан ишлайдиган одам экан.

– Бу жаноблар нега сизни шунчалик жазолашни хоҳлашаётганини тушунмаяпман. Бутун штатга ибрат бўлиши учунми? Ахир сайловлар ўтиб кетди-ку, – дерди Стежер. – Айтишларича, агар Стинер қамаладиган бўлса, уни чиқариб олиш учун ҳозирдан ҳаракат қилишаётган экан. У, албатта, суддан қутула олмайди. Унга бир ёки икки йил, жуда бўлмаганда уч йил беришади, кейин эса муддатнинг ярмини ҳам ўташига улгурмай озод қилишади. Энг ёмон ҳолатда сизга ҳам шундай бўлади. Уни чиқариб, сизни қамоқда қолдира олишмайди. Бироқ бунгача етиб бормайди, гапимга ишонинг. Биз биринчи инстанциядаёқ ютамиз, акс ҳолда, шикоят аризамиз штатнинг олий судида кўриб чиқилади. У ердаги судьялар бешталиги бу аҳмоқона фикрни асло қўллаб-қувватламайди.

Стежер айтаётган гапларига ўзи ишонар ва бу Каупервудни қувонтирарди. Ёш юрист шу пайтгача ишини жуда аъло даражада олиб бораётганди. Бироқ Батлер унинг изидан тушган деган фикр Каупервудга тинчлик бермасди. Бу ҳол ишни мураккаблаштираётган, Стежернинг эса бундан хабари ҳам йўқ эди. Адвокатининг некбин гапларини эшитаркан, Каупервуд Батлерни ёдидан чиқармади.

Бу ишнинг судда кўрилиши аҳолиси олти минг одамдан иборат бўлган бутун шаҳарни ҳаяжонга солди. Каупервудлар оиладаги аёллардан ҳеч ким судда иштирок этмайди деган қарорга келишганди. Газетачиларга лаққагина ўлжа бериб қўймаслик ниятида Фрэнк шунга қарор қилганди. Судга отаси боради – у гувоҳ сифатида керак бўлиб қолиши мумкин. Шунинг орасида Эйлиндан ҳам хат келди. У Уэст-Честердан келганини айтиб, Фрэнкка омад тиларди. Фрэнкнинг иши натижасидан беҳад хавотирдалиги учун у узоқда қола олмай, Филадельфияга қайтиб келганини ёзарди. Фрэнк хоҳламагани учун у судда қатнаша олмас экан, унинг тақдири ҳал бўлаётган пайтда иложи борича яқинроқда бўлишга қарор қилибди. Агар уни оқлашса, табриклаш учун, агар қамашса овутиш учун югуриб келишни хоҳлаётганмиш. У шунчалик тез қайтиб келиши отаси билан ораларидаги низони чуқурлаштиришини яхши биларди, бироқ бошқачасига ҳеч нарса қила олмасди.

Лилиан хоним эса жуда қийин аҳволда бўлиб, аросатда қолганди. У гарчи Фрэнк буни хоҳламаса-да, эрини севувчи нафосатли аёл ролини ўйнашига тўғри келаётганди. Каупервуд ич-ичидан хотини унинг Эйлин билан алоқасидан хабар топганини сезиб турар ва очиқчасига гаплашиб олиш учун қулай пайтни кутаётганди.

Ўша машъум кун эрини эшиккача кузатиб қўйган Лилиан уни охирги йиллардагидек босиқлик билан қучоқлаб қўйди, бироқ эри ҳозир қанчалик оғир синов арафасида эканини тушуниб турса-да, уни ўпиб қўйишга ўзини мажбурлай олмади. Фрэнкнинг ҳам хотинини ўпишга асло хоҳиши йўқ, бироқ буни намойиш қилиб ўтирмади. Кейин эса Лилиан бир амаллаб лабини унинг юзига босди ва деди:

– Ҳаммаси яхшилик билан тугайди деб умид қиламан!

– Лилиан, чиндан ҳам хавотир оладиган ҳеч нарса йўқ, ҳаммаси зўр бўлади! – тетиклик билан деди Фрэнк.

У зинадан югуриб тушиб, илгари унга тегишли бўлган кўнка линияси ўтган Жирард авеню томонга қараб юрди ва вагонга сакраб чиқди. У Эйлин ҳақида, унинг ўзига қанчалик раҳми келаётгани, оилавий ҳаёти қанчалик кулгили бўлиб кетгани ҳақида, суд маслаҳатчилари соғлом фикрлайдиган одамлармикин деб ва яна бошқа нарсалар ҳақида ўйлаб кетаётганди. Агар иложи бўлмаса, агар… Ҳа, олдинда оғир кун турарди.

Учинчи кўчанинг бурчагида у вагондан тушиб, шошилганча ўз идорасига кириб кетди. Стежер уни аллақачон кутиб ўтирганди.

– Демак, Ҳарпер, ҳал қилувчи пайт етиб келди! – жанговар оҳангда деди Каупервуд.

Каупервуднинг иши кўрилиши керак бўлган тўртинчи сессия биринчи бўлимининг суди машҳур Мустақиллик саройида (Олтинчи ва Честнат кўчаларининг бурчаги, юз йил бурун ҳам Филадельфиянинг суд ишлари ва маъмурий ҳаёти қайнаган жой) жойлашганди. Бу унча баланд бўлмаган, қизил ғиштдан қурилган икки қаватли бино бўлиб, марказий қисмида ё инглиз ёки голланд услубидаги оқ ёғоч минора бор бўлиб, унинг пойдевори квадрат, ўртаси доира ва тепа қисми саккизбурчак шаклида эди. Бинонинг ўзи марказий корпус ва ён томондаги “Т” ҳарфини ташкил қилган иккита қанотдан ташкил топганди. Тепа томонида ярим айлана шаклидаги майда ойналар ўрнатилган дераза ва эшиклари “колониал архитектура” услубида ишланган эди. Бу бинода ва ёнига қурилган “Давлат қаторлари” деган ном билан машҳур бўлиб, кейинчалик бузиб ташланган, бироқ ўша пайтда асосий корпуснинг орқа деворидан Уолнат стритгача чўзилган қўшимча биноларда шаҳар мэрининг канцелярияси, полиция бошлиғи, шаҳар ғазначиси, шаҳар кенгашининг заллари ва бошқа муҳим маъмурий идоралар ҳамда охирги пайтларда Филадельфияда кўпайиб кетган жиноят ишларини кўриб чиқадиган квартал сессия судининг тўртта бўлими жойлашганди.

Брод стрит ва Маркет стрит бурчагида қад кўтарган шаҳар бошқармасининг биноси у пайтда ҳали қурилмаганди.

Унча кенг бўлмаган суд залларига тантанали кўриниш бериш учун тим қора ёнғоқ дарахтидан супачалар қилинган бўлиб, у ерда ҳам ёнғоқ ёғочидан ишланган судьялар столлари турар, бироқ бу нарса унча ҳам муваффақиятли чиқмаганди. Столлар ҳам, суд маслаҳатчилари учун жойлар, тўсиқлар ҳам жуда катта бўлиб, хонанинг ўлчамига мос келмасди. Тўқ рангдаги ёнғоқ дарахтидан ишланган мебелларга мос қилиб негадир девор учун қаймоқранг танланган, бироқ вақт ўтиши билан улар чанг бўлиб, жуда мунгли тусга кирганди. Залларда агар стол устидаги газчироқлар ва ўртада осиғлиқ қандилни ҳисобга олмаса на бирор расм, на бирор безак бор эди. Хаёллари фақат ўзларининг “ёғли” жойларини сақлаб қолишдагина бўлган суд нозирлари ва ижрочиларининг семиз гавдалари ҳам бу бечораҳол бинони безатмас эди.

Ҳозир Каупервуднинг иши кўрилиши керак бўлган залдаги иккита нозир судья қўлини узатадиган бўлса, унга сув узатиш учун бир-биридан олдин югуришарди. Улардан хомсемиз мажордомга ўхшаган биттаси “жаноби олийлари” кийиниш хонасига бориб келадиган бўлса, уни кузатиб юрарди. Унинг вазифаси судья залга кириб келаётганда “Суд келяпти – бош кийимлар ечилсин! Ҳамма ўрнидан турсин!” деб баланд овозда эълон қилиш эди. Судья ўтиргандан сўнг иккинчи нозир унинг чап томонида, суд маслаҳатчилари билан гувоҳлар ўриндиқлари ўртасида туриб “Қулоқ солинглар! Қулоқ солинглар!” дея бошланиб, “Шикоят қилиш учун етарли асоси борлар яқин келишсин, уларнинг гаплари тингланади!” деган гаплар билан тугайдиган мажбуриятлар декларациясини тезлик билан айтиб ўтарди. Бироқ бу ерда бу сўзлар худди ўз маъносини йўқотгандек туюларди. Одатланиб қолиш ва бепарволик уларни қандайдир тушуниб бўлмайдиган тез айтишга айлантириб қўйганди. Учинчи нозир эса муҳокама ўтадиган хонанинг эшиги олдида қоровул бўлиб турарди.

Нозирлардан ташқари залда яна стенограф ва нимжон, кичкинагина, юзлари сув қўшилган сутдек қонсиз, сочлари сийрак, соқоли чўчқа ёғининг рангига ўхшаш, бир сўз билан айтганда, америкалаштирилиб, путури кетган Хитой мандаринига ўхшаш суд котиби ҳам бор эди.

Иш ҳали тергов инстанциясида бўлганда маслаҳатчилар Каупервудни судга бериш тўғрисидаги масалани ҳал қилишган пайтдаёқ раислик қилган судья Уилбер Пейдерсон худди сельд балиғи каби ориқ, ўзига хос қизиқ одам эди. У энг аввало ўта ориқлиги ва қонсизлиги билан кишининг диққатини ўзига тортарди. Суд иши техникаси ва қонунларни жуда яхши билар, бироқ донишманд судьялар биладиган нарсалар, яъни ҳақиқий ҳаёт ҳақида, ҳамма ёзилган қонунларга зид бўлган, баъзан эса уларнинг бутунлай адолатсиз эканлигини исботлайдиган ва судьядан адолатли бўлишни сўрайдиган шароитлар ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмас эди.

Бу одам умуман ўйлашга қодир эмаслигига амин бўлиш учун бу ориқдан келган ўта расмиятчига, унинг оқарган жингалак сочларига, балиқники каби ҳаворангкулранг кўзларига, ҳеч қандай ифодасиз юзига бир марта қарашнинг ўзи етарди. Тўғри, у сизга ишонмаган ва… сизни судга нисбатан ҳурматсизликда айблаб, жарима солган бўларди! У ҳар бир майда-чуйда муваффақиятдан фойдаланиб, ҳар бир қулай шароитдан фойда чиқара олиб, ўз партиясининг овозига қулдек қулоқ тутиб ва қудратли пойтахтга итоат этган ҳолда ҳозирги лавозимига эришганди. Аслида, бу унча катта ютуқ ҳам эмасди! У йилига бор-йўғи олти минг доллар маош олар, унинг камтарона машҳурлиги эса маҳаллий адвокатлар ва суд ижрочилари доирасидан ташқарига чиқмасди. Бироқ шундай бўлса ҳам, деярли ҳар куни жаноб Пейдерсон ишни кўриб чиққан судда мана бундай қарор чиқарилди деб хабар берган газеталарда ўз номини кўриб, катта қониқиш ҳис қиларди. Унинг назарида, бу хабарлар уни машҳур одамга айлантирарди. “Қаранглар, мен ҳаммага ўхшаган эмасман!” – ўзича ўйларди у кўпинча ва севиниб кетарди. Кун тартибида бирон-бир жиддий иш кўриб қолинганда, у судланувчилар билан омма ўртасида туриб ўзини чиндан ҳам жуда муҳим шахсдек ҳис қиларди. Тўғри, вақти-вақти билан кундалик ҳолатларнинг бирбирига ғайриоддий уланиб кетишига унинг ақли жуда ҳам етавермасди; бироқ нима бўлганда ҳам, у ҳар қандай ҳолатда қонунни унутмасди.

Бундай воқеаларни ақлли одамлар қандай ҳал қилишганини билиш учун эски жараёнлар солинган папка кавланса, кифоя. Бундан ташқари, ҳамма адвокатлар буюк уддабуронлардир. Улар судьянинг фикри ва қарашлари тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмай, унинг бурни тагига суд қарорларини тиқиштиради.

– Судья жаноблари, Массачусетс штати суд қарорларининг ўттиз иккинчи томи, мана шу бети, ана шу қаторида Эранделнинг Бэннерманга қарши иши… – ва ҳоказо ва ҳоказолар. Бундай гапларни судларда қанча марталаб эшитиш мумкин. Кўпинча бу ҳолатларда узоқ ўйлаб ўтиришга ортиқ тўғри келмайди ҳам. Қонуннинг муқаддаслиги кўкларга кўтарилади!

Стежер тўғри қайд этганидек, Пейдерсонни адолатсиз судья деб ҳам бўлмасди. Бироқ маълум бир партия томонидан сайланган (айни пайтда Республикачилар партияси томонидан) ҳар қандай судья каби у бошидан оёғигача партияга содиқ эди ва шу сабаб ҳам қатъий турарди.

Ўзининг ҳамма нарсаси учун партия раҳнамоларидан қарз бўлган Пейдерсон, Республикачилар партиясининг қизиқишларига ва хўжайинларининг фойдасига хизмат қилиш учун иложи борича ҳамма нарсага тайёр эди. Кўп одамлар виждон деб аталмиш механизмга чуқурроқ қараш учун ўзларини қийнаб ўтирмайдилар. Агар шунга жазм қиладиган бўлишса, одатда этика ва ахлоқнинг чалкашиб кетган толалари чигалини ечиш учун уларнинг ақллари етмайди. Улар давр руҳи ёки мулкдорлар айтаётган нарсаларга ишонадилар. Шу сабаб кимдир: “Руҳан концернларга содиқ бўлган судья”, – деган экан. Ва бундай судьялар тиқилиб ётибди.

Пейдерсон ҳам шундайлар сирасига кирарди. У бойлик ва кучни эъзозларди. Унинг назарида жаноб Батлер, Молленхауэр ва Симпсонлар буюк одам эди, ким кучли бўлса, ўша одам ҳақ! У Каупервуд ва Стинер иштирок этган камомад ҳақида аллақачон эшитган ва ўзининг кўплаб сиёсий арбоблар билан танишлиги сабаб бу иш ҳақида умумий бир тасаввур ҳосил қилганди. Республикачилар партияси раҳнамоларининг фикрича, партия Каупервуднинг найранглари сабаб жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Унинг шарофати билан Стинер тўғри йўлдан шаҳар ғазначисига мумкин бўлгандан кўра анча узоқроққа кетиб қолган. Аслида, у ишнинг бош ташаббускори бўлса-да, бутун жавобгарлик ғазначини ана шу ҳалокатли йўлга бошлаган Каупервудга тушади. Бундан ташқари, Республикачилар партияси учун ҳамма нарсага балогардон одам керак эди ва Пейдерсонга шу гапнинг ўзи етарли эди.

Тўғри, ҳозир сайловлар ўтиб, партияга ҳеч қандай зарар етмагани маълум бўлгандан сўнг Пейдерсон нега Каупервудни шунчалик айблашмоқчи бўлаётганини унча тушунмаётган, бироқ партия раҳнамоларининг етарли асослари бор экан-да деб, бу масала устида бошини жуда ҳам қотирмаётганди. У ҳар хил манбалардан Батлернинг Каупервудга нисбатан шахсий ғарази борлиги ҳақида эшитганди. Гап нимада эканини ҳеч ким билмасди. Ҳамманинг фикрича, Каупервуд уни қандайдир найрангли ишга тортганмиш…

Нима бўлганда ҳам, Пейдерсон Республикачилар партиясининг манфаатлари ва унинг аъзоларини қўрқитиб қўйиш учун шу ишни қилиш кераклигини тушуниб турарди. Жамиятга яна ҳам кучлироқ ахлоқий таъсири бўлиши учун Каупервуд Стинердан камроқ жазоланиши керак эмасди. Стинер эса ҳамма Республикачилар партияси ва суд қандай адолатли эканини билиб қўйиши учун бундай турдаги жинояти эвазига энг оғир жазога тортилиши керак эди. Кейинчалик эса губернатор хоҳлаб қолса ва партия раҳнамолари буни шипшитиб қўйишса, жазони юмшатиши мумкин.

Кенг омманинг назарида квартал сессия судьялари монастир пансиони тарбияланувчиларига ўхшарди, яъни дунёвий ишлардан ташқарида яшашар ва шаҳарнинг сиёсий ҳаётида нималар бўлаётганини кўрмас, билмасди. Аслида эса улар ҳамма нарсадан хабардор, асосан ўз ўринлари ва хукмронликлари учун кимдан қарздор эканликларини яхши билишар ҳамда миннатдор бўлиш ҳам қўлларидан келарди.

40

Ҳар доимгидек қоматини тик тутиб, Каупервуд (ишбилармон ва йирик сармоядор) отаси ва адвокати ҳамроҳлигида суд залига дадил кириб келганида, ҳамманинг нигоҳи унга қадалди. Залда йиғилганларнинг кўпчилиги: “Йўқ, бўлиши мумкин эмас, бундай одамни жиноятда айблаш мумкин эмас!” деб ўйлади. У, албатта, айбдор, бироқ қонунни четлаб ўтиш учун у иложини топа олиши ва маблағи борлиги ҳам шубҳасиз. Унинг адвокати Ҳарпер Стежер ҳам ҳаммага ақлли ва ишнинг кўзини биладигандек кўринаётганди.

Кун совуқ эди, уларнинг икковлари охирги урфдаги узун ҳаворанг-кулранг пальто кийиб олишганди. Каупервуднинг ҳаво очиқ бўлганда петлицасига гул тақиб оладиган одати бор бўлиб, бугун эса ундан воз кечганди. Қалин матодан тикилган оч бинафшаранг бўйинбоғига ялтираб турган йирик зумрад кўзли тўғнағич тақилганди. Соатининг ингичка олтин занжирини ҳисобга олмаса, устида бошқа безаги йўқ эди. У ҳар доим хушчақчақ, бироқ ўзини тута биладиган, хушмуомала ва айни пайтда ўзига ишонган ва ишбилармон одамдек таассурот қолдирарди, бугун эса унинг бу фазилатлари, айниқса, ёрқинроқ кўзга ташланаётганди.

Каупервуд суддаги ўзини жуда қизиқтираётган ўзига хос шароитни бир қарашда дарров тушуниб олди. Унинг олдида ҳали ҳеч ким банд қилмаган суд трибунаси турар, трибунанинг ўнг томонида ҳали бўш бўлган суд маслаҳатчиларининг ўринлари, уларнинг орасида эса судья креслосининг чап томонида, у ҳозир туриб кўрсатмалар бериши керак бўлган гувоҳларнинг жойи бор эди. Бу жойнинг орқа томонида тўладан келган суд нозири – Жон Спаркхивер деган одам суд аъзоларининг чиқишини кутиб турар, гувоҳга титилиб кетган Инжилни бериб, қасамёддан сўнг “Бу ёққа ўтинг” дейиш унинг вазифасига кирарди. Залда бошқа нозирлар ҳам бор эди. Биттаси судьялар столининг рўпарасидаги барьерга ўтаверишда, айбланувчи суд қарорини эшитадиган ва адвокатлар ҳамда судланаётганларнинг ўрни жойлашган жойда турар, бошқа нозир мунозаралар олиб бориладиган хонага олиб борувчи йўлакда ва ниҳоят, учинчи нозир одамлар киритиладиган эшикни қўриқларди.

Каупервуд гувоҳлар ўриндиғида ўтирган Стинерни дарров пайқади. Ғазначи ўз ҳаёти учун шунчалик куйиб кетаётган эдики, ҳеч кимга ёмонлик истамаётганди. Аслида, у илгари ҳам бировга ёмонликни раво кўрмасди, ҳозир эса биров ҳавас қилмайдиган шароитга тушиб қолгач, Каупервуднинг маслаҳатига кирмагани учун жуда пушаймонда эди. Тўғри, ичида ҳали ҳам агар унга айблов эълон қилинадиган бўлса, Молленхауэр ва бошқа сиёсий арбоблар, албатта, губернаторнинг олдига чиқишади деган умид милтиллаб турарди. Стинернинг ранги кетиб, жуда озиб кетган, гуллаб-яшнаб юрган давридаги тўлалигидан асар ҳам қолмаганди. Унинг эгнида янги кулранг костюм ва жигарранг бўйинбоғ бўлиб, соқоли яхшилаб қириб олинганди. Каупервуднинг ўзига тикилиб турганини сезиб, у титраб кетди ва кўзини пастга олди, кейин эса ўзи билмаган ҳолда қулоғини ишқалай бошлади. Каупервуд унга имо қилиб қўйди.

– Биласизми, Жоржга ачиниб кетяпман, – деди Фрэнк Стежерга. – Бу одам тоза аҳмоқ экан! Бироқ мен унинг учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим.

Каупервуд зимдан Стинер хонимга – юзлари сариқ, даҳани учли, паст бўйли аёлга қаради. Аёл эгнига жуда хунук тикилган кўйлак кийиб олганди.“Стинер худди ўзига мос хотин топган экан”, – ўйлади Каупервуд. Жуда ҳам омадли бўлмаган ва, бунинг устига, норасо одамлар ўртасидаги никоҳлар уни доим ажаблантиролмаган бўлса-да, қизиқтириб келган. Стинер хоним ҳам, албатта, Каупервудни ёқтирмасди, чунки уни эрини адо қилган виждонсиз одам деб санарди. Энди улар яна қашшоқлашиб, ўзларининг катта уйларидан анча арзон бўлган квартирага кўчиш тараддудида эдилар ва аёл бор кучи билан ушбу қайғули ўйларни ўзидан нари итармоқчи бўларди.

Бир неча дақиқадан сўнг паст бўйли, семиз, одамдан ҳам кўра буқоғи бор каптарга ўхшаб кетадиган суд нозири ҳамроҳлигида судья Пейдерсон пайдо бўлди. Улар кириб келишлари билан нозир Спаркхивер ҳозиргина ўзи бошини қўйиб ётган суд столига уриб: “Ўрнингиздан туринг!” деб минғирлади. Дунёдаги ҳамма судларда бўлгани каби ҳамма ўрнидан турди. Судья олдидаги стол устида ётган бир қанча қоғозларни титкилай бошлади.

– Жаноб Протус, қайси иш биринчи эшитилади? – қисқа қилиб суд котибидан сўради у.

Ишни эшитишга тайёрланаётиб, адвокатларнинг майда-чуйда ишлари ҳал қилинаркан, Каупервуд суд деб аталувчи бу манзарани катта қизиқиш билан кузатишда давом этарди. Бу ердан ғолиб бўлиб чиқиб кетишни у шунчалар хоҳлаётган, уни шу деворлар ичига етаклаб келган бахтсиз тасодифлардан қаттиқ аламзада эди. Буни очиқ кўрсатмаётган бўлса-да, судлардаги ҳар қандай жасур бошланишни қийинлаштирадиган бу лўттибозликлар, ғаламисликлардан доим қони қайнаб кетарди. Агар ундан қонун нима деб сўраладиган бўлса, Каупервуд қатъий қилиб: “Бу одамларнинг ғалати қилиқлари ва хатоларидан пайдо бўладиган тумандир; у ҳаёт денгизини қоплаб олади ва одамлардаги омонатгина тижорий ва оммавий жасорат кемаларининг эркин сузишига тўсқинлик қилади. Унинг нотўғри талқинлари заҳри ҳаётий дардларни авж олди ради, унинг тасодифий қурбонлари зўравонлик ва тасодиф дея аталувчи тегирмон тошлари орасида эзғиланади. Қонун ғалати, ваҳимали, кишини ўзига тортадиган ва айни пайтда маъносиз кураш бўлиб, унда иродаси заиф, жоҳил ва тажрибасиз, шу билан бирга, айёр ва дарғазаб одамлар бошқалар – ҳуқуқшунослар қўлидаги пиёда, коптокка айланиб қолади. Ҳуқуқшунослар эса уларни кайфияти, бефарқлиги, хоҳишлари ва эҳтиёжларига кўра моҳирлик билан ўйнатади”, – деган бўларди. Бу манфурона тарзда давом этувчи ва руҳни бузувни манзара бўлиб, ҳаёт ҳамда одамларнинг заифликлари, фирибгарлик, найранг, чоҳ ва тузоқ ҳақидаги оғриқли шарҳдир.

Энг яхши кунларида ўзида ҳам шундай бўлганидек, кучли одамларнинг қўлида қонун – қилич ва қалқон, анқов учун қопқон, қуваётган одам учун эса бўри уяси эканлигини Каупервуд яхши биларди. Қонунни исталган томонга буриш мумкин – бу ман қилинган нарса учун туйнук, ўзининг кўриш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлган одамнинг кўзига сочиш мумкин бўлган тупроқ, ҳақиқат ва унинг ҳаётга татбиқи, адолат ва ҳукм ўртасига, жиноят ва жазо орасига ўз-ўзидан тушадиган парда. Қонуншунослар – кўп ҳолларда одамлар сотиб оладиган ва сотадиган саводли малайлардир. Уларнинг қандай қилиб этика, ҳиссиётлар ҳақида баландпарвоз гапиришларини эшитиш, қандай қилиб бажонидил ёлғон гапиришлари, ўғрилик қилишлари, арзимаган баҳона билан ва истаган мақсадда фактларни бузиб гапиришларини кузатиш Каупервудни ҳар доим беҳад қизиқтирарди. Йирик қонуншунослар одатда Каупервуднинг ўзига ўхшаган энг буюк фирибгарлардир: улар ўргимчак каби айёрлик билан тўқиган тўрлари орасида жимгина ўтириб, одам кўринишидаги эҳтиётсиз чивинни кутишади. Ҳаёт – энг яхши бўлган ҳолда бешафқат, совуқ ва қаттиқ курашдир ва бу курашнинг қуролларидан бири – қонуннинг расмий томони. Бутун бу ғавғоларнинг жирканчли вакиллари – қонуншунослардир.

Каупервуднинг ўзи ҳам ҳамма кулфатдан ҳимояланиш учун истаган қуролга ёпишгандек қонунга мурожаат қилганди; юристларни ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун тўқмоқ ёки пичоқ танлагандек саралаганди. Каупервуд бу олам вакилларининг ҳеч бирини, ҳатто ўзига негадир ёқса-да, Ҳарпер Стежерни ҳам ҳурмат қилмасди. Уларнинг бари пичоқ, тўқмоқ, очқич каби фақат керак бўладиган қуроллардир ва бундан ортиқ ҳеч нарса эмас. Улар ишни тугатганларидан сўнг ҳақларини бериб, эсдан чиқариб юборишади.

Судьяларга келсак, уларнинг кўпи бахтли тасодиф туфайли кўтарилиб қолган қобилиятсиз ҳуқуқшунослар бўлиб, мабодо роллари алмашиб қолган тақдирда олдиларида қизиққонлик билан ваъзхонлик қиладиган ҳимоячиларга ютқизиб қўйишлари аниқ эди. Каупервуд судьяларни ҳурмат қилмасди, чунки уларни жуда яхши биларди. Улар орасида тез-тез тилёғламачилар, сиёсий мансабпарастлар, бировларнинг қўлларидаги гумашталар, молиявий магнатлар ва сиёсатдаги корчалонларнинг оёғига йиқилувчи ҳамда керак бўлса, ўзларидан этик латта сифатида фойдаланишгача йўл қўювчи лаганбардорлар учрашини у жуда яхши биларди. Судьялар – бу беқарор дунёдаги кўпчилик каби тентак одамлардир. Ҳа, Каупервуднинг ўткир нигоҳлари қаршисида турганларнинг кимлигини бир қарашда кўра олган, бироқ пинагини бузмай турарди. Каупервуд ягона қутулиш йўлини ўзининг ғайриоддий ақлида кўраётган эди. Бу омонат дунё эзгуликларга тўла эканига уни ҳеч ким ишонтира олмасди. У жуда кўп нарсани билар ва ўзининг нималарга қодирлигини яхши англарди.

Ниҳоят майда-чуйда ишларни кўздан кечириб бўлган судья Филадельфия шаҳрининг Фрэнк А. Каупервудга нисбатан даъво ишини эълон қилишни буюрди ва котиб жарангли овозда суд жараёни бошланганини эълон қилди. Округнинг янги прокурори Деннис Шеннон ва Ҳар пер Стежер шошилиб ўринларидан туришди. Стежер ва Каупервуд ҳамда Шеннон ва Стробик (Стробик Пенсильвания штати вакили сифатида даъвогар ўрнида эди) барьер ва суд трибунаси орасидаги ўралган жойнинг ичига ўтиришди. Стежер кўпроқ расмиятчилик юзасидан, судья Пейдерсондан ишни тўхтатишни таклиф қилди, бироқ унинг илтимоси рад қилинди.

Тезлик билан маслаҳатчилар кенгаши – шу ишни олиб бориш учун бир ойга чақирилган одамлардан ўн иккитасининг рўйхати тузилиб, томонлар кўриб чиқиши учун тақдим этилди. Бу инстанцияда рўйхат тузиш жуда оддий иш эди. У шундан иборат эдики, хитой мандаринига ўхшаган котиб алоҳида қоғозларга шу ойга маслаҳатчилар кенгашига юборилган ҳар бир номзоднинг (ҳаммаси бўлиб элликтача одам бор эди) фамилиясини ёзиб, бу қоғозчаларни айланаётган барабан ичига ташлар, бир неча марта айлантириб, қўлига тушган қоғозчани суғуриб оларди. Котибнинг қўли барабан ичига ўн икки марта кириб чиқди ва маслаҳатчилар кенгашининг ўн иккита аъзоси номини чиқарди. Бу одамлар фамилиялари эълон қилиниши билан ўз ўринларини эгаллашга таклиф қилинади.

Каупервуд бу жараённи жуда қизиқиш билан кузатиб турарди. Ахир ҳозир уни суд қилишлари керак бўлган одамлардан кўра кўпроқ яна нима қизиқтириши мумкин эди? Тўғри, буларнинг ҳаммаси тез юз бераётган ва бу одамларнинг ҳаммаси буржуазиянинг ўрта қатламига тегишли эканини сезишга улгурган бўлса-да, улар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўла олмади. Унинг кўзи олтмиш беш ёшлардаги, букчайган, соч-соқоллари оқариб кетган, қошлари пахмоқ, ранги кетган бир қарияга тушди. Бу одам Каупервудга табиатан кўнгилчан, ҳаётий тажрибага эга, агар шароит қўйиб берса, ишонарли далиллар билан ўз томонига оғдириб олиш мумкиндек туюлди. Бошқаси, афтидан, савдогар бўлса керак, паст бўйли, бурни нозик ва даҳани ўткир одамни Каупервуд негадир дарров ёқтирмади.

– Бу одам маслаҳатчилар кенгашига кириши шарт эмасдир, – аста Стежердан сўради Каупервуд.

– Албатта йўқ, – жавоб берди Стежер. – Мен уни қабул қилмайман. Биз ҳам қораловчилар каби сабабини кўрсатмай, ўн бештагача номзодни рад қилиш ҳуқуқига эгамиз.

Маслаҳатчилар ўрни ниҳоят тўлганидан сўнг суд котиби ҳимоячи ва прокурорга устига ўн икки маслаҳатчининг фамилияси ёзилган қоғозлар қўйилган тахтачаларни узатди. Номзодларни биринчи бўлиб танлаш ҳуқуқи қораловчига берилгани сабабли Шеннон ўрнидан туриб тахтачани олди ва маслаҳатчилардан уларнинг касблари ёки қиладиган ишлари, судгача бу иш хусусида уларга нима маълум бўлгани ва айбланувчига хайрихоҳ ёки қарши эмаслиги ҳақида сўрай бошлади.

Стежер ва Шеннон молиявий масалаларга оз-моз бўлса-да ақли етадиган ва шундан келиб чиқиб, ана шу одатдагига ўхшамаган ишни тушунадиган ҳамда ўзини молиявий бўрондан ҳимоя қилишга уринаётган (бу Стежер учун керак эди) одамга нисбатан ҳеч қандай ғарази бўлмаган ёки (буниси энди Шеннон учун керак эди) Шеннон ишлатмоқчи бўлган ҳимоя воситаларига хайрихоҳлик билан қарайдиган одамларни танлашга ҳаракат қилаётганди.

Шеннон ҳам, Стежер ҳам маслаҳатчилар орасида бундай ҳолларда шаҳар ҳаёти деб аталмиш океанга ташланган суд тўрларини юқорига олиб чиқадиган майда ва ўртача балиқлар кўплигини дарров тушунишди. Булар асосан бой ҳаётий тажрибалари уларни маслаҳатчи вазифасини бажаришга лойиқ қилган корхона раҳбарлари, ҳар хил турдаги агентлар, сотувчилар, муҳаррирлар, инженерлар, архитекторлар, мўйначилар, баққоллар, савдогарлар, мухбир ва бошқа соҳа вакиллари эдилар. Жамиятда ўрни жуда юқори бўлганлар уларнинг орасида деярли йўқ эди, бироқ буларнинг кўплари соғлом ақл деб аталувчи ажойиб хислатга эга эдилар.

Бутун жараён давомида Каупервуд совуққонлик билан маслаҳатчиларнинг юзларини синчковлик билан кузатиб ўтирди. Унинг диққатини гул магазини эгаси бўлган ёш йигит тортди: рангпар, пешонаси мутафаккирларники каби кенг бўлган ва қўллари рангсиз бу одам Каупервудга унинг жозибаси олдида дош бера олмайдиган каби туюлиб, у буни Стежерга шивирлаб айтиб қўйишга шошилди. Биргина кўзлари айёргина яҳудий-мўйнадўз рад қилинди, чунки унинг ўзи биржадаги аҳволни доим кузатиб борар ва кўнка темир йўли акцияларида икки минг долларни йўқотганди. Семиз, оқ-сариқдан келган, юзлари қип-қизил ва кўзлари ҳаворанг баққол Каупервудда ўжар тентак каби таассурот қолдирди. Унинг номзоди ҳам рад қилинди. Маслаҳатчилар орасида яна ориқдан келган, унча катта бўлмаган тайёр кўйлаклар магазинининг олифта директори ҳам бўлиб, у маслаҳатчилар кенгаши аъзоси вазифасидан қочиб қолишга ҳаракат қилаётгани учун Инжил билан қасам ичишни тан олмаслигини (аслида бундай эмасди) айтди. Судья Пейдерсон хўмрайса-да, бироқ уни қўйиб юборди. Кейин яна ўнта одам тўпланди – Каупервуднинг танишлари, Стинернинг танишлари ва ниҳоят, Каупервуднинг ҳаракатларидан ғазабланган, ўзларини республикачилар деб ҳисоблайдиганларнинг ҳаммасига кетишга рухсат берилди.

Ниҳоят, пешинга келиб иккала томон учун озми-кўпми маъқул келадиган маслаҳатчилар таркиби белгиланди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации