Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 34 (всего у книги 41 страниц)
Бироқ шундай донишмандлик билан ўзини ўзи кўндирмоқчи бўлаётганига қарамай, руҳини зирқиратган бўҳронни ҳамон ҳис қилиб турарди. “Йиғлашнинг нима кераги бор?” У худди саволни “Қандай қилиб йиғламай бўлади?” деб бериши ҳам мумкин эди, бироқ бундай дея олмасди. У бўроннинг ҳали ўтиб кетмагани, булутлар унинг боши тепасида қуюқлашиб, ҳали момақалдироқ янги куч билан яна гумбурлашига ақли етиб турарди.
50
Cтгае жбоеррнмиангугнКиачуапшеревруидфднуишнга нҳбеча нкуарнсиаўқзиилумнаийнтгуорлидшии тўғрисидаги хабар вазиятни анча юмшатди. Жараённи ортга суриш Фрэнкка ҳамма нарсани шошмасдан мулоҳаза қилиш ва баъзи уй ишларини бажариб олиш имконини берарди. Каупервуд иложи борича юмшоқлик билан ота-онасига бор гапни тушунтирди, отаси ва укалари билан тезликда бундан кўра камтарроқ бўлган жойга кўчиб ўтиш кераклигини муҳокама қилишди. Улар яна биргаликда бир талай иккинчи даражали ишларни ҳам кўриб чиқишди – ахир жуда катта хўжалик вайрон бўлаётганди. Бундан ташқари, Каупервуд Стежер билан ҳам бир неча марта гаплашди ва Дэвисон, Эвери Стоун (“Жей Кук энд Компани” фирмасининг вакили), Ван-Ностренд штатининг собиқ ғазначиси бўлган, бироқ сайловлардан кейин у ерда ишламаётган Жорж Уотермен (Каупервуднинг бурунги хўжайини Ҳенри Уотермен вафот этиб кетганди) ва бошқа кўп танишларининг олдига бориб келди.
Агар чиндан ҳам қамоқда ўтирадиган бўлса, Каупервуд финансист дўстларининг бирлашиб, губернатор олдига илтимос билан чиқишларини хоҳлаётганди. Бундай илтимос учун олий суднинг икки аъзоси билдирган “алоҳида фикр” дастак бўлиши керак эди. Каупервуд Стежернинг бу ишни назорат қилиб туришини хоҳлаб, ўзи эса унга фойдаси тегиши мумкин бўлган одамлар, жумладан, ҳали ҳам Учинчи кўчада контораси бўлган Эдвард Тай, Ньютон Таргул, Артур Райверс, энди миллионер бўлиб қолган “тўқимачилик қироли” Жозеф Зиммермен, судья Китчен, Гаррисбергдаги молиявий дунёсининг собиқ вакилларидан бўлган Тэренс Рэлиҳен ва бошқа кўплар билан учрашишга шошилаётганди.
Каупервуд Рэлиҳендан газеталар билан боғланиб, уларни ўзининг озод қилиниши учун кампания бошлашга кўндиришга ҳаракат қилишни, Уолтер Лидан эса афв қилиниши ҳақида губернаторга арзномага имзо йиғишни ташкиллаштиришни сўради. Бу арзномага ҳамма йирик сармоядорлар ва бошқа кўзга кўринган шахсларнинг имзо қўйиши кўзда тутилаётганди. Ли ҳам Рэлиҳен ва бошқа кўплар каби Каупервудга ёрдам беришга бажонидил ваъда беришди.
Гоҳ-гоҳ Эйлин билан учрашишини айтмаса, ортиқ бошқа қиладиган иш қолмаган эди. Бу ҳам ҳамма шошилинч ишлар орасида баъзан иложи йўқдек кўринаётганди. Шунга қарамай, Каупервуд бу учрашувлар учун вақт топар, қизнинг севгиси оташида исиниб олиш истаги шунчалик кучли эди. Эйлиннинг кўзлари шу кунларда жуда бошқача товланарди! Улар севгилиси билан ҳеч қачон айрилмаслик, уни бахтли кўриш истагида ёнарди! Буни қаранг-а, – унинг Фрэнкини шунчалик қийнашяпти! Фрэнк қанчалик ўзини ботир тутмасин, қиз билан қанчалик тетик гаплашмасин, Эйлин ҳамма нарсани сезиб турарди! Ва айнан қизнинг севгиси уни қамоққа етаклади, у буни биларди. Отаси шунчалар қаҳри қаттиқ бўлишга қодир экан! Фрэнкнинг душманлари, у портретини газеталарда неча марта кўрган анави тентак Стинер ҳам қанчалик пасткаш экан. Эйлин Фрэнкка қараб, ўзининг кучли, чиройли севгилиси – дунёдаги энг жасур, қўрқмас, ақлли, ажойиб инсон учун азобланиб кетаётганди! У ҳозир қанчалар азоб чекаётганини қиз билмайдими?! Каупервуд қизнинг кўзларига тикилиб, ундаги ҳиссиётларини ўқиркан, қаттиқ таъсирланиб, жилмаярди. Қандай севги-я! Онанинг ўз дилбандига, итнинг ўз эгасига бўлган муҳаббати сингари! У қизда қандай қилиб шу ҳисларни уйғота олган? Фрэнк бу саволга жавоб топа олмас, бироқ бу ажойиб эди. Ўзи учун жуда оғир бўлган шу охирги кунларда у Эйлинни иложи борича кўпроқ кўргиси келаётганди.
Озодликда ўтказган мана шу бир ой ичида – айбловчи ҳукм чиқарилиб, олий судда унинг арзномасини қондириш рад қилингунига қадар бўлган вақт давомида Каупервуд қиз билан тўрт марта учрашди. Уларнинг яна бир марта учрашиш имконлари қолганди: у қамоққа кетиши лозим бўлган машъум душанбадан олдинги шанба куни. Каупервуд олий суд қарори чиққан кундан бери Эйлинни кўрмаган, бироқ ундан “талаб қилингунча” хат олган ва шанба кунига Кэмдендаги кичкина меҳмонхонага учрашув тайинлаганди. Дарёнинг бошқа қирғоғида жойлашган бу шаҳарча Каупервудга Филадельфиядан ташқарида бўлган энг хавфсиз жойга ўхшаб туюларди. У Эйлиннинг олдиларида турган узоқ айрилиқ тўғрисидаги хабарни қандай қабул қилишини ва у билан ҳар бир нарсани маслаҳатлашишга ўрганган қиз энди умуман нима қилишини тасаввур ҳам қила олмаётганди. У билан гаплашиш, уни овутиш керак эди. Бироқ бу сафар (Каупервуд шундай бўлишини сезиб, шундан қўрқаётганди) Эйлин жуда ғамга ботганди. Севгилисини узоқдан кўрибоқ фақат ўзигагина хос бўлган, Фрэнкни доим ҳайратга соладиган жасорат билан унга қараб югурди. Йигитнинг бўйнидан маҳкам қучиб олиб, кўз ёшларини тия олмай гап бошлади:
– Азизим, ҳеч нарса демаслигинг мумкин. Ҳаммасини газеталардан ўқидим. Ноумид бўлма, азизим! Сени севаман. Мен сени кутаман. Ўн йил кутишга тўғри келса ҳам, сени ташлаб кетмайман. Ўн йил нима экан, юз йил ҳам кутаман! Бироқ, азизим, сен учун куйиб кетяпман! Хаёлларимда доим сен билан бўламан, бахтим менинг, бутун борлиғим билан сени севаман!
Қиз уни эркалатишдан тўхтамас, Каупервуд эса ўзини тута билаётганидан, Эйлинга бўлган ҳислари, ҳайратидан гувоҳлик бераётган самимий меҳр билан хотиржам қараб турарди. “Ахир уни севмай бўладими? – ўзига ўзи дерди Каупервуд. – Шундай қизни ким севмаган бўларди?” Қизда қанча эҳтирос, интилиш, хоҳиш бор эди. Йигит ҳозир уни балки аввалгилардан ҳам кўпроқ яхши кўриб кетаётганди, чунки шунчалар салоҳияти кучлилигига қарамай, қизни ўзига бўйсундира олмаганди. Ҳатто у тунд бўлиб юрган кезларда ҳам қиз йигит билан худди шахсий мулкидек, ўз ўйинчоғидек муомала қилганди. Эйлин кўпинча, айниқса, ҳаяжонланиб турган пайтида унга ёш бола каби муомала қиларди. Баъзи пайтларда Фрэнкнинг назарида Эйлин уни ўз иродасига бўйсундира оладиган, ўзига хизмат қилишга мажбурлай оладиганга ўхшаб туюларди – ўзининг аёллик латофатига қизнинг шунчалик ишончи комил эди. Мана, ҳозир ҳам Эйлин аслида муаммолар букиб қўймаган бўлса-да, гўё Каупервуднинг бутунлай руҳи тушиб кетган-у, онасининг ғамхўрлигига муҳтождек шивирлаб севги сўзларини айтаётганди. Бироқ йигитнинг ўзига бир сониягина чиндан ҳам қадди букилиб қолгандек туюлди.
– Эйлин, ишларим у даражада ёмон эмас, – ниҳоят гап қўшишга ҳаракат қилди Каупервуд. Унинг овозида эркалатиш ва меҳр одатдагидан кўпроқ эди, бироқ Эйлин унинг сўзларига эътибор бермай, ўша қизиққонлик билан давом этди:
– Йўқ, азизим, йўқ, ишларинг жуда ёмон бўлиб кетяпти. Мен биламан. Бечора Фрэнк! Бироқ мен сенинг олдингга келиб тураман. Буни, албатта, қила оламан. Маҳбусларнинг олдига қанчада бориш мумкин?
– Севгилим, уч ойда бир марта дейишяпти, бироқ у ерга борганимдан сўнг бу масалани ҳал қиламан. Лекин у ерга боришинг керакмикин? Ахир ҳозир ҳамма қандай кайфиятда эканини ўзинг яхши биласан. Озгина кутиб турсак бўлмайдими? Ахир бу ҳолда сен баттар отангнинг ғашига тегасан! Агар у хоҳласа, менга ўша ерда ҳам ёмонлик қилади.
– Уч ойда бир марта?! – Каупервуд кўндира бошлаганида унинг гапини бўлди ўзини йўқотиб қўйган қиз. – Йўқ, Фрэнк, бундай бўлиши мумкин эмас! Ишонмайман! Уч ойда бир марта! Мен чидай олмайман! Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас! Қамоқхона бошлиғининг олдига ўзим бораман! У менга сен билан кўришиш учун рухсат беради. Агар ўзим гаплашсам, ишончим комилки, у рухсат беради!
Қиз ҳаяжонланганидан нафаси қайтиб кетаётган бўлиб, Каупервуд унинг гапини бўлмагунча ва ўзини тўхтата олмади.
– Эйлин, нималар деётганингни ўйлаб кўр! Ўзингни бос! Сен отангни эсдан чиқариб қўйяпсан! Оилангни ўйламаяпсан! Отанг қамоқхона бошлиғи билан таниш бўлиши мумкин. Наҳотки сен бутун шаҳар Батлернинг қизи менинг олдимга, қамоқхонадаги учрашувга югураётгани тўғрисида гапиришини хоҳласанг? Отанг сени нима қилиб қўйиши мумкин? Бундан ташқари, бу майда сиёсий фитначиларни менчалик билмайсан. Улар худди кампирлардек ғийбатлашади. Ҳар бир қадамингни ўйлаб босишинг керак. Сени йўқотиб қўйишни хоҳламайман, сени кўриб туришни хоҳлайман. Фақат ўйлаб, эҳтиёткорлик билан иш қил. Учрашувга келишга шошма. Сени қандай соғинишимни яхши биласан, бироқ аввал ҳар бир нарсани текшириб кўришимиз керак. Мени йўқотиб қўймайсан, ахир ҳеч қаёққа кетмаяпман-ку…
Каупервуд жим бўлиб қолди: унинг кўз олдига узун панжарали камералар келди: ўшаларнинг бирида у ҳам, балки анчагадир, қамалган бўлади… Кўз олдига панжара орқали унинг камерасида, у билан гаплашиб турган Эйлин келди. Бироқ бу ёқимсиз ҳолат унинг севгилиси бугун қандай чиройли бўлиб кетгани ҳақида ўйлашига халақит бермади. У қанчалик ёш ва кучли! Каупервуднинг ёши улғайиб қолган, Эйлин эса ёш ва гўзал. Эгнидаги ипакдан тикилган оқ-қора йўл-йўл гулли, ўша пайтда урф бўлган бичимда тикилган кўйлаги, денгиз мушугининг терисидан шуба ва худди шундай шапкачаси ўзига жуда ярашганди.
– Биламан, ҳаммасини биламан, – ўз гапида туриб олди қиз. – Бироқ ўзинг ўйлаб кўр: уч ой-а! Азизим, бунга чидай олмайман, шунча кутишни хоҳламайман! Бўлмағур нарса! Уч ой-а! Агар отамнинг ўзи ўша ерда кимнидир кўрмоқчи бўлса, уч ой кутиб ўтирмаган бўларди, у бориши керак бўлган одам ҳам асло кутмасди. Мен ҳам шунча пайт кутмайман. Барибир йўлини топаман!
Каупервуд жилмайди: Эйлинни гапидан қайтариш осон иш эмас.
– Бироқ, жоним, сен жаноб Батлер эмассан. Ва сен нима қилмоқчи бўлаётганинг ҳақида унга ҳисоб бериб ўтирмайсан.
– Албатта! Лекин у ерда бирорта тирик жон менинг кимлигимни билмайди. Мен қалин вуаль1919
Шляпага тутиладиган ва юзни бекитиб турадиган тўр. – Тарж. изоҳи.
[Закрыть] тақиб келаман. Қамоқхона бошлиғи отамни танимаса керак деб ўйлайман. Шундай бўлган тақдирда ҳам, у мени танимайди ва мурожаат қилсам, у мени сотиб қўймайди.
Қизнинг ўз жозибаси, дилбарлиги, таърифга тил ожиз гўзаллигига ишончи ҳеч қандай қолипга сиғмасди. Каупервуд бошини чайқади.
– Гўзалим ўзимнинг, сен дунёдаги энг яхши ва ажойиб аёлсан, – мулойимлик билан деди у ва қизни ўзига тортиб, қаттиқ ўпиб қўйди. – Бироқ менга қулоқ солишингга тўғри келади. Адвокатим бор – Стежер, уни биласан. У бугуноқ қамоқхона бошлиғи билан иккимиз ҳақимизда гаплашади. Балки, у ҳаммасини ҳал қила олар, бироқ бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Аниғини эртага ёки якшанба куни биламан ва сенга ёзиб юбораман. Бироқ қара, мендан хат олмагунча, ўзинг ҳеч нима қилмагин. Мен учрашувлар орасидаги муддатни ярмига камайтира олишимга ишонаман, бир ойда бир, балки, икки ҳафтада бир учраша олишимиз мумкин. У ерда хат ёзишга ҳам уч ойда бир марта рухсат беришади…
Эйлин яна жаҳлдан қизариб кетди, бироқ йигит гапида давом этди.
– Бу қоидани ҳам бир амаллаб ҳал қиларман, лекин сенга хабар бермагунимча менга ёзмай тур, жуда бўлмаганда, ҳеч қандай манзилни кўрсатма ва имзо қўйма. У ерда ҳамма хатларни очиб ўқишади. Учрашганимизда ва хатларда эҳтиёт бўл: ахир сен ён-атрофга қарамайсанку. Хуллас, ақлли бўлиб юр, хўпми?
Улар яна кўп нарсалар тўғрисида – Фрэнкнинг отаонаси, душанба куни судга бориш, унга тақалаётган даъволар муҳокамасига уни қўйишадими, афв этишадими деган масалалар ва бошқа нарсалар ҳақида гаплашилди. Эйлин ҳали ҳам Фрэнкнинг омади келишига ишонаётганди. У газетада олий суднинг алоҳида фикр билдирган икки аъзоси ва ишни Каупервуднинг зарарига ҳал қилган бошқа уч аъзоси ҳақида ўқиганди. У Фрэнкнинг Филадельфиядаги фаолияти батамом тугамаганига амин эди: вақт ўтиб у ўрнини яна тиклайди ва кейин қиз билан бирга бошқа ёқларга кетади. Албатта, Каупервуд хонимга қийин, бироқ у Фрэнкка мос эмас; унга ёш, чиройли ва кучли, бир сўз билан айтганда, Эйлинга ўхшаган қиз керак.
Айрилиқ вақти етиб келганда қиз йигитни қаттиқ ва эҳтирос билан қучди. Улар келгуси ҳаракат режаларини ушбу вазиятда қанчалик ҳал қилиш мумкин бўлса, шу даражада ҳал қилиб олишганди. Охирги дақиқаларда икковларининг ҳам кайфияти йўқ, бироқ қиз ноаниқ келажакка тик қараш учун бор иродасини ишга солаётганди.
51
Фрэнк Каупервуднинг қамоқхонага бориши керак бўлган муддат – душанба куни ҳам етиб келди. Қилиш мумкин бўлган нарсаларнинг бари бажарилганди.
У отаси, онаси, укалари ва синглиси билан қучоқлашиб хайрлашди. Хотини билан суҳбат эса қандайдир совуқ ва расмий ҳолда бўлди. Ўғли ва қизчаси билан алоҳида хайрлашиб ўтирмади. Бундан олдинги кунлар – пайшанба, жума, шанба ва якшанбада – душанба куни қамоқхонага кетиши кераклиги аниқ бўлгандан кейин у уйига қайтгач, қаҳва ичиб, болаларини эркалаб, дилдан гаплашиб олмоқчи бўлганди. Унинг ҳозирги ҳолати фарзандлари учун ихтиёрсиз зарба бўлишини тушуниб турарди. Бироқ бунга ишончи ҳам комил эмасди. Ахир кўпчилик одамлар вазиятга қарамай ва тақдир уларни қанчалик эркалатганига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўз ҳаётларини қуришади-ку! Ахир болалари бошқалардан ёмонроқ яшамайди, у кучи етганча уларни моддий таъминлаб қўяди.
Каупервуднинг режасида болаларни онасидан тортиб олиш, уларни волидасидан мосуво қилиш фикри йўқ эди. Улар онаси билан қолиши керак. Каупервуд фарзандларининг яхши яшашини чин дилдан хоҳлаётганди. Лилиан болалар билан қаерда яшамасин, у вақти-вақти билан уларни кўргани бориб туради. Бироқ ўзи озодликни, Лилиандан ажралиб, янги ҳаёт бошлашни, Эйлин билан янги оила қуришни хоҳлаётганди. Унинг охирги кунларда, айниқса, шу якшанба куни кечқурун болаларга одатдагидан кўпроқ эътиборли бўлаётгани сабаби айни пайтда уларнинг айрилиқ яқинлигини сезишларини асло истамаганидан эди.
– Фрэнк, – анчагина бўшашган ўғлига қараб мурожаат қилди Каупервуд, – мен сенинг катта, кучли ва соғлом бола бўлишингни хоҳлардим! Сен ўйинни ёқтирмайсан. Болалар билан дўстлашсанг, уларга бош бўлсанг яхшийди. Гимнастика билан шуғуллансанг, мушакларингни мустаҳкамлашга ҳаракат қилсанг бўлмайдими?
Бу суҳбат отасининг меҳмонхонасида бўлиб ўтаётган, Каупервудлар оиласининг барча аъзолари шу ерга йиғилган эди. Узун стол олдида ўтирган кичкина Лилиан рўпарасидаги отаси ва укасига қизиқиш билан қараб турарди. Каупервуднинг ишлари ёмон эканини иккала боладан ҳам яширишаётганди. Улар оталарини бир-икки ойга қаергадир кетяпти деб ўйлашарди. Лилиан рождествога совғага олган эртак китобни ўқиб ўтирарди.
– У ҳеч қачон ҳеч нима қилмайди, – деди қизча китобини бир четга қўйиб, кутилмаганда укасига қовоғини уйиб қараб қўяркан, – ҳатто мен билан ким ўзарга югуришни ҳам хоҳламайди.
– Сен билан ким ўзарга югуриш қизиқ экан-да!.. – тўнғиллади кичик Фрэнк. – Хоҳлаган тақдиримда ҳам, сен югура олмайсан.
– Югура олмайман? Шунақами?! – қизнинг жаҳли чиқди. – Қани, менга етиб кўр-чи.
– Лилиан!.. – огоҳлантириш учун қизини тўхтатди онаси.
Каупервуд жилмайиб, ўғлининг бошини силаб қўйди.
– Ҳечқиси йўқ, Фрэнк, ҳали сен зўр йигит бўласан, – ўғлининг қулоғидан секин чимчилади сўнг. – Фақат қўрқоқ бўлма ва ўзингни қўлга ол.
У ўғлидан ўзи кутган жавобни олмаганди. Бироздан сўнг Лилиан хонимнинг нигоҳи қизини қучоқлаб, меҳр билан унинг жингалак сочларини силаб ўтирган Каупервудга тушди-ю, бир сонияга кўнглида қизига нисбатан рашк туйғуси уйғонди.
– Қизим йўқлигимда ақлли бўлиб юради-а? – қизига шивирлади Фрэнк.
– Албатта, дада, – қувноқлик билан деди қизча.
– Жуда яхши! – деди Фрэнк ва энгашиб қизини ўпиб қўйди. – Кўзлари мунчоқ қизим!
Каупервуд кетгандан сўнг Лилиан хоним хўрсиниб қўйди: “Ҳамма эътибор болаларга, менга эса шу ҳам йўқ!” Аслида, Фрэнк болаларини илгари у қадар эркалатмасди.
Фрэнк шу охирги соатларда онасининг олдида меҳрибон ўғил қандай бўлиши керак бўлса, ўзини худди шу тарзда тутаётганди. У онасининг қизиқишлари чегараланган экани, у ўғли учун, бутун оиласи учун қандай куйинишини жуда яхши биларди. У онасининг ўз болалик даврида унга қанчалар ғамхўрлик қилганини ҳеч қачон эсидан чиқармаган ва уни қариганда ана шу бахтсизликлардан ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Бироқ ўтган ишни орқага қайтариб бўлмайди! Баъзи пайтлар йигитнинг асаблари шунчалик таранг тортилаётгандики, бу каби ҳолат одатда фақат омад келган пайтда ёки умидлар пучга чиққан пайтда юз беради. Бироқ у ўзини қўлга олиши зарурлигини, қалбида нималар кечаётганини кўрсатмаслиги кераклигини, камроқ гапириб, ишонч билан уни олдиндан нима кутаётган бўлса, ўшанга қараб тўғри бориши шартлигини яхши биларди. Каупервуд ана шу охирги тонгни ҳозирги ҳолати бошқа оила аъзоларига ҳам таъсир қилишини (чиндан-да шундай эди) билиб, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилаётганди.
– Демак, ойи, кетадиган вақтим бўлди! – ўрнидан тураётиб, меҳр билан деди у (у на онаси, на хотини ва на синглисига ўзини кузатиб боришларига рухсат берди, чунки бундан ҳеч қандай фойда йўқ, улар эса баттарроқ тушкунликка тушишган бўларди). – Хавотир олманг ва кайфиятни туширманг!
Йигит онасини қучоқлар экан, она ўғлини узоқ ва меҳр билан ўпди.
– Фрэнк, бора қол! – хўрсиниб, зўрға гапирди онаси ва ниҳоят уни қучоғидан бўшатди. – Сен учун ҳамиша дуода бўламан.
Фрэнк бу дақиқаларнинг чўзилишидан қўрқиб, онасидан узоқлашди.
– Хайр, Лилиан, – майин ва дўстона оҳангда деди у хотинига қараб. – Бир неча кундан кейин қайтиб қолсам керак. Баъзи ишларни ҳал қилиш учун мени чиқаришади.
Кейин у синглисига юзланди:
– Анна, хайр, буларни жуда ҳам ғам чекишларига йўл қўйма.
Отаси ва укаларига эса “Кейин кўришамиз”, деб доимгидек тик ва башанг ҳолда пастга, Стежер кутиб турган жойга тушиб, икковлари чиқиб кетишди.
Унинг орқасидан эшик ёпилгач, бутун оила аъзоларининг юрагига ғашлик чўкди. Улар тарқалмай, яна бир неча дақиқа туриб қолишди. Онаси оҳиста йиғлар, отаси эса дунёда борини йўқотгандек турса-да, бироқ руҳини тетик тутиб, ҳар қанақасига ўзини қўлга олишга ҳаракат қиларди. Анна Лилианни ўзини қўлга олишга ундар, аёл эса нима ўйлашни, нимага ишонишни билмай, хаёлан келажакни кўз олдига келтиришга ҳаракат қиларди. Яқингинада уйлари узра чарақлаган қуёш энди уфққа ёнбошлаганди.
52
Қамоқхонада Каупервудни ҳаммаси силлиқ ўтгани ва ўзининг обрўсига путур етмаганидан мамнун Жесперс кутиб олди. Судда кун тартибида яна бир нечта иш бўлгани учун у ёққа ўндан олдин бормасликка келишилди. Яна Каупервудни судья Пейдерсон олдига, кейин эса ахлоқ тузатиш қамоғига олиб бориши керак бўлган Эдди Зандерс ҳам келди. Ишга тегишли ҳамма қоғозларни қамоқхона бошлиғига бериш ҳам унга юклатилди.
– Стинер ҳам ўша ердалигидан хабарингиз бўлса керак, – секин Стежерга шипшиди шериф Жесперс. – Ҳозир унинг бир чақаси ҳам йўқ, шундай бўлса ҳам унга алоҳида камера қилдириб бердим. Шундай одамни ҳамманинг олдига киргизгим келмади.
Стинерга Жесперснинг очиқдан-очиқ раҳми келаётганди.
– Тўғри қилибсиз, жаноб Стинер учун хурсандман, – деди Стежер кулгисини босиб.
– Тушунишимча, бу ерда Стинер билан учрашиб қолиш жаноб Каупервудга хуш ёқмаган бўларди, шунинг учун ҳам бунинг олдини олмоқчи бўлдим. Жорж Стинер ҳозиргина бошқа ёрдамчим билан бу ердан чиқиб кетди.
– Жуда яхши. Жуда ақлли иш қилибсиз, шериф, – яна маъқуллади Стежер.
Шериф ўзини керакли даражада тутаётган эди ва Стежер Каупервуд учун хурсанд бўлди. Афтидан, собиқ ғазначининг пулсизлиги ва тушкунликда эканига қарамай, Стинер Жесперс билан яхши алоқа ўрнатиб олганди.
Каупервуд ва уни кузатиб келганлар суд биноси яқинда бўлгани учун яёв кетишди, йўл-йўлакай атай жиддий масалалардан қочиб, арзимаган нарсалар тўғрисида гаплашдилар.
– Ишлар жуда ҳам ёмон кетмаяпти, – деди Эдвард отасига. – Стежер бир йил, балки ундан ҳам камроқ вақт ўтгандан сўнг губернатор Стинерни авф қилишига, у ҳолда эса Фрэнкни ҳам чиқариб юборишга мажбур эканига ишоняпти.
Кекса Ҳенри Каупервуд бундай тахминларнинг жуда кўпини эшитган бўлса ҳам, уларни қайта-қайта эшитиш жонига тегмаётганди. Бу сўзлар бамисоли алла ёш болани овутгандек, уни овутарди.
Ерни қоплаган ва бу йил эришни хоҳламаётган қор, очилиб кетган қуёшли ҳаво, судда жуда ҳам кўп одам бўлмайди деган умид – ота-бола Каупервудларнинг бутун хаёлини эгаллаган ўйлар шундан иборат эди. Юрагини эзиб ётган оғирликни сал бўлса-да енгиллатиш учун кекса Каупервуд ҳатто нон ушоғини деб уришаётган қарғалар тўғрисида гап бошлади, уларнинг қишки совуққа чидай олишларига ажабланди. Олдинда Стежер ва Зандерс ҳамроҳлигида кетаётган Фрэнк Каупервуд адвокат билан унинг контораси иши бўйича ўтказиладиган суд ишлари ва бунинг учун қилиниши зарур бўлган вазифалар ҳақида гаплашиб кетарди.
Суд биносига етиб келишгач, Каупервудни яна бир неча ҳафта олдин маслаҳатчилар ҳукмини кутиб ўтирган ўша кичкина қоровулхонага олиб киришди.
Кекса Каупервуд икки ўғли билан кенгашлар залидан жой эгаллашди. Эдди Зандерс унга топширилган айбланувчининг олдида қолди; Стинер ҳам шерифнинг бошқа ёрдамчиси – Уилкерсон билан шу ерда эди. Бироқ у ҳам, Каупервуд ҳам бир-бирларини сезмаётганга олишди. Фрэнк аслида ўзининг собиқ ҳамкори билан гаплашишга йўқ демасди, бироқ унинг чўчиб ва уялиб турганини кўрди, шунинг учун икковлари индамай, ҳар бири ўз бурчагида ўтиришарди.
Қирқ дақиқа давом этган кутишдан сўнг залга олиб кирадиган эшик очилиб, суд нозири кириб келди.
– Судланувчилар, ўрнингиздан туринг! – буюрди у.
Каупервуд ва собиқ шаҳар ғазначисини қўшганда судланувчилар олти киши экан. Улардан иккитаси тунги “ов”да босқинчилик пайтида қўлга тушганлар эди.
Қамалганларнинг яна бири, йигирма олти ёшлардаги йигит кўкат сотувчининг отини олиб қочиб сотиб юборган от ўғриси экан. Ва, ниҳоят, охиргиси – баланд бўйли, қўпол, саводсиз ва тентакнамо қора танли бўлиб, ёғоч омбори ёнидан ўтиб кета туриб, ерда ётган бир бўлак қўрғошин қувурни сотиш ёки бир стакан вискига алмаштириш учун олиб кетган экан. Аслида, унинг иши бу инстанцияда эшитилиши керак эмасди, бироқ омборхона қоровули уни ушлаб олганида, ҳатто ундан нима истаётганини тушунмаган ҳолда айбдорлигини бўйнига олмагани учун иш судга оширилганди. Кейинчалик у хатосини тушуниб, айбини бўйнига олган ва мана энди айбловчи ҳукмни эшитиш ёки озодликка чиқиш учун судья Пейдерсоннинг олдида турарди: участка суди унинг ишини ҳал қилиш учун юқори инстанцияга оширганди.
Бу гапларнинг ҳаммасини Каупервудга йўлбошловчи ва раҳбар қилиб тайинланган Эдди Зандерс айтиб берди.
Суд зали лиқ тўла эди. Бошқа судланувчилар билан бирга ёнбошдаги йўлакдан ўтиб бораётганида Каупервуд ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилди; унинг ортидан яхши кийинган, бироқ буткул ўзини йўқотиб қўйган, касал ва тушкунликка тушган Стинер борарди. Рўйхатда биринчи бўлиб қора танли – Чарльз Аккермен турганди.
– Жаноб судья, – тушунтиришга шошилди округ прокурори ёрдамчиси, – бу одам участка суди олдида ўзини айбдор деб тан олишни рад қилди: у ёки маст бўлган, ёки бу ишни бошқа бир сабаб билан қилган экан. Арз қилувчи ўз аризасини қайтариб олишдан бош тортгани учун участка суди ишни бу ёққа оширишга мажбур бўлибди. Бироқ айбланувчи кейин фикрини ўзгартириб, округ прокурори олдида ўз айбини тан олган. Шу сабаб биз ихтиёрсиз равишда бу ишни сизга юклашга мажбур бўлдик.
Судья Пейдерсон қора танли йигитга истеҳзо билан қараб қўйди, бироқ унинг бу қарашидан йигит хижолат ҳам тортгани йўқ: у тўсиққа қулай суяниб олганча тураверди. Одатда айбланувчилар бу тўсиқ ортида қаддини ростлаб, қўрққанидан титраб туришарди. Бу қора танли илгари ҳам мастлиги, муштлашгани ва бошқа нарсалар учун судланган бўлса-да, гўл ва соддалигича қолганди.
– Хўш, Аккермен, – қатъий товушда сўради судья, – бу ерда кўрсатилгандек тўрт доллару саксон цент турадиган қўрғошин қувур бўлагини чиндан ҳам ўғирлаганмисиз?
– Ҳа, сэр, ўғирлаганман, – деди қора танли. – Бу қандай бўлганини сизга айтиб бераман, жаноб судья. Бир шанба куни кечқурун ёғоч омбори ёнидан ўтиб кетаётгандим – айни ўша пайтда ишсиз юргандим. Девор тешигидан қарасам, бир бўлак қувур ётибди. Битта таёқ топиб, уни девор тагидан суқиб, қувурни думалатиб олдим ва олиб кетдим. Кейин эса мана бу жаноб – қоровул шекилли – қора танли гувоҳлар ўтирадиган скамейкада ўтирган, балки, судья бирор нарса сўраб қолар, деган ўйда бу ерга келган шикоятчи томонга ишора қилди, – олдимга келиб, мени ўғри деб атади.
– Бироқ сиз бу қувурни чиндан ҳам олгансиз, тўғрими?
– Ҳа, сэр, олганман.
– Уни нима қилдингиз?
– Йигирма беш центга ўтказдим.
– Сотдим демоқчимисиз?
– Ҳа, сэр, сотдим.
– Ахир бундай қилиш яхши эмаслигини билмайсизми? Девор тагидан таёқ тиқиб қувурни олаётганингизда, ўғрилик қилаётганингизни тушунмадингизми?
– Ҳа, сэр, бу яхши эмаслигини билардим, – самимий жилмайди Аккермен. – Очиғини айтадиган бўлсам, бу ишим нотўғрилигини билардим, лекин буни ўғрилик деб ўйламагандим. Албатта, уни олиш керак эмаслигини тушунгандим.
– Албатта, сиз тушунгансиз! Албатта, тушунгансиз. Гап ана шунда-да! Сиз бу ўғрилик эканини тушунгансиз, лекин барибир олгансиз. Бу қора танлидан ўғирланган нарсани сотиб олган одам қўлга олиндими? – бирдан прокурор ёрдамчисидан сўради судья. – Уни жавобгарликка тортиш керак бўлади, чунки ўғирланган нарсани олиб сотувчи сифатида у бу қора танлидан ҳам қаттиқроқ жазога лойиқ.
– Ҳа, сэр, унинг иши судья Йогерга топширилган, – деди прокурор ёрдамчиси.
– Яхши, демак, ҳаммаси жойида, – деди судья Пейдерсон. – Шахсан мен ўғирланган нарсани олиб сотишни энг жиддий жиноят деб ҳисоблайман.
Шундан сўнг судья яна Аккерменга мурожаат қилди:
– Аккермен, энди эшитинг!.. – шундай арзимаган ишга овора бўлаётганидан жаҳли чиқиб деди у. – Ҳозир сизга бир нарсани тушунтириб бераман, сиз эса диққат билан қулоқ солинг. Тўғри туринг! Тўсиққа ётиб олманг! Суд олдида турганингиз ёдингиздан чиқмасин!
Аккермен худди уйи олдида, деворнинг нариги томонидаги дўсти билан суҳбатлашаётгандек иккала тирсагини тўсиққа қўйиб олганди. Судьянинг бақирганини эшитиб, у юзида ҳали ҳам ўша содда ва айбдорона ифода билан ростланиб олишга шошилди.
– Сизга нималар деётганимни тушуниб олишга ҳаракат қилинг. Қўрғошин қувур бўлагини олиб жиноят содир қилгансиз. Менинг гапимни эшитяпсизми? Сизни бу ишингиз учун қаттиқ жазолашим мумкин эди. Билиб қўйинг: қонун менга сизни бир йил ахлоқ тузатиш қамоғига ҳукм қилиш ҳуқуқини беради. Бу нима эканини тушуняпсизми – бир бўлак қувур учун бир йил қаттиқ ишлаш дегани! Агар ақлингиз етаётган бўлса, гапларимни диққат билан эшитинг. Сизни ҳозирнинг ўзида қамоққа тиқмоқчи эмасман. Мен қонун бўйича бу жиноятга бир йил ахлоқ тузатиш қамоғи ҳукми бўлишини билсам-да, буни сал орқага суриб тураман.
Бутун бир йил?! Аккерменнинг юзлари қорайиб кетди. Тили билан қуруқшаб кетган лабларини ялади.
– Бироқ ҳукм ҳозир ижро этилмайди. У бўйнингизда туради ва агар яна шундай иш қиладиган бўлсангиз, у ҳолда бу айбингиз учун ҳам ва у айбингиз учун ҳам биттада жазо оласиз. Мени тушундингизми? Бу нима эканлиги тушунарлими? Жавоб беринг! Тушундингизми?
– Ҳа, сэр! Тушундим, сэр! – минғирлади қора танли. – Бу дегани сиз ҳозир мени қўйиб юборар экансиз!
Одамлар кулиб юборишди, судьянинг ўзи ҳам кулгисини зўрға тутиб турарди.
– Мен сизни яна бир марта айб иш қилгунингизча қўйиб юбораман, – баланд овозда хитоб қилди у. – Агар яна сизни бир марта ўғрилик билан бу ерга олиб келишадиган бўлса, шу заҳотиёқ бир йилга ёки яна қанчага ҳукм қилинса, шунча муддатга ахлоқ тузатиш қамоғига жўнатаман. Тушунарлими? Энди эса жўнанг ва ўзингизни яхши тутиб юринг! Яна нимадир ўғирлай кўрманг. Бирор иш билан шуғулланинг! Бошқа ўғрилик қилманг, тушуняпсизми? Сизга тегишли бўлмаган нарсага қўл теккизманг! Ортиқ кўзимга кўринманг! Акс ҳолда, мен сизни қамоққа тиқаман!
– Хўп, сэр! Йўқ, сэр, бошқа қилмайман, – дудуқланди Аккермен. – Бошқа ҳеч бировнинг нарсасига тегмайман.
Аккермен суд нозирининг туртиши билан ташқарига йўналиб, ниҳоят, ўтирганларнинг шивир-шивири ва кулгиси остида эшикдан чиқариб юборилди. Нозир шу заҳоти кейинги иш тўғрисида эълон қилиб, ҳамманинг диққатини бошқа айбланувчиларга қаратди.
Булар иккита қулфбузар бўлиб, Каупервуд уларни яшириб бўлмайдиган қизиқиш билан томоша қилиб турганди. У ҳукм эълон қилинишига илк марта дуч келаётган, ҳали бирор марта ҳам на участка ва на шаҳар жиноий судида бўлишига тўғри келмаганди. У қора танлини қўйиб юборишгани ва Пейдерсоннинг ундан кутиш мумкин бўлганидан кўпроқ ақл ва инсонийлигини намойиш этганидан қувонганди.
Каупервуд нигоҳлари билан Эйлинни қидириб, атрофга аланглади. У қизнинг судга келишига қаршилик кўрсатган, бироқ у қулоқ солмаган бўлиши мумкин эди. Ва чиндан ҳам Эйлин охирги қаторларда, одамлар орасида, юзига қалин тўр тўсилган шляпада ўтирарди. Демак, барибир келибди!
Эйлин севгилисининг тақдири нима бўлишини тезроқ билишга, ҳукмни ўз қулоғи билан эшитиш хоҳишига қарши бора олмаган, назарида, оғир бўлган шу дамларда Фрэнкнинг ёнида бўлишни хоҳлаганди. Каупервудни бошқа жиноятчилар билан залга олиб кириб, ҳамманинг кўзи олдида кутишга мажбур қилишганидан у жуда ғазабланаётган, бироқ йигитнинг ҳатто шу дақиқаларда ҳам ўзини мағрур ва тетик тута олаётганидан ҳайратда эди. Унинг асло ранги кетмаган, мана, доимгидек вазмин ва хаёлини бир жойга тўплаган ҳолда турибди, ичида ўйлади қиз. Эҳ, қанийди Фрэнк уни ҳозир бир кўрса! Агар у томонга қараса, қиз вуалини кўтариб, унга жилмайиб қўйган бўларди! Бироқ Фрэнк у томонга қарамаётган, чунки қизни бу ерда кўришни асло хоҳламаётганди. Барибир тез орада у Фрэнк билан кўришади ва унга ҳаммасини айтиб беради!
Иккала қулфбузарнинг ишини судья тез ҳал қилди: уларнинг ҳар бири бир йилдан ахлоқ тузатиш қамоғига ҳукм қилинди. Ўзини йўқотиб қўйган, қилган жиноятларининг оғирлигини, келажакда уларни нима кутаётганини умуман тушунмаётган иккала ўғрини олиб кетишди.
Энди навбат Каупервуднинг ишига келди, судья “жаноблари” қаддини ғоз тутиб олди: Каупервуд оддий жиноятчи эмасди, унга алоҳида муомала қилиш керак бўларди.
Батлернинг яқин дўсти, Молленхауэрнинг гумашталаридан бири бўлган одам Каупервудга ҳам, Стинерга ҳам беш йилдан бериш кераклигини айтганда, судья буни эътиборга олиб қўйди.
– Фрэнк Алжернон Каупервуд! – эълон қилди котиб.
Каупервуд тезлик билан олдинга ўтди. Ўзининг шундай вазиятга тушганидан азобланаётган ва уялиб кетаётганига қарамай, на қарашларида, на бирор ҳаракатида ҳиссиётларини билдирмади. Пейдерсон одатда судланувчиларга қарайдиган нигоҳ билан унга тикилди.
– Исм-фамилиянгиз? – сўради суд нозири ва стенограф ёзишга ҳозирланди.
– Фрэнк Алжернон Каупервуд.
– Яшаш манзилингиз?
– Жирард авеню, бир минг тўққиз юз ўттиз еттинчи уй.
– Шуғулланадиган ишингиз?
– Банкирлик ва биржа контораси эгаси.
Куч-қувватга тўла Стежер пайти келганда суд ва одамларга қаратилган охирги гапини айтиш учун Каупервуднинг ёнида тайёр бўлиб турарди. Эшик олдидаги оломон ичида турган Эйлин ҳаётида биринчи марта асабийлашиб бармоқларини тишлар, пешонасида йирик-йирик тер томчилари пайдо бўлганди.
Каупервуднинг отаси ҳаяжондан титрар, укалари эса қўрқув ва қайғуларини кўрсатмаслик учун атрофга қарашарди.
– Илгари ҳам судланганмисиз?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.