Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 41 страниц)
24
Каупервуд тушиб қолган вазиятни ёритиб бериш учун ўша пайтда Филадельфиядаги Республикачилар партияси билан Жорж Стинер, Ҳенри Молленхауэр, сенатор Марк Симпсон ва бошқалар ўртасидаги алоқалар ҳақида қисқача айтиб ўтишимиз керак бўлади. Кўриб ўтганимиздек, жаноб Батлер Каупевудга жуда яхши муносабатда бўлиб, уларни одатдаги ишга оид қизиқишлар боғлаб турарди. Стинер Каупервуднинг қўлида кўр қурол бўлиб хизмат қиларди. Молленхауэр ва сенатор Симпсонлар Батлер билан шаҳар ишларига ўз таъсирини ўтказиш борасида рақобатлашарди. Симпсон штатнинг қонун чиқарувчи мажлисида керак бўлиб қолган тақдирда шаҳар бошқарувидан маҳаллий сайлов қонунларини ўзгартиришни, шаҳар муассасаларининг уставларини қайта кўриб чиқиш, сиёсий ташкилотлар ва алоҳида шахслар фаолиятини тафтиш қилишни талаб қила оладиган Республикачилар партияси вакили эди. Симпсоннинг хизматида бир қатор обрўли газеталар, акционерлик жамиятлари, банклар бор эди. Обрўли ва ҳурматли одам бўлган Молленхауэр филадельфиялик немислар, бир нечта америка оилалари ва кўплаб йирик акционерлик жамиятларининг вакили эди. Учаласи кучли, эпчил одамлар бўлиб, сиёсат бобида хавфли рақиблар ҳам саналарди. Жаноб Симпсон ва жаноб Молленхауэрлар Батлернинг ирландияликлар, бир нечта маҳаллий партия бошлиқлари ва унга худди ўзларининг маънавий бошлиғидек ишонадиган ҳурматли католиклар орасидаги обрўсига кўп умид қилишарди. Батлер ҳам тарафдорларини уларга нисбатан эътиборлилиги, ёрдами, хайрихоҳлиги билан сийлаб турарди. Бунинг учун шаҳар унга мукофот сифатида Молленхауэр ва Симпсонлар орқали кўчаларга тош ётқизиш, кўприклар қуриш, канализациялар ўтказиш учун йирик пудратлар берарди. Бироқ бу пудратларни ўзи кўзга кўринган арбоби бўлган ҳамда уни боқадиган Республикачилар партиясининг ишлари батартиб ва мақбул ҳолатда бўлсагина олиши мумкин эди. Бошқа томондан, нега бу ҳақда айнан у Молленхауэр ва Симпсонлардан кўра кўпроқ қайғуриши керак – ахир Стинерни у қўймаган-ку?! Хизмат юзасидан ғазначи асосан Молленхауэрга бўйсунарди.
Бўлаётган воқеалардан жуда хавотирга тушиб қолган жаноб Батлер ўғли билан кабриолетга ўтираркан, мана шулар ҳақида ўйлаётганди.
– Олдимга ҳозиргина Каупервуд келиб кетди, – деди у ўғли Оуэнга. Ўғли охирги пайтларда молия ишларини яхши тушуна бошлаган, сиёсий ва жамоат ишларида эса ўзи жуда ҳам кучли шахс бўлмаса-да, отасидан ҳам кўра яхшироқ тушунаётганди.
– У жуда ҳам қийин шароитда қолганини айтяпти. Эшитяпсанми, – “Тезкор хабарлар! Тезкор хабарлар!” деган қичқириқларни эшитиб, қўшиб қўйди жаноб Батлер. – Чикаго ёнғин ичида. Эртага биржада ваҳима кўтарилади. Темир йўл акцияларимиз ҳар хил банкларга гаровга қўйилган. Эҳтиёт бўлиб туришимиз керак, акс ҳолда, қарзларимизни тўлаб қўйишимизни талаб қилиб қолишади. Эртага шундай бўлиб қолмаслигининг ҳаракатини қилишимиз керак. Каупервудда юз минг долларим бор, бироқ у бу пулни ҳозир қайтариб олмаслигимни илтимос қиляпти, бундан ташқари, ишга яна Стинернинг пуллари ҳам тикилганини айтяпти.
– Стинернинг пуллари?.. – ҳайрон бўлди Оуэн. – У нима, биржада ўйнайдими? Каупервудда унинг пули кўп эканми?
Стинер ва унинг лайчалари ҳақидаги гаплар унинг ҳам қулоғига етиб келганди, бироқ у аҳамият бермай, отасига бу ҳақда гапиришга улгурмаганди.
Батлер ўғлининг саволига дарров жавоб бермади.
– Кам эмас, – ниҳоят деди ота. – Очиғи, ҳатто жуда кўп: беш юз мингга яқин. Агар бу маълум бўлиб қолса, катта шовқин кўтарилади.
– Ўҳ-ҳў!.. – деб юборди ҳайратга тушган Оуэн. – Беш юз минг доллар! Вой Худойим! Наҳотки Стинер шунча пул йиға олган бўлса? Виждонан айтадиган бўлсам, шу ишни қилишга унинг ақли етганига ишонмаган бўлардим!
– Бўлди, бўлди, шошма, – деди Батлер, бу қандай юз берган бўлиши мумкинлигини яхшироқ тасаввур қилишга уриниб. – Ҳали ҳамма гапни билмаймиз. Балки, Стинер аввалига бунча кўп олмоқчи бўлмагандир. Ҳали ҳамма нарса жой-жойига тушиши мумкин. Пуллар ҳар хил ишларга тикилган. Каупервуд ҳали банкрот бўлгани йўқ. Ва пуллар ҳам ҳали йўқолмади. Энди уни қутқариш учун нима қилиш кераклигини ўйлаш керак. Агар у алдамаётган бўлса (шу пайтгача у ҳали ёлғон гапирмаганди), бу шароитдан чиқиб кетиши мумкин, фақат эртага эрталаб шаҳар темир йўлларининг акциялари оёғи осмондан бўлиб кетмаса бўлди. Мен ҳозир Молленхауэр ва Симпсонлар билан кўришмоқчиман; Каупервуд улар билан гаплашиб кўришни сўраганди. Балки, банклар бозорни ушлаб туришлари учун уларга таъсир ўтказа оларман. Каупервуднинг ўйлашича, агар эртага курсни ушлаб туриш учун бу акцияларни сотиб ола бошласак, ўз активларимизни мустаҳкамлар эканмиз.
Оуэн Каупервуд ҳақида ҳамма билганларини эслай бошлади. Унинг фикрича, Каупервудни яхшилаб ўқитиб қўйиш керак эди. Буларнинг ҳаммаси унинг иши, Стинерники эмас, бунга Оуэннинг ишончи комил. Уни ҳайратда қолдираётган нарса отаси буни кўрмаётгани ва Каупервуддан жаҳли чиқмаётгани эди.
– Отажон, сизга бир нарсани айтиб қўймоқчиман, – бироз тантаналироқ оҳангда юзланди у отасига, – Каупервуд акцияларини Стинердан олган пулига сотиб олган ва энди ботқоққа ўтириб қолди. Агар ёнғин чиқмаганда, бу билинмай ўтиб кетарди, бироқ ҳозир у яна сиз, Молленхауэр, Симпсон ва бошқалар уни қутқариб қолишингизни хоҳлаяпти. У яхши йигит, унга муносабатим ёмон эмас. Бироқ унинг кўрсатмаси билан ҳаракат қилишингиз ақлсизлик бўлади. У шусиз ҳам керагидан ортиқ нарсани қўлига олган. Яқинда Фронт стрит линияси ва Грин ва Коутс линияларининг катта қисми унга тегишли эканини, бундан ташқари, у яна Стинер билан биргаликда Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчалар линияларига ҳам эга чиққанини эшитгандим. Бироқ бунга ишонмай, сиздан шу ростми-йўқми, сўрамоқчи бўлиб тургандим. У ҳар икки ҳолатда ҳам ўзи учун акцияларнинг назорат пакетини яшириб қўйган деб гумонсираяпман. Стинер фақат югурдак: Каупервуд уни хоҳлаган кўйига сола олади.
Бу гапларни айтаркан, Оуэннинг кўзларида бахиллик ва адоват учқунлари чақнади: Каупервуднинг бор нарсасини кимошди савдосида сотиб, ўзини эса кўнка темир йўллари акционерлигидан ҳайдаш керак! Оуэн бу ишнинг бошида туришга анчадан бери иштиёқманд эди.
– Биласанми, – аста жавоб берди жаноб Батлер, – доим бу йигитни ақлли деб ўйлардим, бироқ шунчалик айёрлиги хаёлимга келмаганди. Ҳаммасини ипидан игнасигача ўйлаб чиққан экан. Ўзинг ҳам, англашимча, анойи эмассан-а? Майли, ҳаммасини яхшилаб тарозига солиб кўришимиз керак, балки, бу ишни уддалай олармиз. Бу ерда битта жуда ўзига хос ҳолат бор. Авваламбор, Республикачилар партиясини ёддан чиқармаслигимиз керак. Ўзинг биласан, муваффақиятимиз у билан чамбарчас боғлиқ…
Жаноб Батлер жим бўлиб қолди ва ўғлига қаради.
– Агар Каупервуд банкрот бўлса ва пуллар кассага қайтмаса… – қария бирдан гапини тўхтатди. – Бу воқеада мени хавотирга солаётган нарса – фақат Стинер ва шаҳар ғазначилиги. Агар ҳеч қандай ҳаракат қилмасак, Республикачилар партияси кузда қийналиб қолади, шу билан бирга эса баъзи пудратларимиз ҳам йўққа чиқиши мумкин. Ноябрда сайлов борлиги ёдингдан чиқмасин! Мен ундан ўша юз мингни олсаммикин ёки йўқми, деб ўйлаб турибман. Қарзларимни ёпиш учун эрталаб пул керак бўлади.
Ғалати руҳий ҳолат: Батлер ниҳоят эндигина шароитнинг бутун оғирлигини ҳис қила бошлаганди. Каупервуд олдида берилиб ўз муаммолари ҳақида гапирганида у шу даражада йигитнинг шахси ва ўзининг унга бўлган яхши муносабати таъсирида эдики, бу воқеа унинг қизиқишларига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйламаганди ҳам. Ва мана эндигина, кечки соф ҳавода, орзулари билан банд ва Каупервудни аяш тўғрисида ўйламаётган Оуэн билан суҳбатлаша туриб, Батлер воқеаларга очиқ кўз билан қараб вазиятни тўғри таҳлил эта бошлади. У Каупервуд Республикачилар партиясини жиддий обрўсизлантиргани ва шаҳар ғазначилигини, шу билан бир қаторда, унинг – Батлернинг шахсий қизиқишларини ҳам хавф остига қўйганига амин бўлди. Бироқ нима бўлганда ҳам, қария Каупервудни яхши кўрар ва уни тақдир ҳукмига ташлаб қўймоқчи эмасди. У ҳозир Каупервудни, шу билан бирга, Республикачилар партияси ва ўз ишларини ҳам қутқариш учун Молленхауэр ва Симпсонларнинг олдига кетаётганди. Бироқ қандай шармандалик! У қаттиқ ранжиб, ғазабланаётганди. Қандай найрангбоз йигит бу! Шундай ҳийлалар қилиши мумкинлигини ким ўйлабди дейсиз! Шунга қарамай, ҳатто ҳозир ҳам Батлер Каупервудга ҳурматини йўқотмаганди. У агар ҳали уни қутқаришнинг имкони бўлса, бунинг учун нимадир қилиши лозимлигини ҳис этиб турарди. Ҳатто агар бошқалар ҳам унга ачиниб ҳаракат қиладиган бўлса, охирги дақиқаларгача унинг юз минг доллар ҳақидаги илтимосини бажариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
– Ота, тўғрисини айтсам, нега Молленхауэр ёки Симпсонлардан кўра кўпроқ безовталанишингиз кераклигини тушунмаяпман, – бироз жим туриб сўради Оуэн. – Агар Каупервудни қутқариш учун учалангиз ҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, бу сизнинг ишингиз: бироқ ўлай агар, бу нега кераклигини тушунмаяпман. Албатта, бу воқеа сайловларгача ошкор бўлиб қолса яхши иш бўлмайди, бироқ ўшангача жим туришнинг иложи йўқми? Кўнка темир йўлига тиккан пулларингиз сайловлардан кўра муҳимроқ ва агар шу ишни қўлингизга ола билсангиз, сайловлар ҳақида ўйламасангиз ҳам бўларди. Маслаҳатим: агар эртага тонгданоқ акциялар курси жуда тушиб кетадиган бўлса, юз минг долларингизни талаб қилиб, банкларнинг талабини қондириш керак. Бунинг ортидан Каупервуд банкрот бўлиши мумкин, бироқ бу сизга зарар етказмайди. Сиз биржага бориб унинг акцияларини сотиб оласиз. Агар унинг ўзи олдингизга шу таклиф билан келса, ҳайрон бўлмасдим. Сиз Молленхауэр ва Симпсонларга таъсир ўтказишингиз керак: улар Стинерни қўрқитиб қўйиб, Каупервудга бир доллар ҳам қарз бермаслигини талаб қилишсин. Агар шу ишни қилмасангиз, у Стинернинг олдига бориб, яна пул олади. Стинер жуда чуқурлашиб кетибди. Балки, Каупервуд ўз улушини сотишни хоҳламас, бу унинг иши, бироқ ишлари орқага кетса керак ва ана шунда унинг биржадаги бор акцияларини сотиб оласиз. Ўйлашимча, у ҳаммасини сотиб юборади. Стинернинг ана шу беш юз мингини деб ташвишланишингизнинг ҳожати йўқ. Ўша пулларни Каупервудга беришга уни ҳеч ким мажбур қилмаган. Қандай хоҳласа, шундай қутулаверсин! Тўғри, партия зарар кўриши мумкин, бироқ бу энг муҳими эмас. Молленхауэр билан бирга газеталарга босим ўтказасизлар ва улар сайловлар тугагунча индамай туришади.
– Шошма, бироз шошмай тур! – деди ўғлига кекса пудратчи ва яна хаёлга чўмди.
25
Ҳенри Молленхауэр Эдвард Батлер каби шаҳарнинг янги қисмларидан бирида, Брод стритда янги ва чиройли кутубхонадан узоқ бўлмаган жойда яшарди. Унинг уйи кенг ва ўша даврнинг янги бой одами яшаши учун жуда мос – тўрт қаватли, деворининг сирти сариқ ғишт ва оқ тош билан қопланган, аниқ бир услубга эга бўлмаган, бироқ кўзни қувонтирадиган бино эди. Кенг зинапоялар юқорига, ўртасида оғир нақшинкор эшик ўрнатилган, ёнида эса оч ҳаворанг нозик гулсаватлар билан безатилган тор деразалари бор кенг айвонга олиб чиқарди. Бу уйнинг барча йигирмата хонаси паркет полли ва ўша давр учун жуда қиммат бўлган ёғоч панеллар бор эди.
Бинонинг биринчи қаватида зал, катта меҳмонхона ва ўлчами ўттиз квадрат футдан кам бўлмаган, эман дарахти ёғочи билан ишланган ошхона бор эди. Иккинчи қаватда эса уй эгасининг ўзларини мусиқачилар деб тасаввур қиладиган қизлари учун рояль қўйилган хона, кутубхона, Молленхауэрнинг хонаси ва ваннахона ҳамда унча катта бўлмаган қишки боғ уланиб кетган хотинининг будуари жойлашганди. Молленхауэрни шаҳарда жуда муҳим инсон ҳисоблашар ва у ҳам ўзини шундай санарди. Молиявий ва сиёсат ишларида у жуда зийрак эди. Аслида немис, тўғрироғи, келиб чиқиши немисларга бориб тақалувчи америкалик бўлса-да, ташқи кўриниши оддий америкаликлардан фарқ қилмасди. Нигоҳларида ўткир ақли совуқ нур сочиб турарди. У баланд бўйли бўлиб, миқтидан келганди. Бақувват кўкраги ва кенг елкалари гоҳ думалоқ, гоҳ чўзинчоқроқ кўринадиган чиройли бошига жуда мос эди. Жонли, синчков ва ўткир нигоҳлари устида дўнг пешонаси яққол кўзга ташланар, бурни, оғзи, ияги, семиз ва текис бўйни – бир сўз билан айтганда, йирик, маъноли юзи бу одам нима хоҳлашини билиши ва ҳар қандай тўсиққа қарамай, албатта, ўз сўзини ўтказишидан гувоҳлик бериб турарди.
Эдвард Мэлия Батлер билан Молленхауэрни яқин дўстлик (агар икки ишбилармон ўртасида дўстлик бўлиши мумкин бўлса) боғлаб турарди. Марк Симпсонга эса у тахминан бир йўлбарс иккинчи йўлбарсни қандай ҳурмат қилса, шундай муносабат кўрсатарди. У юксак қобилиятларнинг қадрига етар ва агар ўйин виждонан олиб бориладиган бўлса, доим унда иштирок этишга тайёр эди. Акс ҳолда, унинг маккорлиги чегара билмасди.
Якшанба оқшомида Молленхауэр на Эдвард Батлерни, на унинг ўғлини кутмаётганди. Филадельфия бутун бойлигининг учдан бир қисмига эга бу одам кутубхонасида мутолаа қилиб ўтирар ва қизларидан бирининг роялда чалаётган мусиқасини тингларди. Хотини ва яна икки қизи черковга кетишганди. Молленхауэр табиатан уйида ўтиришни хуш кўрарди. Умуман якшанба оқшомлари сиёсатчилар дунёсида ҳар хил мажлислар ўтказишга қулай вақт саналгани учун Молленхауэр Республикачилар партиясидан бирорта оғайниси келиб қолишини кутаётганди. Шунинг учун ҳам хизматкори жаноб Батлер ва унинг ўғли келганини маълум қилганида, у ҳатто суюниб кетди.
– Кимни кўряпман! – Батлер билан саломлашди у қўлини узата туриб. – Жуда хурсандман! Оуэн ҳам сиз биланми? Ишлар қалай, Оуэн? Жентельменлар, сизларни нима билан меҳмон қилсам экан? Нима чекишни афзал кўрасизлар? Бошида бир рюмкадан ичиб оламиз. Жон, – хизматкорига юзланди у, – бизга ўткирроқ бирон нарса беринг!.. Мен Каролинанинг рояль чалишига қулоқ солиб ўтиргандим. У сизлардан хижолат бўлди, шекилли.
У Батлерга кресло суриб қўйди, Оуэнга эса столнинг нариги томонидан жой кўрсатди. Бир дақиқа ҳам ўтмай, хизматкор виски шишалари, вино ва ҳар хил сигаралар солинган қутичалар терилган ажойиб кумуш патнис кўтариб кирди. Оуэн вино ва чекишдан ўзини тиядиган янги ишбилармонлар гуруҳига кирарди. Отаси эса чегарадан чиқмаган ҳолда унисидан ҳам, бунисидан ҳам тотиб турарди.
– Уйингиз жуда файзли-да! – келишининг сабабини ҳали айтмай туриб, хушомад қилди Батлер. – Якшанбада кечқурунлари ҳеч қаерга бормаслигингиз ажабланарли эмас. Шаҳарда нима янгиликлар?
– Билишимча, ҳеч гап йўқ, – хотиржам жавоб берди Молленхауэр. – Ҳаммаси кўнгилдагидек кетяпти. Бироқ менимча, сиз нимадандир хавотирдасиз?
– Ҳа, бироз, – қўлидаги содали коньякни ичиб тугатаркан, жавоб берди Батлер. – Хавотирли хабарлар бор. Кечқурунги газеталарни ўқимадингизми?
– Йўқ, ҳали ўқимагандим, – Молленхауэр креслосида қаддини кўтарди. – Бугун кечқурунги сони чиқдими? Нима ҳодиса юз берибди?
– Чикагодаги ёнғинни ҳисобга олмаса, ҳеч нарса. Афтидан, эртага эрталаб фонд биржасида тўполон бошланади.
– Нималар деяпсиз? Мен эса ҳеч нарса эшитмадим. Демак, кечки газеталар сони чиқибдими? Хўш, хўш… Нима, шундай катта ёнғин эмишми?
– Айтишларича, бутун шаҳар ёнғин ичида экан, – деди машҳур сиёсат арбобининг юзидаги ифодани қизиқиб томоша қилаётган Оуэн.
– Ҳа… Мана бу янгилик! Газета олиб келтириш керак. Жон!.. – баланд овозда чақирди у ва хизматкор пайдо бўлиши билан буюрди. – Менга қаердан бўлса ҳам газета топиб келинг! Нега у воқеалар бу ердаги ишларда ҳам акс этиши мумкин деб ўйлаяпсиз? – хизматкори кетгандан кейин яна Батлерга мурожаат қилди Молленхауэр.
– Биласизми, мен охирги дақиқаларгача ҳеч нарса билмаган бир ҳолат бор экан. Дўстимиз Стинер, биттаси тахмин қилаётгандек, ишлар яхши бўлиб кетмаса, ўз кассасида яхшигина суммани тўлдира олмайди, – хотиржамлик билан тушунтирди Батлер. – Бундай воқеа эса, ўзингиз яхши биласиз, сайловлар олдидан яхши таассурот уйғотиши даргумон…
Батлер кўкимтир ақлли кўзлари билан Молленхауэрга тикилди, у ҳам ўз навбатида ўткир қараш билан жавоб қилди.
– Буни қаердан эшитдингиз?.. – совуққина оҳангда сўради Молленхауэр. – Наҳотки у атайин камомад қилган бўлса? Сизга у қанча олгани ҳам маълумми?
– Мўмайгина, – аввалгидек вазминлик билан жавоб берди Батлер, – тушунишимча, беш юз минг долларга яқин. Бу ҳали камомад эмас. Бироқ келажакда ишлар нимага айланиб кетади, номаълум.
– Беш юз минг доллар?!. – ҳайрат билан хитоб қилди Молленхауэр ўзини тутишга уриниб. – Бўлиши мумкин эмас! У қачондан бери пул олишни бошлаган экан? Ва уларни нима қилган?
– Учинчи кўчадаги ёш Каупервудга, шаҳар заёмини сотишни амалга оширган йигитга беш юз минг қарз берган экан. Бу пулга улар ўз манфаатлари йўлида ҳар хил найрангларни қилишган, асосан кўнка темир йўл акцияларини сотиб олишган.
Кўнка темир йўллари тўғрисида гап кетганда Молленхауэрнинг қилт этмаётган юзи бир сапчиб тушгандек бўлди.
– Каупервуднинг фикрича, бу ёнғин эртага биржада ваҳима уйғотаркан ва у яхшилаб қўллаб-қувватланмаса, шароитдан чиқиб кета олмаслигидан қўрқяпти. Агар у банкротга учраса, шаҳар ғазнасида беш юз минг доллар камомад чиқади, уни кейин тўлдириб бўлмайди. Стинер шаҳарда эмас экан, Каупервуд олдимга уни қўллабқувватлашимни илтимос қилиб келибди. Тан олишим керак, ўз вақтида у баъзи ишларимни бажариб берган ва энди ёрдам беришимга ишониб келибди. Яъни сиз ва сенаторни йирик банкларга таъсир ўтказиб, шу йўл билан эртага биржадаги нархни ушлаб туришга кўндиришимга умид қилаётган экан. Акс ҳолда, Каупервудга ҳалокат хавф соляпти ва бундан келиб чиқадиган жанжал бизга сайловларда зарар етказиши мумкин. Назаримда, у ҳеч қандай ўйин қилмаяпти, шунчаки иложи борича ўзини қутқаришга уриняпти ва менга, тўғрироғи, бизга ҳам панд бермасликка ҳаракат қиляпти.
Батлер гапини тугатди. Ўта писмиқ ва ҳийлагар Молленхауэр бу кутилмаган хабардан хавотирга тушиб қолганини асло сездирмади. Бироқ Стинерда заррача ҳам молиявий ёки ташкилотчилик қобилияти йўқлигига доим ишончи комил бўлгани учун жуда қизиқиб қолганди. Демак, унинг лайчаси унга билдирмай, ғазначиликнинг маблағларидан яширинча фойдаланган ва энди жавобгарликка тортилиш хавфи остида турибди! Каупервудни эса Молленхауэр фақат сиртдан, заёмлар билан операцияни ўтказиш учун таклиф қилинган одам сифатидагина танирди.
Бу операциялардан кимлардир, шу жумладан, Молленхауэр ҳам бойлик орттирган. Бу банкир Стинерни чув туширган ва ундан олинган пулга кўнка темир йўлларининг акцияларини сотиб олган! Бундан келиб чиқадики, унда ва Стинерда бундай қоғозлар жуда кўп бўлса керак – Молленхауэрни жуда қизиқтириб қўйган вазият шу эди.
– Беш юз минг доллар!.. – Батлер сўзини тугатганда яна такрорлади у. – Ҳа-а, йирик сумма! Агар биттагина бозорни ушлаб туриш билан Каупервудни қутқариш мумкин бўлганида эди, эҳтимол, унга ёрдам берардик, бироқ жиддий ваҳима кўтариладиган бўлса, бу ишдан натижа чиқмайди. Агар бу йигит пулга эҳтиёжманд бўлиб, биржада эса қимматбаҳо қоғозларнинг нархи тез тушиб кетадиган бўлса уни қутқариш учун яна бир қатор қўшимча ишларни қилиш керак бўлади. Бу менга тажрибадан маълум. Мабодо унинг пассиви қандай эканини билмайсизми?
– Йўқ, билмайман, – жавоб берди жаноб Батлер.
– У сиздан пул сўрамади, шундайми?
– Фақат шароити аниқ бўлмагунча ундаги юз мингимни сўрамай туришимни илтимос қилди.
– Стинер чиндан ҳам шаҳарда эмасми? – қизиқди табиатан ишонувчан бўлмаган Молленхауэр.
– Каупервуд шундай деб тасдиқлади. Текшириб кўриш учун бирортасини юборишимиз мумкин.
Молленхауэр бу шароитдан қандай қилиб оқилона тарзда чиқиб кетишни ўйлаётганди. Агар шу йўл билан Каупервудни, шунингдек, ғазначи ва Республикачилар партияси шарафини асраб қолиш мумкин бўлса, қимматбаҳо қоғозлар курсини ушлаб туриш чиндан ҳам энг зўр йўли. Стинер ғазнага беш юз минг долларни қайтаришга мажбур бўлади, бунинг учун эса у акцияларини сотади, ана шунда Молленхауэр уларни сотиб олса-чи? Бироқ… афтидан, бу ерда Батлернинг қизиқишларини ҳам ҳисобга олиш керак. У нимани талаб қилиши мумкин?
Молленхауэр Батлер билан суҳбатдан билдики, агар шунча суммани йиға олса, Каупервуд етмаётган беш юз минг долларни ўрнига қўйишга тайёр. Унинг кўнка темир йўлининг ҳар хил линияларидаги улуши ҳақида ҳали гап очилгани йўқ. Бироқ Каупервудни шу йўл билан қутқариб қолиш ва ҳатто шу ҳолда ҳам, унинг беш юз минг доллар топиб, уни Стинерга қайтиб бериш истаги ва имкони бўлишига қандай ишониш мумкин? Унга ҳозир нақд пул керак, бироқ ваҳима бостириб келаётганда ким унга шунча пул беради? У эвазига қандай гаровни таклиф қилиши мумкин? Бошқа томондан, Каупервуд ва Стинер яхшилаб қистовга олинса, улар ўзларининг темир йўл акцияларини жуда арзонга бериб юборишлари мумкин. Агар Молленхауэр бу акцияларни ола билса, кузги сайловларда партия ғалаба қозонадими, ютқизадими – унга фарқи йўқ. Аслида у ҳам Оуэн каби ютқизишдан қочиш мумкин деб ҳисоблаётганди. Тўғрироғи, олдинги йиллардагига ўхшаб ютуқни сотиб олса бўлади. Стинернинг камомадини (агар Каупервуднинг муваффақиятсизлиги туфайли у камомадчи бўлиб қолса), шубҳасиз, сайлов ғалабаларигача яшириб туришнинг иложи бор. Бирдан унинг хаёлига келиб қолди: Стинерни қўрқитиб, Каупервудга ортиқ қарз бермаслик ҳақида огоҳлантирилса, кейин ундаги кўнка темир йўллари акциялари, шу билан бирга барча акция эгалари, жумладан, Батлер ва Симпсонларнинг ҳам акциялари нархи кескин пасайтирилса, ундан ҳам яхши бўларди. Бу линиялар вақти келиб Филадельфияда бойишнинг энг асосий манбаи бўлиб қолади. Бироқ ҳозир ўзини шундай тутиши керакки, гўё уни биринчи ўринда яқинлашиб қолган сайловларда партияни қутқариш муаммоси қизиқтираётгандек бўлсин.
– Мен, албатта, сенатор номидан қарор қабул қила олмайман, – ўйланиб гап бошлади Молленхауэр, – ва унинг бу борадаги қарашларини билмайман. Бироқ шахсан ўзим, агар бу бирон фойда келтирадиган бўлса, қимматли қоғозлар курсини ушлаб туриш учун менга боғлиқ ҳамма нарсани қилишга тайёрман. Сабаби банклар мендан ҳам қарзларимни узишни талаб қилади. Бироқ ҳозир биринчи навбатда Каупервуднинг ишлари чиндан ҳам чаппасига кетадиган бўлса, буни сайловгача овоза қилмай туришга эришишимиз керак. Чунки бозорни ушлаб туришга уринишимиз муваффақиятли чиқади дейишимизга ҳеч қандай ишонч йўқ-ку, тўғрими?
– Ҳеч қандай!.. – хўмрайганча тасдиқлади Батлер.
Оуэнга эса Каупервуд аллақачон тамом бўлганга ўхшаб кўринаётганди. Бироқ шу пайт эшикни тақиллатиб қолишди. Газетага юборилган хизматкорнинг ўрнига оқсоч аёл кириб, сенатор Симпсон келганини маълум қилди.
– Ҳизрни йўқласак ҳам бўлар экан!.. – хитоб қилди Молленхауэр. – Чақиринг! Ҳозир унинг фикрини билиб оламиз.
– Менимча, сизларни ёлғиз қолдирсам яхши бўлади, – деди Оуэн отасига. – Мен Каролина хонимнинг олдига бориб, менга бирон қўшиқни айтиб беришини сўрайман. Ота, сизни кутиб тураман.
Молленхауэр йигитга рухсат бергандек жилмайиб қўйди ва Оуэн чиқиб кетар экан, эшик олдида сенатор Симпсонга тўқнаш келди.
Дунёга жуда кўп қизиқарли инсонларни берган Пенсильванияда ҳали ҳеч ким шу пайтгача сенатор Симпсондек гуллаб-яшнаб кетмаганди. Уни ҳозир илиқ кутиб олаётган Батлер ва Молленхауэрларга қарама-қарши ўлароқ, у ташқаридан жуда нурсиз кўринарди: бўйи пастаккина, Молленхауэр олти фут, Батлер эса беш фут ва ўн бир дюйм бўлгани ҳолда унинг бўйи беш футу тўққиз дюйм бўлиб, башараси анави иккаласиникидан фарқли ўлароқ тумшайгандек кўринарди. Унинг кўз қарашлари Батлерники каби самимий ва Молленхауэрники каби кибрли эмасди. Бироқ нигоҳлари фавқулодда ақлли порлаб турарди. Кўзлари ғаройиб, чуқур жойлашган бўлиб, қоронғи бурчакдан туриб ўлжасини пойлаётган мушукнинг кўзларини эсга соларди. Симпсоннинг бир тутам қора сочи чиройли пешонасига тушиб турар, юзи эса соғлиғи яхши бўлмаган одамларники каби бўзаринқираган эди. Сиртдан шунақа кўринишига қарамай, бу одамда ўзига хос, ўжар, чексиз куч яширинган бўлиб, мана шу куч ёрдамида у одамларни ўзига бўйсундира оларди. Симпсон вазмин, шалвираган, қўллари совуқ ва силлиқ, зўрға жилмаядиган одам бўлса-да, бироқ маъноли қараши ташқи кўринишидаги ҳамма камчиликни ювиб юборарди.
– Хайрли кеч, Марк, сизни кўраётганимдан хурсандман, – саломлашди жаноб Батлер.
– Салом, Эдвард, – паст товушда жавоб берди меҳмон.
– Азизим сенатор, вақт сизни ҳеч ўзгартиролмайди, ҳалиям ўша-ўшасиз. Сизга нима қуяй?
– Йўқ, Ҳенри, ҳеч нима ичмайман, – жавоб берди Симпсон. – Уйга кета туриб сизникига бир неча дақиқага киргандим. Хотиним шу яқин орада, Кэвеноуларникида эди, ҳали унга ҳам кириб кетишим керак.
– Сенатор, қандай вақтида келганингизни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз, – меҳмон ўз ўрнига ўтираркан, гап бошлади Молленхауэр. – Жаноб Батлер ҳозиргина менга сиз билан кўришмаганимиздан бери юз берган сиёсий тусдаги бир қийинчилик ҳақида гапириб берганди. Чикагодаги ёнғин ҳақида эшитган бўлсангиз керак, албатта?
– Ҳа, менга бу ҳақда ҳозиргина Кэвеноу айтиб берди. Афтидан, аҳвол жуда жиддийга ўхшайди. Эртага эрталаб нархлар кескин тушиб кетса керак.
– Мен ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлаяпман, – меҳмоннинг гапини маъқуллади Молленхауэр.
– Мана кечки газета ҳам келди!.. – қўлида газета билан кириб келаётган хизматкорни кўриб, хитоб қилди Батлер.
Молленхауэр газетани қўлига олиб, стол устига ёйди. Бу Америкада чиққан тезкор хабарлардан бири эди. Йирик ҳарфлар билан терилган сарлавҳалар шаҳарда кеча бошланган ёнғин соат сайин янада кенгаяётганидан хабар берарди.
– Даҳшат, – деди Симпсон. – Чикагога одамнинг ичи ачишиб кетяпти. У ерда дўстларим кўп. Умид қиламизки, аҳвол аслида бу ерда ёзишаётганчалик даҳшатли эмас.
Симпсон ҳамма ерда ва ҳамма шароитда дабдаба билан гапиришни яхши кўрарди.
– Жаноб Батлернинг менга ҳозиргина айтиб берган гаплари маълум даражада шу фалокат билан боғлиқ, – деди Молленхауэр. – Ғазначиларимизнинг шаҳар пулларидан йилига икки фоиз ҳисобидан қарз бериш одатлари сизга маълум…
– Хўш, нима бўпти?
– Хуллас, маълум бўлишича, жаноб Стинер Учинчи кўчадаги ёш Каупервуд – заёмларимизни сотиш билан шуғулланган йигитга шаҳар маблағидан яхшигина қарз берган экан.
– Нималар деяпсиз?! – ўзини ажабланганга солиб хитоб қилди жаноб Симпсон. – Кўп берган эканми?
Сенаторнинг ўзи ҳам Батлер ва Молленхауэр каби шу манбанинг ўзидан яхшигина пул қиларди.
– Стинер, афтидан, унга беш юз минг долларга яқин қарз берган ва Каупервуд ҳозирги шароитга дош бера олмаса, у ҳолда Стинерда шунча камомад чиқади. Ўзингиз яхши тушунасиз, бундай ҳодиса сайловчиларда ёмон таассурот қолдиради. Каупервуд жаноб Батлердан юз минг қарз экан ва бугун унинг олдига гаплашгани келибди. Бу шароитдан чиқиб кетиши учун Жаноб Батлер орқали у биздан ёрдам сўраяпти. Акс ҳолда, Молленхауэр қўли билан маъноли қилиб ишора қилди – у банкротга учрайди.
Симпсон ўзининг ингичка қўли билан лаблари ва иягини силаб қўйди.
– Бу ярим миллион долларни нима қилишган экан? – қизиқди у.
– Бу уддабуронлар ташқарида пул қилишган, – истеҳзо билан деди Батлер, кейин бош бармоғини жилетининг ўмизига тиқаркан, қўшиб қўйди. – Шунинг ичида яна кўнка темир йўллари акцияларини ҳам сотиб олишган, шекилли.
Молленхауэр ва Симпсонлар истар-истамас жилмайиб қўйишди.
– Хўш, хўш… – деди Молленхауэр.
Сенатор Симпсон жим турар, фақат юзидаги ифодагина у берилиб ўйлаётганини сездириб турарди. У ҳам бир гуруҳ сиёсатчи ва ишбилармонларга бундай илтимос билан мурожаат қилиш, бунинг устига, инқироз бостириб келаётганда, қанчалик бефойда экани ҳақида ўйлаётганди. Тўғри, бирдан унинг хаёлига келиб қолди, битта йўли бор: у, Батлер ва Молленхауэр биргаликда Каупервудни қўллаб-қувватлашади, бунинг эвазига миннатдорлик тариқасида у ўзининг бор кўнка темир йўллари акциясини уларга беради. Шу ҳолда, балки, ғазначи билан бўлган масалада ҳам индамай кетиш мумкин; бироқ бошқа томондан, биринчидан, Каупервуд акцияларини сотишга рози бўлишига ва иккинчидан, Батлер ва Молленхауэр шу шартга кўнишларига қандай кафолат бор? Батлер бу ерга Каупервуд учун ёрдам сўраб келган бўлса керак. Молленхауэр эса доим у билан зимдан рақобатда бўлиб келган. Улар сиёсий аренада ҳамкорлик қилишса-да, молиявий мақсадлари тубдан фарқ қиларди. Уларнинг молиявий қизиқишлари бир хил эмасди, Батлер билан Молленхауэрлар ҳам шундай эди. Кейин Каупервуд жуда ҳам содда эмас. Ва унинг айбини бу ишда Стинернинг айби билан қиёслаб бўлмайди: ахир пул берган Стинер-ку, Каупервуд эмас. Миясига келган бу фикрни ҳамкасбларига айтиш керакми ёки йўқми, деган савол берди сенатор ўзига ва шу заҳоти йўқ, бўлмайди, деган қарорга келди. Бундай ишда ҳамкорлик қилишига ишониш учун Молленхауэр жуда ҳам ҳийлагар одам. Яхшиси, ёлғиз ҳаракат қилиш керак. Ҳозирча эса улар Стинердан Каупервудни беш юз мингни қайтаришга мажбур қилишни талаб қилиб туришади. Агар бу ишдан ҳеч бир натижа чиқмаса, партия учун Стинерни қурбон қилишга тўғри келади. Каупервудга келсак, унинг ишлари ҳақидаги аниқ ахборотнинг борлиги биржадаги сохта шахслар ёрдамида яхшигина ишлаб олиш имконини беради. Бу одамлар аввалига Каупервуд тушиб қолган ёмон шароит ҳақида гап тарқатишади, кейин эса унга ўз акцияларини жуда арзонга сотишни таклиф қилишади. Бу Каупервуд деганлари Батлерга вақтини топиб мурожаат қилмабди.
– Гап бундай, – анча вақт жим тургандан сўнг гап бошлади сенатор. – Мен, албатта, жаноб Каупервудга жуда ачиняпман ва уни кўнка темир йўллари акцияларини сотиб олгани учун айбламоқчи эмасман, чунки унинг бунга имконияти бор эди. Бироқ очиғини айтсам, айниқса, шундай нозик пайтда унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини кўрмаяпман. Сизларни билмадим-у, бироқ мен қанча хоҳлаганим билан биров учун ўзимни ўққа тутиб беришга ҳаққим йўқ. Биз аввал бир нарсани ҳал қилиб олишимиз керак: партия пул кеткизишимиз лозим бўлган даражада хавф остидами?
Гап нақд пул сарфи ҳақида кетиши билан Молленхауэрнинг юзи тундлашди.
– Мен ҳам, афтидан, жаноб Каупервудга бирор ёрдам бера олмасам керак, – хўрсиниб деди у.
– Жин урсин!.. – хитоб қилди жаноб Батлер ва ўзига хос бўлган юмор билан қўшиб қўйди: – Мен ҳам ундан ўзимнинг юз минг долларимни қайтариб оламан, шекилли! Эртанги кунни шундан бошлайман.
Бу сафар на Симпсон ва на Молленхауэр ҳатто мийиғида кулиб қўйишни ҳам ўзларига эп кўришмади. Улар юзларида тантанали ифода билан қилт этмай туришарди
– Шаҳар ғазначилигидан олинган пулга келадиган бўлсак, – бироздан сўнг гап бошлади жаноб Симпсон, – бу ишни яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. Агар жаноб Каупервуд банкротга учраб, ғазначилигимиз шунча пулни йўқотадиган бўлса, биз жуда қийин аҳволга тушиб қоламиз. Бу Каупервуд деганлари биринчи ўринда қайси кўнка темир йўлларига қизиқаркан? – шунчаки қизиққандек сўради Симпсон.
– Очиғи, хабарим йўк, – жаноб Батлер Молленхауэрникига келишаётганда Оуэн йўлда айтган гапни очмасликни афзал кўрди.
– Бироқ Каупервуд банкрот бўлишидан олдин Стинерни етмаётган пулни жойига қўйишга мажбур қила олсак ҳам, барибир катта кўнгилсизликлардан қутула олмаймиз, – деди Молленхауэр. – Бошқа томондан эса агар Каупервуд унинг зарарни тўлдиришини кутаётганимизни тушуниб қолса, албатта, дарров ўз ишини ёпса керак. Хуллас, бу ерда оқилона бир иш қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, Каупервуд билан ишини бир ёқли қилмагунича нимадир қиладиган бўлсак, дўстимиз Эдвардга нисбатан адолатсизлик бўлади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.