Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 30 (всего у книги 41 страниц)
Ҳурматли маслаҳат кенгаши аъзолари, бу ерда жаноб Стинерни ҳимоя қилмоқчи эмасман. Менимча, у ўзининг бу такаббур, ўзига бино қўйган, шаҳар ғазначисининг олдига қўй терисини ёпиниб олган бўридек бой бўлиш мақсадида уни нотўғри йўлга бошлаш учун келган сармоядор шеригидан, агар кўпроқ бўлмаса, кам айбдор эмас. Бироқ ҳозир ёнгинамда жаноб Каупервудни бировларнинг хизматини қиладиган кўнгилчан, оқкўнгил, юмшоқ одам деб тасвирлашганида, титраб кетяпман!
Муҳтарам маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳамма нарсани тўғри тушуниш учун ўн ёки ўн икки йиллар илгари жаноб Стинер камбағал, сиёсат дунёсида янги одам бўлиб юрганида бу эпчил, қув биржачи унинг олдига келиб, унга шаҳар маблағидан қандай қилиб пул ишлаш йўлини ўргатганини эсга олиш керак. У пайтда Жорж Стинерни, худди янги шаҳар ғазначиси билан биринчи марта кўришган Фрэнк Каупервуд каби ҳеч ким танимасди. Мен бу одамни – айёр тулкини яққол кўз олдимга келтиряпман. Мана у – келишган, ёш, ажойиб кийинган йигит, Стинернинг олдига келиб, “Менга ишонинг! Шаҳар заёми билан ишлашга рухсат беринг, шаҳар пулларини икки ярим, балки ундан ҳам камроқ фоиз қилиб қайтариш шарти билан менга беринг!” деяпти. Бу манзарани кўз олдингизга келтириш қийинми? Уни бу ролда тасаввур қила олмаяпсизми? Жорж Стинер шаҳар ғазначиси ўрнига ўтирганида камбағал, ҳатто жуда қашшоқ эди. У бир бечораҳол, йилига икки ярим минг маош оладиган кўчмас мулк сотиш ва суғурта агенти эди. Хотини ва тўртта боласини боқиши кераклиги учун бойлик ва ҳашамат деган нарсалар тўғрисида тасаввури ҳам йўқ эди. Бироқ жаноб Каупервуд пайдо бўлади, тўғри, ўз ҳолича эмас, жаноб Стинернинг ўзи уни иш юзасидан таклиф қилган. Бироқ у пайтда бу ишдан ўз манфаати учун фойдаланиш жаноб Стинернинг хаёлида ҳам йўқ эди. Ва жаноб Каупервуд шаҳар ғазначисига уларнинг икковларини ҳам бой қилиши мумкин бўлган шаҳар заёмларини бошқариш режасини кўрсатади. Бу ерда гувоҳ сифатида ҳозиргина жаноб Стинер айтиб ўтган кўрсатмаларга асосланиб, сиз бой бўлишнинг шунчалик айёрона режасини ғазначининг ўзи тузиб, мана бу жентльменга берганини тасаввур қила оласизми?
Шеннон қўли билан Каупервудни кўрсатди.
– Жаноб Стинер мана шу жентльменга молия бўйича бирор янгилик ёки мураккаб биржа комбинацияларини ўргата оладиган одамга ўхшайдими? Жаноб Стинернинг ишониш қийин бўлган операциялар (натижада булар иккови яхшигина бойлик орттиргани)ни ўйлаб топа олишига ишонасизларми? Жаноб Каупервуд банкрот бўлганидан сўнг кредиторларига айтган маълумотига кўра, бир неча ҳафта олдин у ўз бойлигини бир миллион икки юз эллик минг долларга баҳолаган, бироқ у яқиндагина энди ўттиз тўрт ёшга тўлди. Шаҳар ғазначиси билан иш бошлашганида унинг мулки қанчани ташкил этарди? Сиз буни билмайсиз-а? У ҳолда мен айтаман. Тахминан бир ой аввал, ушбу лавозимга энди ўтган пайтимда, шу масала бўйича ахборот беришларини сўрагандим. Натижа нима бўлди денг: у пайтда жаноб Каупервуднинг бор мулки икки юз эллик минг доллардан ошмаганди. Икки юз эллик минг доллар эди, холос! Менда “Дан энд компани” банкирлик контораси китобининг ўша йил учун ҳисобкитоб ёзувларидан кўчирма бор. Бу кўчирма бўйича сиз бу янги пайдо бўлган императорнинг мол-мулки қандай тез ўсиб борганига гувоҳ бўлишингиз мумкин! Охирги бир неча йил давомида у қанча маблағ орттирди! Бироқ, эҳтимол, Жорж Стинернинг бойлиги ҳам у ўз мансабидан олиниб, камомад учун судга тортилгунга қадар бундан кам бўлмаган бўлиши мумкиндир? Нима деб ўйлайсиз? Мана, унинг ўша пайтга қадар актив ва пассивлари ҳақидаги маълумот. Ўз кўзларингиз билан ишонч ҳосил қилишингиз мумкин! Уч ҳафта аввал унинг бойлиги икки юз йигирма минг долларни ташкил қилган ва бу маълумотни тўғри деб айтиш учун етарли асосларим бор. Нима деб ўйлайсиз, нима сабабдан жаноб Каупервуд шунчалик тез бойиган, жаноб Стинер эса жуда секин? Ахир улар бу жиноятда шерик-ку! Жаноб Стинер шаҳарга тегишли пуллардан жаноб Каупервудга сахийлик билан икки ярим фоизли қарз бериб турган, Учинчи кўчада эса бу пайтда талаб қилиб олинадиган ссудаларга ўн олти-ўн етти фоиздан тўлашган. Жаноб Каупервуднинг унга жуда арзонга тушган пуллардан фойда қилиш учун иложи борича кўпроқ фойдалана олганига бирорта одам шубҳа қилмаса керак. Ёки бу инсон катта ишларни қила оладиганга ўхшамайдими? Ҳозиргина ўзингиз уни кўрдингиз, кўрсатмаларини эшитдингиз. Қандай хушмуомала, очиқюз ва юраги тоза инсон бўлиб кўринди! У гўё фақат жаноб Стинерга ва унинг дўстларига яхшироқ хизмат қилиш ҳақида ўйлаган эмиш, бироқ олти йил ичида ўзи миллиондан кам топмабди-да, бироқ жаноб Стинерга бойиш учун бир юз олтмиш мингдан ортиқ бермабди, улар ҳамкорга айлангунича жаноб Стинернинг бироз маблағи бор эди.
Шеннон энди нутқининг асосий жойига, яъни тўққизинчи октябрь куни Каупервуд Стинернинг олдидан чиққандан сўнг Альберт Стайерсдан олтмиш минг долларга чек ёздириб олган пайтга келганди. Прокурорнинг шундай жинояткорона ва ҳийлагарлик билан қилинган ҳаракатга нисбатан ҳайратининг чеки йўқ эди – ҳар ҳолда, тингловчиларга шундай кўринди. Бу очиқ кўриниб турган, ўз номи билан ўғрилик дея аталувчи жиноят ва Каупервуд Стайерсдан чек ёзиб беришни сўраганида нима қилаётганини жуда яхши билган!
– Ўзингиз ўйлаб кўринг! – Шеннон орқасига ўгирилиб, унга хотиржамлик билан сира хижолат бўлмай тикилиб турган Каупервудга қаради. – Бу одамнинг ўзини тута олишига қаранглар: ҳийлакорликда Макиавелли1818
ХVI асрда яшаган итальян файласуфи ва ёзувчиси. – Тарж. изоҳи.
[Закрыть] дан қолишмайди. У банкрот бўлиши аниқлигини билган. Уни ўз ҳийлаларини давом эттириш имконидан айирадиган хавфнинг олдини олиш учун икки кунлик беҳуда ҳаракатларидан кейин бу одам уни қутқара оладиган биргина манба қолганини тушунади, яъни шаҳар ғазначилиги! Агар у бу ердан ҳам ёрдам топа олмаса, банкрот бўлиши аниқлигига ақли етади. У бусиз ҳам шаҳар кассасидан беш юз минг доллар қарз эди ва шаҳар ғазначисидан тилсиз қурол сифатида фойдаланиб, уни шунчалик чигаллаштириб ташлагандики, Стинер бундай катта қарзни кўриб, даҳшатга тушади. Хўш, бу нарса жаноб Каупервудни тўхтатиб қола олдими? Асло!
Шеннон ғазаб билан Каупервудга бармоғини ниқтади, Каупервуд эса алам билан тескари ўгирилди.
– Нима қилиб бўлса ҳам яхши кўринмоқчи! – адвокатига шивирлади у. – Маслаҳатчиларга шуни айтиб қўйинг.
– Бажонидил айтган бўлардим, – истеҳзо билан деди Стежер, – бироқ менга бошқа сўз беришмайди.
– Ўзингиз ўйлаб кўринг, – маслаҳатчиларга ўгирилиб, яна гапида давом этди Шеннон, – ҳозиргина олтмиш минг долларга сертификат олдим ва тезлик билан менга тегишли бўлган пулга чек олишим керак, дейиш учун одам қанчалик очкўз бўлиши керак?! У бу сертификатларни чиндан ҳам сотиб олганми? Ким билади? Жаноб Каупервуднинг чалкашиб кетган ҳисоботлар лабиринтини тушуна оладиган одам бу дунёда йўқ. Бироқ у ҳатто ўша сертификатларни олган тақдирда ҳам, шаҳарга бундан ҳеч қандай фойда йўқ эди, чунки жаноб Каупервуд улар бўлиши керак бўлган амортизация фондига қимматли қоғозларни топширишни ўйламаган ҳам. Унинг ҳимоячиси ва жаноб Каупервуднинг ўзи ҳам айтганларига кўра, у бу ишни кейинги ойнинг биринчи санасигача бажаришга мажбур эмас экан, қонун бўйича эса бу операция тезлик билан амалга оширилиши керак эди ва айбланувчи буни жуда яхши билади. Ҳимоячи ва айбдорнинг таъкидлашларича, уни банкрот бўлиш кутаётганини гўёки ўзи билмаган. Шунинг учун бу сертификатлар ҳақида қайғуриб ўтириш шарт бўлмаганмиш. Ҳурматли жентльменлар, ичингизда бирортангиз бунга ишонасиз деб ўйламайман. Жаноб Каупервуд ўзининг бутун молиявий фаолияти давомида чек олишга шошган пайтлари илгари ҳам бўлганми? Унинг жинояткорона ишлари тарихида бошқа шунга ўхшаган воқеани учратдингизми? Бундай бўлмаганини ўзингиз жуда яхши биласиз. Ҳаётида у бирор марта ҳам чек учун ўзи келмаган. Бироқ бу сафар ўз қўли билан олишга келибди. Буни қандай тушунтириш мумкин? Бундай шошилишнинг қандай сабаби бор эди? Жаноб Каупервуднинг гапларига кўра бир неча соат кечикиш ҳеч қандай роль ўйнамасди. У чекни олиб келиш учун идорасидаги биронта хизматчисини юбориши мумкин эди. Доим шундай қилинган. Нега бирдан ҳаммаси ўзгариб кетди? Негалигини ҳозир айтиб бераман!.. – Шеннон овозини баланд кўтарди. – Негалигини мен айтаман! Каупервуд хонавайрон бўлганини билган! У нажот топишнинг озми-кўпми қонунийроқ йўли, яъни Жорж Стинернинг ёрдам берадиган эшиги энди унинг учун ёпиқлигини билган! У Филадельфия шаҳар ғазначилигидан ҳалол йўл билан, тўғри келишиб олиш билан энди бир доллар ҳам ола олмаслигини билган! У агар ғазначилик канцеляриясидан чекни олмай кетиб, кейин биронтасини юборадиган бўлса, ғазначи тушуниб қолиб, ўз хизматчиларини огоҳлантириб қўйишини, Каупервуд кейин бу пулларни ололмаслигини билган! Мана, у нима учун шошган! Энди, ҳурматли маслаҳатчилар кенгаши аъзолари, ҳақиқатни биласиз! Энди мен жаноб Каупервуднинг ҳимоячиси жаноб Стежернинг гапига кўра, агар айбласангиз ўта адолатсизлик бўладиган бу номусли, хушмуомала фуқарони айбловчи нутқимни тугалламоқчиман. Мен фақат қўшимча қилиб айтмоқчи эдимки, сизларни мамлакатимиздаги ҳар қандай соҳада мавжуд бўлган соғлом фикрловчи, ақлли одамлар деб биламан; бошқача айтганда, сиз ишбилармон ва тоза америкаликларсиз. Демак, (Шеннон яна писмиқлик билан давом этди) мен фақат шуларни айтиб ўтмоқчиман: агар ҳозир бу ерда эшитганларингиз ва кўрганларингиздан кейин ҳам жаноб Каупервудни виждонли одам, у Филадельфия шаҳри ғазначилигидан атай олтмиш минг долларни ўғирламаган, у чиндан ҳам шаҳар заёми сертификатларини сотиб олган ва ўзининг таъкидлашича, уларни амортизация фондига топширмоқчи бўлган деб ҳисоблашда давом этсангиз, у ҳолда уни озодликка қўйиб юборишга тўғри келади. Майли, у тезроқ Учинчи кўчага бориб, чалкашиб кетган молиявий ишларини тартибга солиш билан шуғуллансин. У ҳолда сизларни адолатли кимсалар сифатида жаноб Стежер айтиб ўтганидек, унга етказилган озорларни юмшатиш учун уни тезроқ озодликка чиқариб юбориб, ўз жамоамизга қабул қилишимиз керак. Агар сизлар шундай фикрда бўлсангиз, уни тезроқ айбсиз деб эълон қилишингиз керак. Жорж Стинернинг тақдири сизни безовта қилмай қоя қолсин! Бу одамнинг айбдорлигини ўзининг кўрсатмалари исбот қилиб турибди. У ўзини гуноҳкор деб тан олди. Яқин орада ишини такрор кўриб ўтирмасдан унга суд ҳукми чиқарилади. Бироқ бу одам – Фрэнк Алжернон Каупервуд, ўзининг беғараз ва виждонли эканлигига даъво қиляпти. Унинг таъкидлашича, яқинда банкрот бўлишидан бехабар бўлган экан. Унинг таъкидлашича, қўрқитиш, мажбур қилишга уринганининг сабаби банкрот бўлишини сезгани эмас, бошқа ердан ёрдам қидиришга вақт кетказишни хоҳламагани экан. Бунга нима дейсизлар? Ёки сиз унинг чиндан ҳам олтмиш минг долларга шаҳар заёми сертификатлари сотиб олгани ва бунинг учун у пул олиши керак бўлганига ишондингизми? Шундай экан, нега у бу қоғозларни амортизация фондига топширмаган? Улар шу пайтгача амортизация фондида мавжуд эмас, олтмиш минг доллар ҳам йўқ. Бу пуллар қаерга кетди? Улар жаноб Каупервуднинг кредити юз минг доллардан ошиб кетган Жирард миллий банкига кетган! Ушбу банк олтмиш мингга қўшимча равишда яна қирқ минглик бошқа чек ва облигациялар олганми? Албатта, олган. Нега шундай бўлган? Жирард миллий банк бошқаруви энди жаноб Каупервуд банкрот бўлишидан салгина олдин унга кўрсатган кичкинагина хизмати учун ундан миннатдор бўлиши кераклиги хаёлингизга келмаяптими? Сиз бу банкнинг бошқарув раиси жаноб Дэвисон – унинг жаноб Каупервудни ҳар қанақасига ҳимоя қилмоқчи бўлганини эшитдингиз, шунинг учун ҳам у жаноб Каупервуд томонда деб ўйламаяпсизми? Бўлиши мумкин. Умуман, ўзингиз ўйлаб кўринг. Жентльменлар, жаноб Дэвисон жаноб Каупервудни ҳар қанақасига виждонли ва ҳалол одам деяпти, айбланувчининг ҳимоячиси жаноб Стежер ҳам шу фикрда. Сиз барча кўрсатмаларни эшитдингиз, энди ҳамма нарсани ўйлаб, тарозига солиб кўриш керак бўлади. Агар сиз бу одамни озодликка чиқармоқчи бўлсангиз, бу – сизнинг ишингиз.
Шу ерга келганда Шеннон чарчагандек қўлини силкиб қўйди.
– Сизлар – судьясиз. Мен бундай қилмаган бўлардим. Бироқ мен бор-йўғи ўз нонини оғир меҳнат билан топадиган юристман, холос. Менинг фақат маслагим, эътиқодим бор. Сизнинг эътиқодингиз бошқача бўлиши мумкин – бу энди ўзингизга ҳавола (Шеннон яна деярли нафрат билан қўл силкиб қўйди). Шу билан сўзимни якунлайман ва эътиборингиз учун миннатдорлик билдираман. Масалани ҳал қилиш энди сизнинг ихтиёрингизда.
Шеннон улуғворлик билан ўгирилар экан, маслаҳатчилар ғимирлаб қолишди. Зални тўлдириб ўтирган томошабинлар ҳам ҳаракатга келди. Судья Пейдерсон енгил нафас олди. Бу пайтга келиб бутунлай қоронғи тушган ва залда газчироқлар ёқилганди. Дераза ортида қор ёғарди. Судья чарчагандек ҳаракат билан қоғозларни варақлади, кейин тантанали тарзда маслаҳатчиларга мурожаат қилиб, улар бирин-кетин музокаралар хонасига кириб кетишди.
Каупервуд бўшаб қолган бутун зал бўйлаб юриб келиб, ўғлининг олдига яқинлашаётган отасига қаради.
– Мана, тез орада ҳаммаси аниқ бўлади! – деди у.
– Ҳа, – нафаси ичига тушиб кетган товушда деди катта Каупервуд. – Ҳаммаси яхши бўлади деб умид қиламиз. Бир неча дақиқа аввал бу ерда Эдвард Батлерни кўрдим.
– Шунақами?! – деди бу хабардан қаттиқ таъсирланган Каупервуд ажабланиб.
– Ҳа, ҳозиргина чиқиб кетди, – таъкидлади отаси.
Демак, ўйлади Каупервуд, жаноб Батлер унинг тақдирига шунчалик қизиқяптики, судга келишга ҳам эринмабди. Шеннон – унинг қўлидаги айтганини бажарувчи қурол. Пейдерсон қай бир маънода унинг гумаштаси. Бу қарияни қизи масаласида мағлуб этиши мумкин эди, бироқ бу ерда, мабодо маслаҳатчилар бутунлай у, яъни Каупервуд томонида бўлишмаса, бундай қилиб бўлмайди. Агар улар йигитни айбдор деб топадиган бўлишса, Батлернинг гумаштаси Пейдерсон унга иложи борича кўпроқ ҳукм чиқаришга ҳаракат қилади. Беш йиллик қамоқ ҳазил гапми! Ишнинг шундай тугаши ҳақида ўйлаганида Каупервуднинг эти жимирлаб кетарди. Бироқ ҳали содир бўлмаган ишдан хавотир олиш керакмикин?
Стежер йигитнинг олдига келиб, Каупервуднинг озодликда қолиш бўйича гаров вақти тугагани ва у энди иккалаларига таниш бўлган шериф Эдлей Жесперс назорати остида бўлишини айтди. Агар маслаҳатчилар уни оқламайдиган бўлса, у шикоят аризаси берилмагунга қадар шериф назорати остида қолади.
– Фрэнк, бунга камида беш кун кетади, – деди Стежер, – бироқ Жесперс – яхши йигит. Ўзини қандай тутишни билади. Агар омадимиз келса, у билан учрашиб ўтирмаймиз. Ҳозир эса сиз суд нозири орқасидан боришингиз керак бўлади. Бироқ умид қиламизки, ҳаммаси яхшилик билан тугайди ва уйга кетамиз. Эх, бу ишда ютишни жуда хоҳлаяпман, – қўшиб қўйди у. – Иккаламиз уларнинг устидан бир кулсак, зўр бўларди! Менимча, улар ўзларини жуда ёмон тутишди ва назаримда, буни маслаҳатчиларга етарлича тушунтириб бера олдим. Агар айблов ҳукми чиқариладиган бўлса, мен бу ишни қайта кўриб чиқишни сўраш учун бир талай сабаб топа оламан.
Стежер ўрнидан туриб Каупервуд ва унинг отаси билан бирга шерифнинг ёрдамчиларидан бири, кичик Каупервудга қоровуллик қилиши керак бўлган Эдди Зандерснинг кетидан юрди. Улар бинонинг ичкарисидаги “қоровулхона” деб аталадиган, судланаётганлар маслаҳатчиларнинг мунозаралар хонасидан чиқишини кутиб ўтирадиган хонага киришди. Бу шифти баланд, ойналари Честнат кўчасига қараган ва яна қаергадир очиладиган бошқа эшиги ҳам бор тўртбурчак хона эди. Хонанинг шифти қорайиб, поллари тешилиб кетган, на бирор расм, на бирор безак осилмаган деворига тақаб узун скамейкалар қўйилганди. Шифтнинг ўртасидан газ қувури ўтган эди. Бутун хонага вақти-вақти билан бу ерда ўтириб, ўз тақдирининг ҳал бўлишини сабр-тоқат билан кутишга мажбур бўладиган жиноятчи ва бегуноҳлар ҳақида жимгина сўзловчи зах, дим ҳаво ўрнаб қолганди.
Каупервуднинг кўнгли беҳузур бўлиб кетди, бироқ унинг феъли жуда вазмин ва ҳар қандай ҳолатда буни кўрсата оларди. У болалигидан тозаликни ўта севиши билан ажралиб турар, ҳатто бу борада ўта синчков эди. Энди эса ўзи истамаган тарзда ҳаётнинг бошқа бир томони билан тўқнаш келган бўлиб, беихтиёр сесканиб кетганди. Ортидан қолмай юрган Стежер бу ёқимсиз таассуротдан чалғитиш учун унга нималарнидир тушунтиришга, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилаётганди.
– У қадар файзли хона эмас экан, – деди у, – бироқ озгина чидаб туринг! Менимча, маслаҳатчилар кўп муҳокама қилишмаса керак.
– Бироқ бу менга ёрдам беролмаса керак, – деди Каупервуд дераза олдига келиб. Бироз жим тургач, қўшиб қўйди, – Тақдирда бори бўлади!
Кекса Каупервуд хўмрайиб қўйди. Фрэнк бундай ҳолатда узоқ қолишига тўғри келса, яъни қамоқда ўтирадиган бўлса, нима бўлади? О Худойим!.. У титраб кетди ва кўп йиллардан бери илк марта ичида дуо ўқий бошлади.
44
Бу орада эса мунозаралар хонасида катта тортишув кетаётганди: ҳамма суд бўлаётган пайтда ўйлаб ўтирган гапларини шу ерда очиқ муҳокама қилаётганди.
Бу каби ишларни муҳокама қилаётганида маслаҳатчиларнинг барча “тарафдорлик қилса бўладиган” ва “қарши” жиҳатларни тарозига солиб, иккиланишларини кузатиш жуда қизиқарли; натижада улар у ёки бу қарорга келадиган руҳий жараён эса ундан ажойиб. “Ҳақиқат” деб аталувчи нарса бу ерда ғира-шира туман кабидир, чунки кўрилаётган ишга энг тоза виждон билан ёндашилганда ҳам, кўпинча ҳар хил ва нотўғри хулоса қилиниши мумкин. Бугун маслаҳатчилар олдида ўта мураккаб вазифа турарди ва улар бу ишни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун кўп тер тўкишди.
Маслаҳатчилар суди нафақат аниқ бир хулосага келади, балки аниқ қарор, ҳукм чиқаришади ва бунга ўзига хос йўл билан эришади. Шундай ҳоллар бўладики, баъзи маслаҳатчилар ҳали ҳеч бир қарорга келиб улгурмаган бўлса-да, кенгаш аллақачон ҳукм чиқариб қўйган бўлади. Ҳамма ҳуқуқшуносларга маълум бўлганидек, бунда вақт катта роль ўйнайди. Маслаҳатчилар ишни муҳокама қилаётганда одатда биргаликда ва ҳар бири алоҳида кўргунича ортиқча вақт кетишидан нолийди. Мабодо жуда қизиқ иш бўлмаса, қандайдир муаммони ҳал қилиш устида соатлаб ўтириш жуда ҳам қувонарли машғулот эмас. Ишнинг жумбоқли ва чалкаш нозик томонлари охири одамни чарчатиб қўяди. Кенгаш хонасининг ҳатто деворларидан ҳам зерикиш уфураётгандек бўлади.
Бошқа томондан эса, муҳокама пайтида юзага келадиган келишмовчиликлар уларда норозилик туғдирмаслиги мумкин эмас. Яратувчанлик инсон онгига хос нарса ва ҳар бир ечилмаган муаммо уни азобга солади. Ҳаётни соғлом тушунадиган одамга ҳар бир тугалланмаган иш сингари ечимсиз муаммо ҳам тинчлик бермайди. Кенгаш олиб борилаётган хонада ўтирган маслаҳатчилар ҳам олим ва файласуфлар доим бош қотирадиган кристалл атомларига ўхшашади: улар уйғунликда яхлит бир бутунликни ташкил қилишга уринади, чунки шундагина бурч ва виждонлилик ҳиссидан келиб чиқиб, ягона куч – битта оқил судьяга айланадилар. Интинктив равишда яхлитликка интилиш табиатнинг турли ҳодисаларида сезилади. Худди шундай инстинкт табиатнинг бошқа ҳар қандай ҳодисаларида – денгиз ўрмонларининг Саргассо денгизи томон кўчишида, ҳаракатсиз сув юзасидаги ҳаво пуфакчаларининг ўзаро геометрик боғлиқлигида, бу дунёнинг тузилиши ва моҳиятини ташкил этувчи баъзи ҳашаротлар ва атом шаклларининг ҳайратланарли меъморий қурилмаларида ҳам кузатилади. Вақти-вақти билан шундай туюладики, ҳаётнинг физик моҳияти – кўзларимиз рост деб қабул қиладиган ташқи шакл – тартиб ўрнатишга интиладиган чексиз донишмандликдир, тўғрироғи, унинг ўзи тартибдир. Онг деб аталувчи борлиғимизнинг атомлари қаёққа қараб ҳаракат қилишни ва нима қилишни ўзи билади. Улар бизга боғлиқ бўлмаган ирода, донишмандлик, тартибнинг тимсолидир. Улар гўёки биздан ташқарида, бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда яратишади, қуришади, яшайди.
Маслаҳатчиларнинг онг ости тасаввурлари ҳам шундай ишлайди. Бироқ бу ерда худди бир ҳақиқий кимёвий жараён каби тўлиқ аралашиб кетадиган пайтгача бўлган бир шахснинг бошқасига ўзига хос гипнотик таъсирини, ҳар хил одамларнинг бир-бирларига турлича таъсирларини ҳам ёдда тутиш керак. Кенгаш хонасидаги икки-учта одамнинг аниқ фикри ёки кучли иродаси бошқаларникидан баланд келиб, кўпчиликнинг далиллари ёки қаршилигини енгиб қолиши мумкин. Ўзининг аниқ хулосасини ҳимоя қила оладиган бир одам бошқа эгилувчан гуруҳга бошлиқ бўлиб қолиши ёки бошқалар учун нишонга айланиши эҳтимоли ҳам бор. Одамлар онгсиз, асоссиз қаршиликдан нафратланади. Ҳеч қаерда одамдан суднинг муҳокама хонасидаги сингари қатъий асосланган фикр кутилмайди, бу фикрни эшитмоқчи бўлинса, албатта. Бу ерда “Қаршиман” дейишнинг ўзи камлик қилади. Маслаҳатчиларнинг мунозарага берилиб жанжаллашишгача борганини ҳам биламиз. Муҳокама хонасидаги баҳслардан юзага келган душманликлар кейинчалик йиллаб давом этиши ҳам кузатилган. Ҳаддан ортиқ ўжар айрим маслаҳатчилар ҳатто судга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ишларни деб аразлашиб қолган.
Ҳозир эса ҳаммалари Каупервудни сўзсиз жазоланишга лойиқ деб топганидан кейин уни барча – тўртала пункт бўйича айбдор деб топиш керакми ёки йўқми, деган масала устида баҳс бошланганди. Бу тўртта пункт орасидаги фарқни яхши тушуна олмаётган маслаҳатчилар “Тўртала пункт бўйича айбдор, бироқ раҳм-шафқатга лойиқ”, деб қарор чиқармоқчи бўлаётганди. Бироқ охирги гапдан дарров воз кечилди: Каупервуд ё айбдор ёки айбдор эмас. Судьянинг ўзи айбни юмшатувчи ҳолатларни улардан анча яхшироқ тушунади. Унинг қўлига кишан солиш керакмикин? Бунинг устига, одатда фикрни бундай ифодалашга эътибор берилмайди ва бу маслаҳатчилар қарашларининг беқарорлигидан гувоҳлик беради.
Шундай қилиб, кечаси соат ўн иккидан ўн дақиқа ўтганда маслаҳатчилар ниҳоят ўз ҳукмларини эълон қилишга тайёр эдилар ва бу ҳақда суд залини ҳали ҳам тарк этмай ўтирган судья Пейдерсонга хабар берилди. Судья бу ишга қизиқаётганидан, ҳам яшаш манзили яқинлиги боис, ҳамон шу ерда кутиб ўтирганди. Каупервуд ва Стежерни чақириш учун нозирни жўнатишди.
Суд зали чароғон эди. Нозир, котиб ва стенограф ўз жойларида ўтиришарди.
Маслаҳатчилар муҳокама хонасидан бирин-кетин чиқиб келишди, Каупервуд билан Стежер ҳам ўз жойларини эгаллашди. Кекса Каупервуд ҳам жуда ҳаяжонда, ўғлининг ёнида турарди.
Каупервудга биринчи марта буларнинг бари тушида бўлаётгандек туюлди. Наҳотки икки ойгина олдин бой, ўзига ишонган Фрэнк Каупервуд шу бўлса? Наҳотки ҳозир бешинчими, олтинчими декабрь бўлса (айни дамда тун ярмидан оққанди)? Маслаҳатчилар бунча узоқ муҳокама қилишди? Бу нимани билдираркин? Мана, уларнинг бари залда: ҳаммалари тантанали равишда олдинга қараб туришибди. Судья Пейдерсон трибунага кўтариляпти, унинг жингалак сочлари ғалати тарзда ҳурпайиб турибди. Нозир ҳаммани тартибга чақиряпти. Судья Каупервудга эмас – бу ҳурматсизлик саналган бўларди, унга тикилиб турган маслаҳатчилар томонга қараяпти. Суд котибининг “Жаноб маслаҳатчилар кенгаши аъзолари, бир қарорга келдингизми?” деган саволига маслаҳатчилар кенгаши бошлиғи “Ҳа” деб жавоб берди.
– Айбланувчини айбдор деб топасизларми ёки йўқми?
– Биз айбланувчини айблов актига кўра айбдор деб топамиз.
Улар қандай қилиб бу қарорга келишди? Наҳотки ҳамма гап у ўзига тегишли бўлмаган олтмиш минг долларга чек олганида бўлса? Бироқ аслида бу пулни олишга ҳаққи бор эди! Вой худо, Жорж Стинер иккови айлантирган пулнинг олдида бу олтмиш минг доллар нима бўпти?! Ҳеч нарса эмас! Арзимаган нарсадек кўриняпти, бироқ айнан мана шу чек унинг яна омад йўлини беркитиб қўйган хусумат тоғига, тош деворга – қамоқ деворига айланди. Сира ақлга сиғмайди!
Каупервуд атрофга аланглаб қаради. Қандай баҳайбат, совуқ зал! Бироқ нима бўлганда ҳам, у аввалги Фрэнк Каупервудлигича қолади! Бундай аҳмоқона нарсаларни хаёлига келтириш керак эмас! Унинг ўз озодлиги, ҳақҳуқуқи, ўзини ўнглаб олиш учун кураши ҳали тугагани йўқ. Худо кўриб турибди, бу кураш энди бошланяпти! Беш кундан кейин уни гаров эвазига озодликка чиқаришади. Стежер даъво аризасини киритади. Каупервуд озодликда бўлади ва курашни давом эттириш учун унинг ихтиёрида икки ой вақт бўлади. У ҳали енгилмаган. У ўзини ҳимоя қила олади. Маслаҳатчилар хато қилишди. Юқори инстанциядаги суд буни тасдиқлайди. Бу суд айбни бекор қилади, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас!
Стежер бу пайтда суд котибидан маслаҳатчилар кенгашининг ҳар бир аъзоси билдирган ҳукмни сўраб чиқишни талаб қилаётганди: балки улардан ҳеч бўлмаганда биттаси уни кўндиришгани учун ўз ихтиёрига қарши овоз берганини тан олар!..
– Чиқарилган қарорга тўлиқ розимисиз?
Каупервуд маслаҳатчилар кенгаши аъзолари рўйхатидаги биринчи турган Филипп Молтрига берилган саволни эшитди.
– Ҳа! – тантанали қилиб жавоб берди мурожаат қилинган маслаҳатчи.
– Сиз бутунлай розимисиз? – Саймон Гласбергга қўли билан ишора қилиб сўради котиб.
– Ҳа, сэр!
– Чиқарилган қарордан сиз розимисиз? – Флетчер Нортонга юзланди котиб.
– Ҳа!
Маслаҳатчилар кенгашининг барча аъзоларидан шу тарзда бирма-бир сўраб чиқилди. Улар Стежернинг бирортаси фикрини ўзгартириб қолар деб умид қилаётганига қарамай, қатъий ишонч билан тасдиқ жавобини беришди. Шундан сўнг судья уларга миннатдорлик билдириб, шунча узоқ давом этган кенгашдан сўнг энди бутун сессия давомида бўш эканликларини қўшиб қўйди. Энди Стежернинг судья Пейдерсондан штатнинг олий судидан ишни қайта кўриб чиқиш учун аппеляцияга жавоб келмагунча ҳукм чиқаришни чўзиб туришни илтимос қилишигина қолганди.
Стежер қонун-қоида асосида судьяга ўз илтимосини айтаркан, судья Пейдерсон Каупервудни очиқдан-очиқ қизиқиш билан кузатарди. Бу иш жуда жиддий бўлгани сабаб олий суд чиқарилган қарорнинг тўғри эканига шубҳа билдириши мумкинлигини ўйлаб, судья адвокатнинг илтимосини қабул қилишга шошилди. Бу ишлардан кейин кеч бўлганига қарамай, Каупервудни шериф ёрдамчисининг соқчилиги остида округ қамоқхонасига жўнатиш қолган эди, холос. Бу қамоқхонада у камида беш кун, балки ундан ҳам кўпроқ бўлишига тўғри келарди.
Мойэменсинг қамоқхонасининг биноси Ўнинчи ва Рид кўчаларининг бурчагида жойлашган бўлиб, сиртдан қараганда аянчли таассурот қолдирмасди. Бинонинг марказий қисмида қамоқ камералари, шериф ёки қамоқхона мансабдорларидан бирининг қароргоҳи жойлашганди. Бинонинг баландлиги уч қават бўлган, думалоқ қиррали минорали марказий қисмига икки қаватли иморатлар қўшилиб кетганди. Уларнинг охирида ҳам думалоқ қиррали миноралари бор бўлиб, иншоот ўрта асрлардаги қасрни ёдга солгани учун америкаликлар назарида қамоқхонага ўхшаб кетарди. Ўрта қисми ўттиз беш фут, ёнлари йигирма беш футдан баланд бўлмаган бинонинг олд қисми кўчадан юз фут ичкарига кирганди. Бинонинг икки қанотидан иккала томонга қараб йигирма футли тош девор тикланганди. Бу бино одамда нохуш таассурот қолдирмаслигининг сабабларидан яна бири – унинг марказий қисмидаги деразалари кенг бўлиб, панжара ўрнатилмаган, юқоридаги икки қаватида эса ҳатто пардалар осилган бўлиб, бу бинонинг бутун олд томонига оддий истиқомат жойидек ва ҳатто ёқимли кўриниш бериб турарди.
Бинонинг ўнг қанотида қисқа муддатга қамалганлар учун мўлжалланган округ қамоқхонаси жойлашган, чап томон эса тергов қилинаётган шахслар ушлаб туриладиган маскан ҳисобланарди. Силлиқ ва рангсиз тошлардан терилган бу қамоқхона биноси ичкари томондан нурсиз ёритилган бўлиб, шундай бўронли тунда ғалати, фантастик, ҳатто ғайритабиий таассурот қолдирарди.
Каупервуд қамоқхонага жўнаганида ҳаво совуқ бўлиб, изғирин шамол эсаётган, у қор қуюнини у ёқданбу ёққа учириб ўйнарди. Отаси ва Стежердан ташқари Каупервудни яна чораклик сессиялар вақтида судга юборилган шериф ёрдамчиси – Эдди Зандерс ҳам кузатиб келаётганди. Бу паст бўйли, сочлари қора, мўйлови тикка-тикка бўлган, кўзлари тентакларникидек, бироқ айёрона боқадиган одам эди. Унинг ҳаётда иккитагина муаммоси бор эди: ўзига жуда обрўли кўринадиган унвонига муносиб бўлиб юриш ва бир амаллаб пул топиш. У фақат фаолиятининг ўта чекланган соҳаси, яъни маҳбусларни қамоққа олиб бориш ва қайтариб олиб келиш, улар қочиб кетмаслиги учун қараб туришни биларди, холос. Маҳбусларнинг маълум бирларига, яъни бой ва ўзига тўқ одамларга дўстона муносабатда бўлар, чунки бундай муносабат учун пул тўланишини яхши биларди. Ҳозир қамоқхонага кетишаркан, у йўлда бир неча марта об-ҳаво ҳақида, манзилга яна озгина қолгани тўғрисида ва балки шериф Жесперсни учратиб қолишлари, агар у ухлаб қолган бўлса, уни уйғотиш учун одам юбориш мумкинлиги ҳақида гапирди. Каупервуд унга қулоқ солмаётганди. У онаси, хотини, Эйлин ҳақида ўйлаб кетарди.
Улар ниҳоят қамоқхонага етиб келишганидан сўнг Каупервудни бинонинг марказий қисмига олиб киришди, чунки шериф Эдлей Жесперснинг идораси шу ерда жойлашганди.
Бу ишга яқиндагина тайинланган Жесперс вазифаси билан боғлиқ ҳамма расмиятчиликларни жуда ўрнига қўйиб бажарса-да, аслида сира расмиятчи эмасди. Маҳбусларга алоҳида хоналар бериш ҳамда қурби етадиганларига имтиёзлар яратиш анчагина кам бўлган маошни “кўпайтириш” усулларидан эканлиги сиёсий доираларда ҳаммага маълум нарса эди. Унгача шу мансабда ишлаган бошқа шерифлар ҳам худди шундай қилишганди. Жесперс бу лавозимга ўтирганида баъзи маҳбуслар бу имтиёзлардан анчадан бери фойдаланаётганди, у ҳам анъанага айланиб қолган одатни бузиб ўтирмади. Жесперснинг ўзи айтганидек, “керакли одамларга” берадиган хоналар унинг ўз квартираси жойлашган бинонинг марказий қисмида эди. Бу хоналарнинг деразаларида панжара йўқ бўлиб, улар қамоқхона камераларига ҳам ўхшамасди. Кимдир қочиб кетиши мумкин, деб қўрқишнинг ҳожати йўқ эди, чунки канцеляриянинг эшиги олдида доим “ижарада турганларнинг” юриш-туришини диққат билан кузатиб турадиган қоровул бўларди. Бундай қулайликлардан фойдаланадиган маҳбус кўп масалаларда деярли озодликда юргандек бўларди. Агар у хоҳласа, овқатини хонасига олиб келиб беришарди. У бирор нарса ўқиши, қарта ўйнаши, меҳмонини кутиб олиши ва ҳатто ўзи истаган бирорта мусиқа асбобини чалиши ҳам мумкин эди. Бу ерда битта қоидага албатта амал қилиш шарт бўларди: агар маҳбус кўзга кўринган одам бўлса, мабодо газетадан мухбирлар келиб қолган тақдирда, газетачилар бу одамнинг бошқа маҳбусларга ўхшаб қамоқхона камерасида яшамаслигини билиб қолмаслиги учун у пастдаги ташриф буюрувчилар кирадиган умумий хонага тушиши керак бўларди.
Стежер булар ҳақида Каупервудни олдиндан огоҳлантириб қўйганига қарамай, Каупервуд қамоқхона остонасидан қадам қўйиб ичкарига кириши билан ўзини ташқи дунёдан узилиб қолгандек ҳис қилди. Йигитни бирга келган ҳамроҳлари билан бирга газчироқ хира ёритиб турган унча катта бўлмаган хонага олиб киришди. У ерда ёзув столи ва стулдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Семиз ва башараси қип-қизил шериф Жесперс уларни мулозамат билан кутиб олди. У шу заҳоти Зандерсни қўйиб юборди ва йигит ҳам кечиктирмай жўнаб қолди.
– Бирам ёмон ҳаво, – деб қўйди Жесперс ва газни баландлатиб, маҳбусни қайд қилишга тайёрланди.
Стежер шерифнинг столи олдига яқинлашиб, паст овозда у билан нима ҳақидадир гаплашди; жаноб Жесперснинг юзи ёришиб кетди.
– А-а, албатта, албатта! Буни қилиш мумкин, жаноб Стежер, хотиржам бўлинг! Албатта, албатта, ҳечқиси йўқ!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.