Текст книги "Сармоядор"
Автор книги: Теодор Драйзер
Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 41 страниц)
23
Каупервуд ва Эйлинларнинг ўзаро интилишлари ва бир-бирини тушунишлари бўшашмай, аксинча, янада мустаҳкамланиб, махфий алоқалари бир неча йил давом этгач, даҳшатли воқеа содир бўлди. Бу фалокат кутилмаганда, тиниқ осмонда бирдан чақмоқ чаққандек ва инсон иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда юз берди. Аввалига бу шунчаки ёнғин, бунинг устига, Филадельфиядан узоқ жойда содир бўлган – машҳур 1871 йил 7 октябридаги Чикаго ёнғини, шаҳар, тўғрироғи, унинг савдо-сотиқ районини бутунлай ёндириб юборган аланга бўлиб, бу фалокат Америка молия дунёсида узоқ давом этмаган бўлса-да, кучли ваҳима уйғотганди. Шанба куни бошланган ёнғин кучи чоршанбагача ҳам камаймай, банклар, савдо корхоналари, бандаргоҳ, темир йўл омборлари ва одамлар яшайдиган бутун бир мавзеларни йўқ қилиб юборди. Ёнғиндан энг катта зарарни суғурта компаниялари кўрган эди, тез орада уларнинг кўпчилиги тўловлар тўлашни тўхтатиб қўйди. Бунинг натижасида зарарларнинг бутун оғирлиги чет эл саноатчилари ва Чикаго билан иш олиб борадиган улгуржи савдогарлар ҳамда чикаголик тижоратчиларга тушди. Чикаго ўша пайтнинг ўзидаёқ материкдаги истаган шаҳар билан баҳслаша оладиган ажойиб идоралари ва уйларнинг эгалари ёки ижарачилари бўлган шарқий штатларнинг кўпгина капиталистлари ҳам катта зарар кўришаётганди. Чикаго билан алоқа узилиб қолган ва Нью-Йоркдаги Уолл стрит, Филадельфиядаги Учинчи кўча ва Бостондаги Стэйт стритлар биринчи хабарларданоқ шароитнинг жиддийлигини ҳис қилишганди. Шанба ва якшанба кунлари ҳеч нарса қилиб бўлмасди, чунки биринчи хабарлар биржа бекилгандан кейин келганди. Бироқ душанба куни янгиликлар тинмай оқиб кела бошлади. Шу заҳотиёқ темир йўл, давлат, шаҳар акция ва облигациялар эгалари, бошқа сўз билан айтганда, ҳар хил кўринишдаги ва разряддаги қимматбаҳо қоғозлар эгалари нақд пул олиш эвазига уларни бозорга ташлай бошлашди. Банклар, табиийки, қарзларни тўлашни талаб қилишарди ва натижада фонд биржасида кўлами жиҳатидан икки йил бурун Нью-Йоркда содир бўлган “Қора Жума”га тўғри келадиган ваҳималар кўтарилди.
Ёнғин ҳақидаги хабар келганда на Каупервуд, на отаси шаҳарда эди. Улар бир нечта банк ходими билан қуришни давом эттириш учун қарз сўралаётган шаҳар ташқарисидаги кўнка темир йўл линияси трассасини кўргани кетишганди. Келгусидаги линиянинг анчагина узоқ қисмига кабриолетда бориб, якшанба куни кечқурун Филадельфияга қайтиб келишаркан, улар газетчи болаларнинг қичқирган товушларини эшитишди:
– Тезкор хабар! Тезкор хабар! Чикаго ёнғини ҳақида муфассал маълумотлар! Тезкор хабар! Чикаго ёнғин ичида! Тезкор хабар!
Якшанба кунининг ниҳояси бўлган бу ғира-ширада шаҳарда хаёлга чўмгандек кайфият ҳукмрон бўлиб, ҳавода ва дарахтларнинг япроқларида ёзнинг охирлаб бораётгани аллақачон сезилиб турар, бу ҳол фалокатдан хабар бераётгандек, одамнинг юрагини сиқарди.
– Эй, болакай! – атрофга қулоқ солиб, бурчакдан қўлтиғида бир тўп газета билан чиқиб келган жулдурвоқини ёнига чақирди Каупервуд. – Нима гап? Чикагода ёнғинми?!
Отаси ва бошқа ишбилармонлар билан кўз уриштириб олиб, у қўлини газетага чўзди, сарлавҳаларга кўз югуртириб, шу сониядаёқ фалокатнинг кўламини баҳолади.
ЧИКАГО ЁНҒИН ИЧИДА!
Кеча оқшомдан буён шаҳарнинг савдо-сотиқ қисми шиддатли аланга ичида қолмоқда. Банклар, савдо бинолари ва жамоат бинолари кулга айланган. Тўғридан-тўғри телеграф алоқалари бугун тушки соат учдан бери узилган. Фалокатнинг тез орада тугашига ҳеч қандай умид йўқ.
– Менимча, ишлар жиддийга ўхшайди, – ҳамроҳларига қараб, хотиржамлик билан деди Каупервуд; унинг кўзлари ва овозида совуқ ва қатъий нимадир сезилгандек бўлди. Сал ўтиб, у отасига шипшиди:
–Агар банклар ва биржа идоралари биргаликда ҳаракат қилмаса, бу нарса ваҳима бошланишига олиб келади.
Каупервуднинг кўз олдида тезлик билан ўз қарзлари аниқ намоён бўлди. Отасининг банкида кўнка темир йўл линияларининг юз минглик акциясини қўйган, улар эвазига олтмиш фоиз олинган. Қўлидаги эллик минг долларлик шаҳар сертификатлари заёмига эса етмиш фоиз олинган Бу қимматбаҳо қоғозлар билан биржа операцияларини ўтказиш учун кекса Каупервуд унга қирқ минг доллардан кўпроқ нақд пул берганди. “Дрексель энд Компани” банкирлик уйи Фрэнкка юз минг долларлик суммага кредит очганди; уларнинг бирдан кўнгилчан бўлиб қолишларига ишониш қийин албатта, қарзини тезлик билан узишини талаб қилишади. “Жей Кук энд компани” ҳам унга бир юз эллик минглик кредит берган. Улар ҳам, шубҳасиз, дарҳол тўлаб қўйишни сўрашади. Кичикроқ тўртта банк ва учта биржа идорасидан унинг эллик минг долларча қарзи бор эди. Ишларидаги шаҳар ғазначисининг иштироки эллик минглар атрофида ифода этиларди, агар бу очилиб қолса, жанжалдан қочиб бўлмайди; штат ғазначиси ҳам унинг идорасига икки юз минг қўшганди. Бундан сўнг эса яна юзлаб беш ва ўн минг долларгача бўлган майда ҳисобкитоблар бор эди. Биржадаги ваҳима нафақат омонатларни талаб қилиш ва ссудаларни қоплашга, балки қимматбаҳо қоғозлар курсига ҳам ёмон таъсир қилади. Қимматбаҳо қоғозларини қандай сотса экан? Мана, масала нимада! Қандай қилиб уларни курсидан пастроқ нархда сотса бўларкин? Акс ҳолда, бу нарса унинг бутун борини ютиб кетади ва у сўзсиз хонавайрон бўлади…
Фрэнк олдида турган қийинчиликлар ҳақида ўйлаб, ташвишга тушганча уй-уйларига тарқалаётган дўстлари билан хайрлашар экан, бу шароит унга қандай хавф солаётганини дарҳол ҳисоблаб чиқди.
– Отажон, уйга кетаверинг, мен бир нечта телеграмма жўнатишим керак (у пайтлари телефон ҳали кашф қилинмаганди). Мен тезда қайтаман ва вазиятни биргаликда ўйлаб кўрамиз. Аҳволимиз жуда ёмон! Ҳеч кимга бир оғиз гапирманг, аввал иккаламиз маслаҳатлашиб оламиз. Ҳаракат режасини тузиб чиқиш керак бўлади.
Кекса Каупервуд юзида хавотирли ифода билан соқолини чимдий бошлаганди. У диққати ошганча агар ўғли банкрот бўлса, ўзининг тақдири қандай кечиши ҳақида ўйлаётган, чунки ўғлининг ишларига чуқур аралашиб кетганди. Қариянинг юзи ваҳимадан бўзарди, чунки ўғлининг хоҳишига қулоқ тутиб, у ҳам чегарадан анча ўтиб кетганди. Агар Фрэнк банкнинг талаби билан эртагаёқ бир юз эллик минг долларлик қарзини ёпа олмаса, бутун жавобгарлик ва бутун шармандалик отасининг бўйнига тушади.
Фрэнк эса шаҳар ғазначиси билан алоқаси натижасида ва ёлғиз ўзи биржадаги қимматли қоғозлар курсини ушлаб тура олмаслиги сабаб янада мураккаблашган шароит ҳақида берилиб ўйлаётганди. Унга ёрдам бера олиши мумкин бўлганларнинг ўзлари танг аҳволда эдилар. Вазият жуда ёмон эди. “Дрексель энд компани” охирги пайтларда темир йўл акциялари курсини кўтариб юборган ва улар устидан йирик ссуда олганди. “Жей Кук энд компани” Шимолий Тинч океани темир йўлини маблағ билан таъминлаётган бўлиб, бор кучи билан бу йирик трансконтиненталь линиянинг қурилишида бошқалар иштирок этишига йўл қўймасликка ҳаракат қилаётганди. Албатта, ҳозир уларнинг ўзлари ҳам жуда қийин шароитда қолишган. Биринчи хавотирли хабарлар келиши билан ўзларининг бошқа қоғозларини қутқариш учун улар энг умидлироқ бўлган қимматбаҳо нарсалар – ҳукумат облигациялари ва шунга ўхшаган воситаларни сотишга тушишади. “Айиқлар” ўлжани дарров ҳис қилиб, виждонлари қийналмасдан нархларни тушириб, ҳамма нарсани сотишни бошлайди. Фрэнк эса улардек ҳаракат қила олмайди. Бундай қиладиган бўлса, панд еб қолиши мумкин, унинг учун эса асосийси – вақтдан ютиш. Эҳ, унинг уч кун, бир ҳафта, ўн кун вақти бўлса эди, момақалдироқ наридан ўтиб кетган бўларди.
Фрэнк, энг аввало, Стинер унинг ишига тиккан ярим миллион доллардан хавотирда эди. Кузги сайловлар яқинлашиб қолган, Стинернинг номзоди бу ўринга икки марта сайланган бўлса-да, учинчи марта ҳам қўйилганди. Шаҳар ғазначилигида очилиб қолиши мумкин бўлган суиистеъмол қилишлар эса жуда жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмасди. Стинернинг иш фаолияти ниҳоясига етиб, ўзи жиноятчилар ўрнида бўлиб қолиши мумкин эди. Республикачилар партияси учун эса бу ҳол сайловда муваффақиятсизликни англатарди. Каупервуд ҳам четда қола олмайди: у бу ишларга жуда чуқур кириб кетганди. Агар жанжал бошланадиган бўлса, у республика партияси корчалонлари олдида жавоб бериши керак бўлади. Кучли босим ўтказилса, у аниқ банкрот бўлади, у ҳолда нафақат унинг сиёсатдон ишбилармонлар ўзлари учун эҳтиёткорлик билан сақлаб қўйган бу “қўриқхоналар” – кўнка темир йўлларини қўлга киритмоқчи бўлгани, балки бу ишларни шаҳар ғазначилигидан ноқонуний қарз олиш йўли билан қилгани ҳам билиниб қолади ва шу сабаб энди улар сайловда ютқизишлари мумкин бўлади. Бундай ишларга улар панжа орасидан қараб ўтиришмайди. Унинг бу пуллар учун йилига икки фоиз (у эҳтиёт юзасидан кўп битимларга ана шундай пунктни қўшганди) тўлаганман ёки мен фақат Стинернинг агенти сифатида ҳаракат қилганман, деган гаплари ёрдам бермайди. Оддий одамлар, балки, ишонишлари мумкин эди, бироқ бунга тажрибали сиёсатчиларни осонликча ишонтириб бўлмайди. Улар бундан баттарларини ҳам кўришган.
Бир нарсагина Каупервудни бутунлай руҳи тушиб кетишдан сақлаб турарди: у шаҳридаги сиёсатчи корчалонлар қандай ҳаракат қилишларини жуда яхши биларди. Уларнинг ҳар бири, қанчалик юқори ўринда ўтирган бўлмасин, бундай қийин дақиқаларда кибрларидан кечишади, чунки ҳаммалари шаҳар уларга берадиган енгилликлардан фойда кўради. Батлер, Молленхауэр ва Симпсонлар (Каупервуд буни жуда яхши биларди) гўёки қонунийдек кўринган, бироқ “ўзлариникилар” орасида тақсимланадиган пудратлардан ва шаҳардан солиқлар – ер солиғи, сув солиғи ва бош солиқлар кўринишида йиғиб олинадиган ва шу учлик ҳамда баъзи бошқа одамлар тавсия қилган банкларда сақланадиган катта суммалар орқасидан бойишарди. Банклар халқнинг пулларини сейфда сақлаб бериб, шаҳарга хизмат кўрсатяпти, деб ҳисобланарди; шунинг учун улар бу омонатлар бўйича фоиз тўлашмас, бироқ уларни муомалага қўйиб юборишарди. Бироқ кимнинг манфаати учун?
Каупервуднинг юқоридаги донғи чиққан учликдан хафа бўлишига ҳеч қандай асос йўқ эди, бу одамлар у билан жуда яхши муносабатда эдилар, бироқ нега улар шаҳарнинг ҳамма киримларидан фойдаланиш бўйича ўзларини монополистлар, деб ҳисоблашади? Каупервуд на Молленхауэрни, на Симпсонни шахсан танимасди, бироқ улар ҳам Батлер каби унинг шаҳар заёмини чиқариш бўйича ҳийласидан ёмон бойиб олишмаган. Яна унга энг қайишадиган бўлиб Батлер қоляпти. Агар ҳаммаси ёмон томонга айланиб кетса ва Каупервуд унга ўзининг ҳамма қарталарини очадиган бўлса, у шароитнинг қалтислигини ҳисобга олиб, Фрэнкка ёрдамга келиши мумкин. Фрэнк агар Стинернинг ёрдами билангина сири ҳамма ёққа очилмай бу шароитдан чиқиб кетишнинг иложини қила олмаса, шу йўлни танлашга аҳд қилди.
Бироқ ҳаммасидан олдин, ўйларди Фрэнк, ҳаракат режасини тузиб, Стинернинг олдига бориш ва ундан қўшимча уч юз, тўрт юз минг ссуда сўраш керак. Стинер ҳамиша гапга кўнувчанлиги билан ажралиб турарди, ҳозирги шароитда эса кассасидаги ярим миллионлик камомад ҳаммага овоза бўлиб кетмаслиги қанчалик муҳим эканини яхши тушунади, албатта. Кейин эса яна иложи борича кўпроқ пул топиши керак. Бироқ қаердан? Банк директорлари, акционерлик компаниялари бошлиқлари, йирик биржачилар ва бошқа турдаги ишбилармонлар билан гаплашиб кўриш лозим бўлади. Батлерга бериши керак бўлган юз минг долларни талаб қилишни кекса пудратчи бироз орқага суриб туришга рози бўлади, албатта.
Каупервуд уйига шошилди ва остонадаёқ экипаж тайёрлашларини буюриб, Стинерникига қараб жўнади. Аксига олиб, Стинер шаҳарда эмас экан – дўстлари билан Чезапик кўрфазига ўрдак отиш ва балиқ овлагани кетган экан: бир неча кундан кейингина келармиш. Ҳозир эса у кичкинагина шаҳарча яқинида ботқоқда дайдиб юрибди.
Каупервуд шу шаҳар яқинидаги телеграф пунктига шошилинч хабар юборди ва янада ишончлироқ бўлиши учун Стинернинг тезроқ қайтиб келишини сўраб, ўша округнинг бир неча ерига такрор хабар юборди. Бироқ шунга қарамай, Стинернинг вақтида етиб келишига унинг ишончи комил эмасди ва энди нима қилишни ҳам билмаётганди. Унга ёрдам, қаердан бўлса ҳам тез кўмак керак эди! Бирдан хаёлига яхши фикр келиб қолди. Батлер, Молленхауэр ва Симпсонлар – кўнка темир йўлларининг йирик акционерлари! Улар биржадаги нархларни кўтариш учун бирлашишлари ва шу орқали ўз қизиқишларини ҳимоя қилишлари керак. Улар “Дрексель энд компани”, “Кук” ва бошқа банклар билан музокарага киришишлари ҳамда улардан бозорни қўллаб-қувватлашларини талаб қилишлари мумкин. Улар биргаликда акцияларни сотиб олиб, вазиятга таъсир ўтказишса бўлади, бундай қўллабқувватлашлар ёрдамида Фрэнк унга ўзининг ўнгланиб олишга имкон берадиган миқдордаги қимматбаҳо қоғозларини сота олиши мумкин, фақат бу эмас, балки нархларни пасайтиришга эришиб, яхшигина пул ишлаб олишнинг ҳам имкони туғилади. Бу ажойиб фикр эди, бироқ камчилиги шунда эдики, унинг рўёбга чиқишига умуман ишонч йўқ эди.
Каупервуд ўзи ва Стинернинг сирларини очишига тўғри келаётганидан ташвишга тушган ҳолда шу заҳотиёқ Батлернинг олдига боришга қарор қилди.
У экипажга ўтириб, Батлерникига қараб кетди. Кекса пудратчи бу пайтда дастурхон атрофида ўтирарди. У газетчиларнинг қичқириб айтган тезкор хабарларни эшитмаган ва Чикагодаги катта ёнғин ҳақида ҳам ҳали ҳеч нарса билмасди.
Хизматкор келганини эълон қилганида Батлер ўрнидан туриб, жилмайганча Каупервуднинг қаршисига чиқди.
– Хуш келибсиз! Ўтиринг. Нима ичасиз: чойми, қаҳвами?
– Миннатдорман. Бироқ ҳозир жуда шошиб турибман, – жавоб берди Каупервуд. – Сиз билан бир неча дақиқа гаплашиб олмоқчи эдим, кейин яна борадиган жойларим бор. Кўп вақтингизни олмайман.
– Нима ҳам дердим, шундай экан, хизматингизга тайёрман.
Батлер бўйнига қистирилган сочиқни ошхонага қўйиш учун чиқиб кетди. Ичкарида дастурхон атрофида ўтирган Эйлин ҳам Каупервуднинг овозини таниган ва сергак тортганди. Уни қандай қилиб кўрса бўларкан? Шу пайтда нега отасининг олдига келди экан? Дарҳол ўрнидан туриб қараш унга ноқулай эди, бироқ қиз Каупервуд кетгунча у билан бир-икки оғиз гаплаша олишга умид қилаётганди. Каупервуд ҳатто шу аҳволда – бошига осмон тушиб кетгудек шароитда ҳам хотини, болалари ва бошқа нарсалар қатори қиз ҳақида ҳам ўйлаётганди. Агар Фрэнк хонавайрон бўлишдан қутулиб қола олмаса, атрофидаги одамларнинг ҳаммасига оғир бўлади. У буларнинг бари нимага олиб келишини аниқ айтолмасди, чунки булут уфқдан энди босиб кела бошлаганди.
Каупервуд ўзини бутунлай сокин тутганча, қайта-қайта юзага келган шароит ҳақида ўйларди. Унинг юзида хотиржамлик акс этар, кўзлари одатдагидан совуқроқ порларди.
– Демак, қулоғим сизда, – деди Батлер хонага қайтиб кираркан. Унинг юзида ҳаётдан, бутун дунёдан мамнунлик ифодаси бор эди. – Нима бўлди? Умид қиламанки, жиддий ҳеч нарса содир бўлмаган. Бугун кун жуда яхши!
– Ўзим ҳам бирон жиддий нарса йўқ деб умид қиламан, – жавоб берди Каупервуд. – Бироқ сиз билан гаплашиб олишим керак эди. Тепага хонангизга чиқсак, яхши бўларди…
– Ўзим ҳам шуни таклиф қилмоқчи бўлиб тургандим, – деди Батлер. – Ҳа, айтганча, сигарам ҳам юқорида.
Улар зина томонга қараб кетишди: Батлер олдинда, Каупервуд ундан кейин. Кекса пудратчи зинадан кўтарила бошлаганда ошхонадан ипак кўйлагини шитирлатиб Эйлин чиқиб келди. Унинг пешонасидан ва орқасидан тепага қараб таралиб, бошининг энг тепасига жимжимадор ўрилган сочи ажойиб малларанг тожни ҳосил қилганди. Унинг юзлари ёнар, тўқ қизил кўйлак остидан кўриниб турган елкаси ва қўллари кўзни олгудек оппоқ эди.
Қиз нимадир рўй берганини дарров сезди.
– А, жаноб Каупервуд, яхши юрибсизми? – отаси зинадан кўтарилишда давом этар экан хитоб қилди қиз ва йигитга қўлини чўзди. У Фрэнкни бир-икки оғиз сўзлашиш учун ушлаб қолишга ҳаракат қилаётган, бепарво ҳол сўраши эса атрофдагиларни чалғитиш учун эди.
– Азизим, нима бўлди, тинчликми? – отаси юқори айвончага чиқиб борганда шивирлади у. – Кўринишинг жуда ташвишли…
– Қўрқинчли ҳеч гап йўқ, асалим, – жавоб берди Фрэнк. – Чикагода ёнғин ва эртага бу ерда ҳам катта шовшув кўтарилади. Отанг билан шу масалада гаплашиб олишим керак.
Қиз қўрқиб кетиб, ҳамдардлик билан “Вой!” деркан, Каупервуд қўлини олиб, Батлернинг кетидан юрди. Эйлин меҳмонхонага кириб ўтираркан, хаёлга чўмди: у ҳали бирор марта Каупервуднинг юзида бунчалик жиддий ифодани кўрмаганди. Худди мумдан ясалгандек хотиржам юз-кўзлари ҳам мумдек, қарашлари совуқ ва ўткир!.. Чикаго ёняпти! Бунинг Фрэнкка нима алоқаси бор? Ёнғин билан унинг нима иши бор?
Йигит ҳеч қачон қизга ўз ишларидан гапирмасди: барибир у ҳам Каупервуд хонимдан кўра кўпроқ нарса тушунмаган бўларди. Бироқ шунга қарамай, у хавотирга тушиб қолди; ахир буларнинг ҳаммаси назарида ўзи узилмас ришталар билан боғланган Фрэнкка ҳам тегишли.
Мумтоз адабиётни айтмаса, адабиётларнинг бари бизга фақат бир хил кўринишдаги жазманлар – нозкарашмали, пулга ўч, асосий мақсади фақат ўз тўрига эркакларни илинтириш бўлган аёлларни тасвирлайди. Журналистлар ва замонавий брошюраларнинг муаллифлари ҳам ахлоқ масалалари борасида худди шу фикрни қўллаб-қувватлашади. Ўйлаш мумкинки, Яратган ҳаёт устидан цензура ўрнатганда, цензорликка энг эскилик тарафдорларини қўйган. Бироқ ҳисоб-китобгагина ўрнатилмаган ҳақиқий севги ришталари ҳам бор. Аксарият ҳолларда ишвалар қилиш ва ёлғон ишлатиш аёлларга бегона. Ҳиссиётларига қулоқ солган ва чиндан ҳам севадиган оддий аёл худди ёш бола каби айёрликка қодир эмас; у доим ўзини қурбон қилишга тайёр ва иложи борича кўпроқ беришга ҳаракат қилади. Севги давом этар экан, у фақат шундай тарзда қолади. Ҳиссиётлар ўзгариши мумкин, бироқ жазман аёллар кўпинча ўзларини қурбон қила олишлари, севган инсонига ўзларини бутунлай бахшида қилишлари ва ғамхўрликлари билан ажралиб турадилар. Қонуний никоҳнинг тескариси бўлган ана шундай муносабатлар мустаҳкам никоҳдаги эр-хотинлик муносабатларига вайрон қилувчи таъсир кўрсатган. Инсон – у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, бундай беғаразлик ва ўзини бахшида қилишга уринишлар олдида таъзим қилмаслиги иложсиз.
Батлернинг ортидан юқорига кўтариларкан, Каупервуд юзага келган шароитни қайта-қайта ўйлаб кўраётганди.
– Марҳамат, ўтиринг! Бирор нарса ичамизми? Ҳа, айтганча, сиз ичмайсиз-ку… Эсимда, эсимда! Ҳеч бўлмаса, сигарадан олинг. Демак, нега бугун кайфиятингиз йўқ?
Аҳоли кўп жойлашган мавзе томондан “Тезкор хабарлар! Тезкор хабарлар! Чикагодаги ёнғин ҳақида батафсил маълумотлар! Бутун шаҳар ёнғин қўйнида!” деган қичқириқлар эшитиларди.
– Мана, нимадан сиқиляпман, – бу бақириқларга қулоқ солиб туриб деди Каупервуд. – Янгиликни эшитдингизми?
– Йўқ. Бу газетачилар нима деб бақиришяпти?
– Чикагода катта ёнғин бўляпти!..
– Ҳа-а… – деди Батлер, ҳали ҳам бу ҳодисанинг маъносини тўла англамай.
– Шаҳарнинг бутун асосий қисми олов ичида, жаноб Батлер, – тундлик билан гапида давом этди Каупервуд, – ва эртадан қолмаёқ бизда молиявий силкинишлар бошланади. Сиз билан шу ҳақда гаплашгани келгандим. Капитал маблағлар билан боғлиқ шароитингиз қанақа?
Батлер Каупервуднинг юзидаги ифодадан жуда даҳшатли фалокат юз берганини тушунди. Кенг чарм креслосининг суянчиғига ўзини ташларкан, у катта қў лини кўтариб, оғзи ва иякларини беркитди. Унинг йирик кўзлари бароқ қошлари остидан порлаб турарди. Бошини калта қирқиб олинган оппоқ соч қоплаганди.
– Мана, гап нимада экан,– деди у. – Демак, сиз эртага бизда ҳам бўрон бошланади деб ўйлайсизми? Ўзингизнинг ишларингиз қанақа?
– Агар оғзи катта пулдорларимиз совуққонлик билан туриб беришса ва ваҳимага тушишмаса, ишларим ҳар ҳолда яхши бўлади. Эртага, тўғрироғи, бугун ҳаммамиз ақл билан иш қилишимиз керак бўлади. Ахир ҳаммамиз чинакам биржа ваҳимаси арафасида турибмиз. Жаноб Батлер, ҳақиқатнинг кўзига тик қарашингиз керак! Бу ваҳима кўп давом этмайди, бироқ қисқа вақт ичида ҳам кўпгина фалокат юз бериши мумкин. Эртага биржа очилган дақиқадан қимматбаҳо қоғозлар ўн ёки ўн беш пунктга тушиб кетади. Банклар қарзларни тўлашни талаб қила бошлайди ва фақат олдиндан келишиб олишгина уларни бундай қадам ташлашдан ушлаб қолиши мумкин. Бироқ бирорта одам ҳам ёлғиз ўзи уларга таъсир ўтказа олмайди. Бу ерда бир гуруҳ одамларнинг биргаликдаги ҳаракати бўлиши керак. Сиз жаноб Симпсон ва жаноб Молленхауэр билан банкларнинг корчалонларини бирлашишга ва бозорни қўллаб-қувватлашга кўндириб, бунга эришишингиз мумкин. Бутун кўнка темир йўллари зарба остида қолади. Агар курс ушлаб турилмаса, уларнинг акциялари пастга тушиб кетади. Бу йўлларга катта пул тикканингиздан хабарим бор. Шунинг учун сиз, Молленхауэр ва бошқалар чорангизни кўриб қўясиз, деб ўйладим. Яшириб ўтирмайман, акс ҳолда, менга ҳам ёмон бўлади. Мен ёлғиз кураша олиш даражасида кучли эмасман.
Фрэнк Батлерга Стинер тўғрисидаги ҳақиқатни қандай очишни билмай боши қотаётганди.
– Ҳа, яхши иш бўлмаяпти, – ўйчанлик билан деди қария.
У ўзининг ишлари ҳақида ўйлаётганди. Бу ваҳималар, албатта, унга фойда бермайди, бироқ унинг шароити у даражада қўрқинчли эмас. У банкрот бўлишдан қўрқмаса ҳам бўлади. Албатта, ишларини тартибга солиб олишдан олдин унда озгина йўқотишлар бўлиши мумкин, бироқ бу жуда жиддий йўқотиш бўлмайди. Бироқ кекса Батлер ҳеч нарсани йўқотишни истамасди.
– Қандай қилиб шунчалик қийин аҳволга тушиб қолдингиз? – қизиқиб сўради у. Батлер Каупервуднинг нега кўнка темир йўли компанияларининг тор-мор бўлишидан шунчалик қўрқаётганига қизиқаётганди. – Бу ишларга сиз ҳам ҳиссангизни қўшганмисиз?
Каупервуднинг олдида Батлерга ёлғон айтсинми ёки ростини гапириш керакми, деган савол пайдо бўлди. Йўқ, ёлғон гапириш таваккал қилиш бўлади. Агар Батлернинг унга раҳми келиб қўллаб-қувватламаса, у касодга учраши мумкин ва у ҳолда ҳақиқат барибир юзага чиқади.
– Жаноб Батлер, мен сиздан ҳеч нарсани яшириб ўтирмоқчи эмасман, – қариянинг самимий муносабатига умид қилиб, йигит Батлерга дадил ва ишонч билан қаради. Унинг шу қараши қарияга жуда ёқарди. Баъзан ўз ўғиллари қаторида у Каупервуд билан ҳам фахрланиб қўярди. Бундан ташқари, у ёш банкир айнан унинг орқасидан шу даражага кўтарилганини ҳам ҳис қиларди.
– Сизга мен ҳам анча пайтлардан бери кўнка темир йўлларининг акцияларини (фақат ёлғиз ўзим учун эмас) сотиб олиб келаётганимни айтиб қўйишим керак. Ҳозир айтмоқчи бўлаётган маълумотимни, балки, ошкор этишим керак эмасдир, бироқ у ҳолда мен бу вазиятдан асраб қолмоқчи бўлаётганим – сиз ва кўпгина бошқа одамларга зарар келтириб қўяман. Менга, албатта, кузги сайловлар натижасига қизиқишингиз маълум. Ва мен Стинер ҳамда унинг баъзи дўстлари учун кўп акция сотиб олганимни сиздан яширмоқчи эмасман. Бунинг учун маблағ доим шаҳар ғазнасидан кетган, демоқчи ҳам эмасман, бироқ кўп ҳолларда шундай бўлган бўлса керак. Касод бўлишим Стинерга, республика партиясига ва сизга ҳам қандай таъсир қилишини яхши тушунаман. Албатта, жаноб Стинер бу комбинацияни ёлғиз ўзи ўйлаб чиқмаган ва мен бу ерда бошқалардан кўра камроқ жазога лойиқ эмасман, бироқ буларнинг ҳаммаси бошқа ишлардан келиб чиқиб бўлган. Сизга маълумки, мен Стинернинг таклифи билан шаҳар заёмини тарқатганман ва шу операциядан кейин Стинернинг дўстларидан бири менга уларнинг маблағини кўнка темир йўлларига тикишни таклиф қилганди. Ўшандан бери улар учун шу ишни қилиб келяпман. Шахсан ўзим Стинердан йилига икки фоиз ҳисобидан катта маблағ қарз олганман. Яна бошқа нарса: аввалига ҳамма ишлар худди ана шу йўл билан ёпиларди ва мен ҳеч қанақасига ўз айбимни бошқаларга ағдармоқчи эмасман. Жавобгарлик менга тушади ва мен жавоб беришга тайёрман, бироқ фалокатга учрайдиган бўлсам, Стинернинг номига доғ тушади ва бу гап бутун шаҳар бошқарувидагиларга ҳам ошкор бўлади. Албатта, банкрот бўлишни хоҳламайман ва бунинг учун ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Агар ваҳима таҳдиди бўлмаганда, ишларим аввал ҳеч қачон шунчалик яхши бўлмаганди, деб айтган бўлардим. Бироқ ҳозир менга ёрдам берилмаса, бўронга дош бера олмайман. Ва яна менга ёрдам қўлини чўза оласизми, шуни ҳам билмоқчиман. Агар шу вазиятдан чиқиб кетсам, шаҳар ғазначилигининг пулини тезда қайтариш учун ҳамма чораларни кўраман, деб ваъда бераман. Афсуски, жаноб Стинер ҳозир шаҳарда эмас экан, акс ҳолда, уни гапларимни тасдиқлаши учун ёнингизга олиб келган бўлардим.
Каупервуд Стинерни ўзи билан олиб келиш ҳақида бир туки қилт этмай ёлғон гапираётганди. У аслида мабодо бўлиб-бўлиб ва унга қулай вақтда бўлмаса, шаҳар ғазначилигига пулларни қайтармоқчи ҳам эмасди. Бироқ айни пайтда унинг гаплари ишонарли ва виждонан айтилаётгандек чиқди.
– Жаноб Стинер сизнинг ишингизга қанча тикканди? – сўради жаноб Батлер. Ишларнинг бундай тескарисига айланиб кетганидан у бироз эсанкираб қолганди. Бу гапларнинг ҳаммаси Каупервуд ва Стинернинг номларига соя солиб қўйганди.
– Беш юз минг долларга яқин.
Қария креслода ўтирганча гавдасини ростлади.
– Наҳотки шунчалик кўп бўлса?.. – оғзидан чиқиб кетди унинг.
– Шунга яқин… Балки, кўпроқ ёки камроқдир, аниғини билмайман.
Кекса пудратчи Каупервуд айтган гапларнинг ҳаммасини диққат билан эшитаркан, бу ишлар республика партиясининг қизиқишларига ва ўзининг шаҳар бошқаруви билан келишувларига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаётганди. У Каупервудни ҳурмат қиларди, бироқ ҳозир йигитнинг айтганлари шубҳали ва жуда нопок кўринаётганди. Батлер секин ҳаракат қиладиган, шошилмай мулоҳаза юритадиган одам эди, бироқ бирор масала ҳақида фикрлайдиган бўлса, уни охиригача ҳал қиларди. Филадельфия кўнка темир йўлларига у ҳам яхшигина маблағ – саккиз юз минг доллардан кам бўлмаган пулни тикканди. Молленхауэрники ундан ҳам кўп. Бу ишга сенатор Симпсон қанча тикканини эса у билмайди. Лекин Каупервуд ўз вақтида унга сенатор ҳам бундай акцияларнинг йирик пакетига эга эканини айтган. Уларнинг кўпчилигида бундай қоғозларнинг кўпи Каупервудники сингари ҳар хил банкларга гаровга қўйилганди, улар учун олинган пуллар эса бошқа ишларга тикилганди. Қарзларни тўлаш талаби уларнинг ҳеч бирига яхшилик келтирмасди, бироқ бу учликнинг ҳеч бири шу қадар ёмон аҳволда эмасди. Агар улар ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳамма чораларни кўрса, ҳеч бир дахмазасиз, эҳтимол, бироз зарар билан бу вазиятдан чиқиб кета олишлари мумкин. Агар Каупервуд унга Стинер бу ишга етмиш беш ёки юз минг қўшган деганда, жаноб Батлер унча аҳамият бермаган бўларди. Буни бир амаллаб ҳал қилиш мумкин эди. Бироқ беш юз минг!..
– Жуда катта пул!.. – деди Стинернинг бу дадиллигидан ҳайратланиб, бироқ Каупервуднинг бу билан боғлиқ найрангларидан ҳали бехабар бўлган Батлер. – Буни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Агар эртага ваҳима бошланадиган бўлса, биз бир дақиқани ҳам йўқота олмаймиз. Бозорни ушлаб туришимиздан сизга фойда бўладими?
– Жуда катта фойда бўлади, – жавоб берди Каупервуд, – аслида, бошқа йўллар билан яна пул топишимга тўғри келса ҳам. Айтганча, менда сизнинг юз минг долларлик жамғармангиз бор. Нима деб ўйлайсиз, у сизга яқин кунларда керак бўлиб қолиши мумкинмикин?
– Балки…
– Бу пуллар менга ҳам керак бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас ва уларни ўзимга жиддий зарар етказмаган ҳолда дарров қайтара олмасам керак, – деди Каупервуд. – Ва бу бутун занжирнинг звеноларидан биттаси холос. Агар сиз, сенатор Симпсон ва жаноб Молленхауэр учалангиз бирлашиб – ахир акцияларнинг кўпи сизларнинг қўлингизда-ку, жаноб Дрексель ва жаноб Кукка таъсир кўрсата олсангиз, шароитни сал юмшатган бўлардингиз. Мендан қарзни ёпишни талаб қилишмаса, шароитдан яхши чиқиб кетаман, биржада курс бирдан тушиб кетмаса, у ҳолда ҳеч ким мендан буни талаб қилмайди. Акс ҳолда эса ҳамма қимматбаҳо қоғозларим қадрсизланади ва бунга бардош беролмайман.
Кекса Батлер ўрнидан турди.
– Иш жиддий экан… Стинер билан ош-қатиқ бўлиш керак эмасди. Қайси томондан қараса ҳам, барибир хунук иш бўлибди. Жуда ёмон иш бўлибди, – қатъийлик билан деди қария. – Шунга қарамай, қўлимдан келганини қиламан. Кўп нарса ваъда қилмайман, бироқ мен сизга доим яхши муносабатда эдим ва мабодо бошқа йўлим қолмаса, сизни бу шароитда қолдириш ниятида эмасман. Жуда ёқимсиз ҳолат, жуда ёқимсиз! Ва яна, шаҳримизда бундай ишларни ёлғиз мен ҳал қилмаслигим ёдингиздан чиқмасин!
Бу сўзларни айтаркан, кекса Батлер чиндан ҳам Каупервуд буни ўз жонини қутқариш учун қилган бўлса-да, манфаатларига таҳдид ва сайловлар тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириб, яхши иш қилгани ҳақида ўйлаётганди. Нима бўлганда ҳам, Батлер йигит учун қўлидан келган ҳамма ишни қилишга қарор қилди.
– Мен бу воқеаларни яхшилаб ўрганиб чиқмагунимча Стинер ва шаҳар ғазначилиги билан боғлиқ бу воқеани ҳамма ёққа овоза қилмай туришнинг иложи борми? – эҳтиёткорона сўради Каупервуд.
– Ваъда бера олмайман, – жавоб берди Батлер, – бироқ менга боғлиқ ҳамма нарсани қилиб кўраман. Бироқ сиз бир нарсадан хотиржам бўлишингиз мумкин: бу воқеа сизнинг фойдангиз учун зарур бўлган чегарадан узоқроққа бормайди.
У ҳозирнинг ўзидаёқ, мабодо Каупервуд банкротга учрайдиган бўлса, Стинернинг жинояти оқибатларидан қандай қутулиш йўлларини ўйлай бошлаганди.
– Оуэн!.. – эшикни очиб, зинанинг панжарасидан эгилганча ўғлини чақирди у.
– Ҳа, ота?
– Дэнга кабриолетни тайёрлаб, йўлак олдида кутиб туришни буюр. Ўзинг эса кийин: мен билан борасан.
– Хўп, ота.
Батлер хонасига қайтиб кирди.
– Ҳа-а-а! Арзимаган сабаб билан шунча ғавғо! Чикагода ёнғин, мен эса бу ерда, Филадельфияда муаммога қолиб ўтирибман! Ана, холос!
Каупервуд ўрнидан туриб, эшикка қараб йўналди.
– Сиз қаёққа?
– Уйга кетяпман. Мен кўришмоқчи бўлган бир нечта одам келиши керак эди. Агар рухсат берсангиз, кечроқ яна бир кириб ўтардим.
– Ҳа, ҳа, албатта, – жавоб берди Батлер. – Менимча, соат ўн иккиларга қайтиб келаман. Майли, хайр! Демак, ҳали яна кўришамиз. Нима билсам, сизга ҳаммасини айтиб бераман.
Жаноб Батлер негадир хонасига қайтиб кириб кетди ва Каупервуднинг ёлғиз ўзи зинадан тушиб келди. Дарпарда олдида турган Эйлин ишора билан уни чақирди.
– Азизим, умид қиламанки, жиддий ҳеч нарса бўлгани йўқ, – бугун кўзлари қандайдир жуда жиддий бўлган йигитнинг юзига қараб сўради қиз.
Ҳозир севги изҳор қилиб ўтирадиган пайт эмас эди, Каупервуд буни ҳис қилиб турарди.
– Йўқ, – деярли совуқ оҳангда деди у. – Ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ.
– Фақат, Фрэнк, менга қара, ишларингни деб мени эсингдан чиқариб қўйма! Эсингдан чиқмайдими? Рост-а? Ахир сени жуда севаман!
– Йўқ, йўқ, эсимдан чиқармайман! – жиддийлик билан тез жавоб берди йигит. Гап оҳангидан унинг хаёли узоқдалиги сезилиб турарди. – Ўзинг биласан-ку: ахир сени ёддан чиқара оламанми? – У қизни ўпишга чоғланганида, қандайдир шитирлаш уни чўчитиб юборди.
– Т-с-с!
Каупервуд эшик томонга йўналаркан, Эйлин уни севги тўла нигоҳи билан кузатиб қолди. Фрэнкнинг бошига бирор ғам-ташвиш тушган бўлса-я? Ахир дунёда бахтсизликлар камми? Унда Эйлин нима қилади?
Қизни ҳаммадан ҳам шу нарса қийнаётганди. У нима қилади, Фрэнкка қандай ёрдам бериш мумкин? Бугун унинг ранги оқариб кетган, жуда чарчаган кўринади…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.