Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 25

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 25 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Навбатчи изқувар Олдерсонга Эйлин ва Каупервуд Олтинчи кўчадаги уйга келишганини хабар берганда, ноябрнинг булутли кунларидан бири эди. Олдерсон Батлернинг идорасига бориб, уни тезда ўзи билан боришга таклиф қилди. Бироқ Батлер ҳали ҳам қизини шундай жойдан топишига ишона олмаётганди. Қандай даҳшат! Қандай шармандалик! У қизига нима дейди? Қизини айблашга унинг кучи етармикин? Каупервудни нима қилади? Ҳозир кўрадиган нарсаларини ўйлаб, жаноб Батлернинг қўллари қалтирай бошлади. Борадиган уйларига озгина қолганда, кўчанинг нариги томонида навбатчилик қилаётган бошқа изқувар кўринди.

Жаноб Батлер ва Олдерсон аравадан тушиб, навбатчи билан подъезд томонга қараб кетишди. Соат тўрт ярим бўлганди. Улар етиб келган уйнинг хоналаридан бирида ҳозир Каупервуд сюртук ва жилетсиз ўтириб олиб, Эйлиннинг гапларини тингларди. Улар учрашадиган хона оддийгина бўлиб, ўша пайтдаги урф бўйича жиҳозланганди. Ўша пайтлардаги фабрикантлар ишлаб чиқарадиган “ҳашаматли” мебеллар Людовиклардан бирининг даврига хос услубга тақлидан ишланарди. Дарпардалар одатда кумуш ва олтин иплар билан тикилар, оғир, кўпинча қизил рангда бўларди. Гиламлар нақшларининг ёрқинлиги ва тукининг қалинлиги билан ажралиб турарди. Мебеллар, қандай ёғочдан қилинганидан қатъи назар, оғир, баҳайбат ва безакларининг кўплиги билан одамни ҳайратга соларди.

Биз айтиб ўтган хонада ёнғоқ ёғочидан қилинган каравот, гардероб, яшикли жавон ва шу ёғочдан ишланган пардоз столчаси турарди. Столча тепасида зарҳал рамкага солинган тўғри бурчакли кўзгу осиғлиқ эди. Деворларда ҳам худди шундай зарҳал рамкаларда дидсиз расмлар ва яланғоч аёлларнинг суратлари бор эди. Қалин пуштиранг Брюссель гиламида катта саватдаги ҳаворанг гулларнинг расми акс этганди. Хона умуман ёруғ ва яхши жиҳозлангандек таассурот қолдирарди.

– Биласанми, баъзан ўйлаб қўрқиб кетяпман, – деди Эйлин, – ахир отам орқамиздан кузатиб юрган бўлиши мумкин. Агар отам бизни тутиб олса, нима қиламиз деб бир неча марта ўзимга ўзим савол бердим. Унда ҳеч қандай ёлғон ёрдам бера олмайди.

– Ҳа, албатта, – қизнинг гапига қўшилди Каупервуд. У доимгидек қизнинг чиройига маҳлиё эди. Эйлиннинг қўллари ва бўйни оппоқ, нозик бўлиб, катта-катта кўзлари ёниб турарди. У аёл гўзаллигининг тимсоли эди – ўзига тортадиган, нафис ва… ёқимтой.

– Бошга тушганни кўз кўради, – деди Фрэнк. – Маълум бир вақт учрашмай турсакмикин деб ўйлай бошлагандим. Очиғи, бу мактуб ақлимизни киритиши ва муносабатларимизни вақтинча тўхтатиш учун етарли бўлиши керак эди.

У пардоз столи олдида сочларини тартибга солиб турган Эйлинни қучоқлаб, унинг чиройли лабларидан ўпди.

– Эйлин, ўзимнинг таннозгинам, бироқ дунёда сендан гўзали йўқ, – қизнинг қулоғига шивирлади сўнг.

Айни шу пайтда Батлер ва иккинчи изқувар кириш эшигининг орқасида туришар, операцияни бошқаришни ўз қўлига олган Олдерсон эса қўнғироқни чалаётганди. Эшикни қора танли хизматкор аёл очди.

– Дэвис хоним уйдами? – уй бекасининг фамилиясини айтиб, мулойим товушда сўради Олдерсон. – Мен уни кўрмоқчи эдим.

– Марҳамат, ичкарига киринг, – деди ҳеч нарсадан шубҳаланмаётган аёл даҳлизнинг ўнг томонидаги эшикни кўрсатиб. Олдерсон кенг соябонли юмшоқ шляпасини ечиб, ичкарига кирди.

Хизматкор аёл уй бекасини чақириш учун юқорига чиқишга улгурмай, у қайтиб бориб, эшикдан Батлер ва яна иккита изқуварни ичкарига киргизди. Улар қабул хонасига энди тўрт киши бўлиб киришди. Бир неча дақиқадан сўнг “хоним” (бундай гўшаларнинг бекасини шундай чақириш одат эди) пайдо бўлди. У баланд бўйли, тўладан келган ва келишгангина, оқ сочли, кўзлари ҳаворанг ва жилмайиши ёқимли аёл эди. Полиция билан тез-тез учрашиб туриши ва ёшликдаги бебошлик билан ўтган ҳаёти унда эҳтиёт бўлиш ва одамларга ишончсизлик ҳиссини уйғотганди. Ўз нонини ҳалол меҳнатга ҳеч қандай алоқаси йўқ йўл билан топишга ўрганган ва шундан ўзга ҳунарни билмайдиган бу хоним исталган бошқа касбдаги тадбиркор сингари биринчи ўринда полиция ва мижозлар билан келишиб яшашга уринарди.

Унинг эгнида ҳаворанг гулли кенг пеньюар бўлиб, унинг ўйиғи орасидан ичидаги қимматбаҳо ичкўйлак кўриниб турарди. Чап қўлининг ўрта бармоғини катта опал кўзли узук безатиб турар, қулоқларига оч ҳаворанг феруза кўзли зирак таққанди. Унинг пардозини оёғидаги ипак туфлилар охирига етказарди. Умуман айтганда, беканинг ташқи кўриниши уйининг мазмунига мос эди.

Қизини ўз комига тортган бу бузуқлик муҳитидан Батлернинг қанчалар даҳшатга тушганини гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Олдерсон изқуварлардан бирига ишора қилди ва у тезлик билан аёлнинг орқасига туриб, қочишининг олдини олди.

– Дэвис хоним, сизни безовта қилганимиздан жуда пушаймонман, – деди Олдерсон, – бироқ биз айни пайтда уйингизда бўлган бир жуфтликни кўришимиз керак. Гап уйидан қочиб кетган қиз ҳақида кетяпти. Ҳеч қандай шовқин кўтарилмайди, биз уни топиб, олиб кетишимиз керак.

Дэвис хоним ранги оқариб, оғзини очганча қолди.

– Фақат бақира кўрманг, – аёлнинг шундай қилмоқчилигини кўриб, огоҳлантирди у. – Акс ҳолда чора кўришимизга тўғри келади! Одамларим уйни ташқаридан ўраб олишган. Бу ердан ҳеч ким чиқиб кета олмайди. Сизга жаноб Каупервуд деган исм танишми?

Хайриятки, Дэвис хоним асабий ва уришқоқ одамлар сирасига кирмас ва ҳаётга озми-кўпми, донишмандона нуқтаи назардан қарарди. У Филадельфияда ҳали полиция билан алоқа ўрнатишга улгурмаган, шунинг учун фош бўлишдан қўрқарди. Бақиришдан нима фойда, ўйлади у. Уйни ўраб олишган, бу жуфтликни қутқариш учун яқин атрофда ҳеч ким йўқ. Аёл уларнинг ҳақиқий исмларини ҳам билмасди. Унинг учун улар жаноб ва хоним Монтегьюлар эди.

– Мен бундай одамни танимайман, – ҳаяжонланиб жавоб берди аёл.

– Ахир бу ерда тилларанг сочли қиз йўқми? – сўради Олдерсоннинг ёрдамчиларидан бири. – Ва кулранг костюм кийган, жигарранг мўйловли эркак? Улар ярим соат бурун келишганди. Наҳотки уларни сезмаган бўлсангиз?

– Ҳозир бутун уйда биттагина жуфтлик бор. Фақат бу сизлар қидираётган одамларми-йўқми, билмайман. Агар сизларга керак бўлса, улардан пастга тушишларини сўрайман. Фақат, худо ҳаққи, шовқин кўтарманглар.

– Овозингизни чиқарманг ва ҳеч қандай шовқин бўлмайди, – деди Олдерсон. – Қўрқманг! Биз фақат ўша қизни топиб, олиб кетишимиз керак. Жойингизда қолинг. Улар қайси хонада?

– Иккинчи қават, иккинчи хонада. Балки, сизларни кузатиб қўйишимга рухсат берарсизлар? Шунда яхши бўларди. Ўзим эшикни тақиллатиб, уларнинг чиқишини сўрайман.

– Йўқ, бу ишни ўзимиз қиламиз. Сиз шу ерда қолинг. Қўрқишингизга ҳожат йўқ. Фақат жойингизда қолинг, – яна қайтарди изқувар.

Олдерсон Батлерга қараб орқасидан юришга ишора қилди, бироқ Батлер шу онда бу хунук ишни бошлаб, катта хато қилганини тушуниб қолганди. У Каупервудни ўлдира олмас экан, хонага кириб Эйлинни у ердан чиқишга мажбур қилишидан нима наф? Уни пастга тушишга мажбур қилишганининг ўзи етади. Қизи отасига ҳамма нарса маълум эканини тушунади. Каупервудни одамларнинг олдида шарманда қилишнинг кераги йўқ дея қарор қилди Батлер. У бу саҳнадан, ўзидан қўрқаётганди.

– Бу аёл у ерга чиқиб тушсин, – Дэвис хонимни кўрсатиб, хўмрайганча деди жаноб Батлер. – Сиз эса уни кузатиб боринг. Қизга менинг олдимга тушишни буюринг.

Гап қандайдир оилавий фалокат тўғрисида кетаётгани ва бу воқеадан эсон-омон чиқиб кета олишига умид қилган Дэвис хоним шу заҳоти юқорига йўналди. Олдерсон ва унинг шериклари ҳам унинг изидан кетишди.

Каупервуд ва Эйлин банд қилган хонанинг олдига боргач, аёл эшикни секин тақиллатди. Бу пайт иккаласи катта креслода ўтиришарди. Тақиллаган товушни эшитиб, Эйлиннинг ранги оқариб кетди ва сакраб ўрнидан турди. Бугун негадир эрталабдан ниманидир сезиб, унинг кўнгли ғаш бўлаётганди. Каупервуднинг юзида ҳам қатъий ифода пайдо бўлди.

– Қўрқма, бу хизматкорлардан бири бўлса керак, – деди у. – Мен очаман. – Каупервуд эшикка қараб юрди, бироқ Эйлин уни тўхтатди.

– Шошмай тур, – қиз сал ўзига келиб шкафнинг олдига борди ва у ердан халат олиб, устига ташлади.

Тақиллаш яна такрорланди. Шундан сўнг Эйлин эшикни сал очди.

– Монтегью хоним, – ҳаяжон билан, бироқ ўзини босишга ҳаракат қилиб деди Дэвис хоним, – пастда қандайдир бир эркак сизни сўраяпти.

– Мени?.. – ранги баттарроқ оқариб хитоб қилди Эйлин. – Мени сўраётганига ишончингиз комилми?

– Ҳа, у сизни кўришни хоҳлаётганини айтди. У билан яна бир нечта одам бор. Менимча, қариндошларингиздан кимдир бўлса керак.

Эйлин ҳам, Каупервуд ҳам гап нимада эканини дарров тушунганди. Кимдир уларнинг изига тушган – ёки жаноб Батлер, ёки Каупервуд хоним – аниқроғи, жаноб Батлер бўлса керак. Каупервуд, энг аввало, Эйлинни қандай ҳимоя қилиш тўғрисида ўйлади. Ҳатто шу дақиқаларда ҳам у ўзи учун қўрқмаётганди. Ҳар қандай аёл хавотири олдида Фрэнкда қўрқувни тан олмайдиган жасурлик етарли эди. Батлер уни ўлдириш учун келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас, бироқ Каупервуд қўрқиб кетмади, ёнида қуроли йўқлигига қарамай, бу фикрни ҳатто хаёлига ҳам келтирмади.

– Мен ҳозир кийиниб тушаман, – деди у Эйлиннинг оқариб кетган юзига қараб. – Сен шу ерда қол. Ва илтимос қиламан: ҳаяжонланма, ҳаммаси яхши бўлади. Фақат хотиржам бўл!.. Ҳаммасини менга қўйиб бер. Барига мен айбдорман ва ҳаммасини ўзим ҳал қиламан.

Каупервуд пальто, шляпасини ола туриб, қўшиб қўйди:

– Тезроқ кийин, мен олдинда бораман.

Дэвис хонимнинг ортидан эшик ёпилишга улгурмасдан, Эйлин шоша-пиша кийина бошлади. Унинг мияси охирги тезликка босилган мотор каби ишлаётган эди. Бу отам бўлиши мумкинмикан, ўз-ўзидан сўрарди қиз. Йўқ, йўқ, бу отаси эмас. Эҳтимол, уйда чиндан ҳам Монтегью фамилияли аёл бўлса керак. Бироқ агар бу отаси бўлса, қизининг қилмишини сир сақлаб, уйдагиларга айтмагани қандай яхши бўпти! Отаси қизини яхши кўради, буни Эйлин яхши биларди. Бундай вазиятга тушиб қолган қиз учун оиласида уни яхши кўришлари катта аҳамиятга эга. Эйлинни эса яхши кўришар, эркалатишарди. Қиз отаси ўзига ёки бошқа бировга нисбатан қўпол жисмоний куч ишлатиши мумкинлигини тасаввур қила олмасди. Бироқ ҳозир отаси билан қандай учрашади, унинг кўзига қандай қарайди? Кўз олдига келган отасининг қиёфаси унга нима қилиш кераклигини айтгандек бўлди.

– Йўқ, Фрэнк, – ҳаяжонланиб деди қиз, – агар бу отам бўлса, яхшиси, ўзим бораман. Унга нима дейиш кераклигини биламан. У менга ҳеч нима қилмайди. Сен эса шу ерда қол. Мен қўрқмайман, чиндан ҳам қўрқмайман! Агар керак бўлиб қолсанг, чақираман.

Фрэнк қизнинг ёнига келиб, унинг чиройли юзини иккала қўли орасига олиб, кўзларига жиддий тикилди.

– Сен қўрқма, – деди у. – Мен пастга тушаман. Агар бу отанг бўлса, у билан жўнаб кет. Унинг ҳозир на сенга ва на менга нимадир қилишига ишонмайман. Кейин эса идорага кириб ўт, ўша ерда бўламан. Агар ёрдамим керак бўлса, хабар бер. Бирга бирор ечим ўйлаб топамиз. Ҳеч нимани тушунтириб ўтиришинг шарт эмас. Отангга бу ҳақда гапириб ўтирма.

Фрэнк сюртук ва пальтосини кийиб олишга улгурган, эшик олдида қўлида шляпаси билан турарди. Эйлин ҳам деярли кийиниб бўлган ва кўйлагининг орқасидаги малинаранг тугмачаларни зўрға қадарди. Каупервуд унга ёрдам бериб юборди. Қиз кийиниб тайёр бўлганида, Каупервуд яна қайтарди:

– Мен олдин юришимга рухсат бергин. У ерда ким борлигини билмоқчиман.

– Йўқ, Фрэнк, илтимос! – ботирлик билан қаршилик билдирди қиз. – Мени олдинга ўтказиб юбор. Бу – отам, биламан. Бошқа одам бўлиши мумкин эмас!

Шу пайтда қизнинг хаёлига отам акаларим билан келган бўлиши мумкин деган ўй келди. Бироқ у миясидан бу фикрни ҳайдашга ҳаракат қилди. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.

– Агар чақирсам, келасан, – гапида давом этди қиз. – Отам менга ҳеч бир ёмонлик қила олмайди. Сен бирга борадиган бўлсанг, унинг жаҳли чиқиб кетиши мумкин. Мени қўйиб юбор, ўзинг эса шу ерда, эшик олдида туриб тур. Агар сени чақирмасам, демак, ҳаммаси жойида. Тушунарлими?

Каупервуд қизнинг гапларини мулоҳаза қилиб кўраётганида, унинг нозик қўллари йигитнинг елкаларида турарди.

– Яхши, – деди йигит ниҳоят, – бироқ мен ортингдан бораман.

Улар остонага яқинлашди ва йигит эшикни очди. Йўлакда Олдерсон ўзининг икки ёрдамчиси билан турар, улардан бир неча қадам нарида эса Дэвис хоним бор эди.

– Нима гап? – кескин тарзда Олдерсонга мурожаат қилди Каупервуд.

– Пастда бу хонимни кўришни хоҳлаётган бир жентльмен кутиб турибди, – жавоб берди изқувар, сўнг қўшиб қўйди. – Афтидан, унинг отаси бўлса керак.

Каупервуд Эйлинни ўтказиб юбориш учун четга ўтди. Сиридан бегона одамлар ҳам хабардор бўлишганидан ғазабланган қиз тез чиқиб кетди. Унинг жасурлиги тутиб кетган, қаттик ғазабда эди – отаси қайси юрак билан уни кулгига қўйди экан?

Каупервуд қизнинг орқасидан бормоқчи бўлди.

– Сизга ҳозир у ерга боришни маслаҳат бермасдим, – йигитни огоҳлантирди Олдерсон. – Бу унинг отаси. Қизнинг фамилияси Батлер-а? Отасини сиз қизиқтирмаяпсиз, у қизини олиб кетмоқчи.

Бу огоҳлантиришга қарамай, Фрэнк нарироққача борди ва майдончада тўхтаб қолди.

– Ота, нега бу ерга келдингиз? – Эйлиннинг овози эшитилди унинг қулоғига.

Батлернинг жавоби эшитилмади, бироқ бу одам қизини қанчалик яхши кўришини эслаб, Фрэнк бирдан хотиржам бўлди.

Эйлин юзма-юз келганида отасига жаҳл билан гапирмоқчи бўлаётганди. Бироқ унинг қалин пахмоқ қошлари остида ичига чуқур ботган кулранг кўзларидаги қаттиқ изтиробни кўрди-ю, беҳад аламзадалигига қарамай, жим бўлиб қолди. Бу одамни жуда эзадиган ҳолат эди.

– Мен ҳеч қачон сени шундай жойдан топаман деб ўйламагандим, қизим, – гап бошлади Батлер. – Сен ўзингни кўпроқ ҳурмат қиласан, деб ўйлардим.

Унинг товуши титраб, узилиб қолди.

– Бу ерда ким билан бўлганингни биламан, – бошини ғамгинлик билан тебратиб, гапида давом этди Батлер. – Аблаҳ! Ҳали унинг адабини бераман! Менинг буйруғим билан орқангдан пойлаб юришганди. Етиб келганим шундай шармандали кунлар бўлдими! Қандай шармандалик!.. Ҳозироқ мен билан уйга кетасан!

– Ҳамма гап ана шунда, ота, сиз ортимдан кузатиш учун одам ёллабсиз, – гап бошлади Эйлин. – Менинг назаримда, сиз…

Қиз жим бўлиб қолди, чунки отаси ғалати бир аҳволда, асабий, бироқ буйруқ бераётгандек ишора қилди.

– Бас қил! Жим бўл! – бақирди у қизига хўмрайган оппоқ қошлари остидан қараб. – Мен чидай олмайман… Мени гуноҳга бошлама! Биз ҳали ҳам шу маскан ичида турибмиз. У ҳам ҳали шу ерда. Зудлик билан уйга кетамиз!

Эйлин тушунди. Отаси Каупервуд ҳақида гапираётганди. Бу уни қўрқитиб юборди.

– Мен тайёрман, – безовталаниб жавоб қилди у.

Ғамдан адо бўлган Батлер олдинга қараб юрди. Ушбу дақиқаларни умри давомида ҳеч қачон унута олмаслигини у яхши ҳис қилиб турарди.

37

Каупервуддан қандай йўл билан бўлса-да, ўчимни оламан деб режалаштирган жаноб Батлер Эйлиннинг хатти-ҳаракатларидан қаттиқ ҳайратга тушди – гўё қизи бир кеча-кундузда бутунлай бошқа одамга айланиб қолгандек эди. Эйлин ўзини бемалол, қайтага одамнинг жиғига тегадиган тарзда тутаётганди. Батлер эса гуноҳ устида қўлга тушганидан сўнг унинг руҳан тушкунликка тушишини кутганди. Мана, ўша машъум уйдан чиқиб кетишаркан, у қизининг худди ўзи каби курашишга тайёр эканини тушунди. Эйлиннинг табиатида ҳам қатъийлик ўзи ва Оуэнникидан кам эмасди.

Қиз уларни уйга олиб кетаётган ёлланма аравада отасининг ёнида ўтирар, юзига гоҳ қизиллик югурар, гоҳ эса миясига келаётган турли ўйлардан ранги бўздек оқариб кетарди.

Энди яширадиган нарса қолмаган экан, Эйлин ортга чекинмасликка, отасига ўзининг Каупервуд билан муносабатини очиқ айтиб, шу йигитни севиши, бундай муносабатларга нисбатан қарашлари ҳақида айтмоқчи бўлди. Отам қандай хаёлларга бораётгани билан нима ишим бор деб ўйларди қиз. У Каупервудни севади; отасининг назарида эса бир умрга номусини йўқотган. Шундай экан, энди отаси нима дейиши барибир эмасми? Оталик муҳаббатига қарамай, у шунчалик паст кетибдики, қизининг орқасидан кузатибди, бутунлай бегона одамлар – изқуварлар ва Каупервуднинг кўзи олдида қизини шарманда қилди. Ахир шундан кейин у отасини илгаригидек яхши кўра оладими? Отаси хато қилди. Қизи қанчалик аҳмоқлик қилгани билан отасининг ўзи ундан бемаънироқ, номуносиброқ иш қилди, унинг бу ҳаракатини сира оқлаб бўлмайди. Қизини шарманда қилиб, унинг қалб сирларини очиб ташлаб, яна бегоналар – изқуварлар олдида нимага эришди? Эҳ, ётоқхонадан даҳлизгача бўлган бу бир неча қадам унинг учун қандай азобли бўлди! У отасини ҳеч қачон, ҳеч қачон кечирмайди! Отаси унинг ўзига нисбатан муҳаббатини ўлдирди. Бундан кейин ота-бола ўртасида аёвсиз кураш кетади!

Улар чурқ этмай кетишаркан, қиз кичкина муштини гоҳ очиб, гоҳ юмар, тирноқлари кафтига ботиб кетар, истеҳзо билан кулиб қўярди.

Қўпол тарзда қарши чиқиш фойда келтирадимийўқми, деган саволга ҳанузгача жавоб топилмаган. Бу каби нарсалар фоний дунёга шу қадар хослигидан қонуният кўринишини олган. Балки, “ҳаёт” деб аталмиш манзара олдида қуллуқ қилишимиз керакдир ва буни аслида илмий изоҳлаб бериш ҳам мумкин. Бироқ у ҳолда буларнинг бари қандай қадр-қийматга эга? Бундай “манзара”нинг қиймати қандай? Масалан, Эйлин билан отаси ўртасида бўлиб ўтган воқеа нимага арзийди?

Кекса Батлер кетаркан, ўйларди: энди олдида турган асосий вазифа – қизи билан яккама-якка олишув ва бу нима билан тугашини Худо билади. У қизини нима қила олиши мумкин? Мана, икковлари яқингинада бўлиб ўтган даҳшатли манзара таъсири остида кетишяпти ва қизи бир оғиз ҳам сўз айтгани йўқ. Эйлин ҳатто отаси нега ўша ерга боргани ҳақида сўрашга ҳам журъат қилди! Қизини жиноят устида қўлга тушириш ҳам бука олмади-ку, у қандай қилиб эга олади? Батлернинг аввалига жуда зўр кўринган режаси маънавий маънода тўлиқ муваффақиятсизликка учраганди.

Улар уйга яқинлашди ва Эйлин аравадан тушди. Бўлиб ўтган воқеадан жуда таъсирланган кекса Батлер бирор қарорга келишдан олдин аввал идорасига бориб келишга жазм қилди. Бироқ йўлда аравани тўхтатиб, у ёғига яёв кета бошлади. Католик черковининг олдига келганда, у ичкарига кириб, ибодат қила бошлади. Ғира-шира чўкаётган оқшом, муқаддас идиш олдидаги мангу ўчмас чироқ ёғдуси ва шамлар билан ўралган баланд, оқ меҳроб унинг туғёнларини босиб, руҳини анча тинчлантирди.

Батлер бироз вақт черковда бўлиб, сўнгра уйига қараб кетди.

Эйлин овқатланишга чиқмади, қариянинг томоғидан ҳам бир тишлам нон ўтмади. У ўз хонасига қамалиб олиб ўйлайверди, ўйлайверди. “Беадаблар борадиган” уйда қўлга тушган Эйлин ҳақидаги хаёллар унга тинчлик бермаётганди. Тасаввур қилиш ҳам қийин: Каупервуд Батлерларнинг эркатой Эйлинини шунақа жойга олиб келибди! Дуолар ўз йўлига, бироқ ўзининг ишончсизлигига, Эйлиннинг қаршиликларига қарамай, қизини бу чоҳдан қутқариб олиши керак! Қиз Каупервудни унутиш учун маълум бир вақтга қаергадир кетиши зарур. Катта эҳтимол билан Каупервудни қамоққа тиқишади ва у шундай жазога лойиқ! Батлер шундай бўлиб чиқиши учун қўлидан келганини қилади. Бу – унинг бурчи! Мақсадига эришиши учун у шуни хоҳлаётганига ишора қилса, бас. У суд аъзоларини сотиб олиб ўтирмайди, бу жиноят бўларди, бироқ ишнинг тўғри ва ишончли даражада ўтишини кўра олади. Каупервудга жазо эълон қилингандан сўнг унга Худодан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Ҳеч қандай сармоядор дўстларининг ёрдами ҳам уни қутқара олмайди. Ҳамма инстанциядаги судьялар ўз фойдасини жуда яхши билишади. Шундан келиб чиқиб, улар ишга ҳозир ҳукумат тепасида ким турганига қараб муносабатда бўлишади – бунга эришиш эса Батлернинг қўлидан келади.

Бу пайтда Эйлин ушбу вазиятдан қандай чиқиб кетиш тўғрисида берилиб ўйларди. Уйга қайтаётганларида йўл бўйи жим кетаётганларига қарамай, у отаси билан ўрталарида жиддий суҳбат бўлишини яхши тушуниб турарди. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Отаси унинг бирон ерга кетишини талаб қилади, Европага сафар масаласини яна кўтаради – Эйлин Молленхауэр хонимнинг бу борадаги таклифи отасининг навбатдаги айёрликларидан бири бўлганини энди тушунганди. Эйлин бориш-бормасликни ўзи ҳал қилади. Наҳотки у Каупервудни шундай қийин пайтда – суд арафасида ташлаб кетса? Йўқ, бундай бўлмайди! У Каупервуд билан нималар бўлаётганини билиб туриши керак. Яхшиси, уйдан қочиб кетади – қариндошлариникигами, дўстлариникигами, бегоналарникигами боради ва бошпана бериб туришларини сўрайди. Ўзининг озгина пули бор. Отаси вақти-вақти билан унга яхшигина пул бериб турарди. Кийим-кечагидан озроқ олади-да, яширинади. Уйидагилар бироз вақт усиз яшаганларидан кейин қайтишини сўрай бошлашади. Онаси бутунлай ақлдан озиб қолади. Нора, Кэлем ва Оуэн қайғу ва таажжубдан ўзларига келолмайди, отаси эса – нима ҳам дейиш мумкин – унга қарашнинг ўзи кифоя. Балки, қизининг қочиб кетиши унинг ақлини киргизиб қўяр. Эйлин ғайриоддий инжиқликларига қарамай, бутун оиланинг фахри ва эркатойи эканини жуда яхши биларди.

Отаси бир неча кундан кейин гаплашиб олиш учун қизини ўз хонасига чақирганида, Эйлин ана шулар ҳақида ўйлаб юрганди. Шу куни жаноб Батлер қизи билан юзмаюз гаплашиб олиш учун ишдан вақтлироқ келди. Тўғри ўйлаган экан. Охирги пайтларда Эйлин кўчага чиқишни хоҳламайдиган бўлиб қолганди – жуда асабийлик билан ҳар хил кўнгилсизликларни кутаётганди. У ҳозиргина Каупервудга хат ёзиб, ундан мабодо изига тушишганини сезса ҳам, барибир эртага Уиссахиконда учрашишни сўраганди. У Каупервуд билан учрашиши керак. “Отам, – деб ёзарди қиз, – ҳали ҳеч нарса қилгани йўқ, бироқ нимадир қилишга ҳаракат қилса керак”. У Фрэнк билан шу ҳақда гаплашиб олиши зарур.

– Мен доим фақат сен ҳақингда ўйлаяпман, Эйлин, – қизи иккови унинг хонасига киришгандан сўнг ҳеч қандай кириш сўзисиз гап бошлади кекса Батлер. – Сен фалокат ёқасида турибсан. Ўзингни ўзинг хароб қилаётганингни кўриб, даҳшатга тушиб қоляпман. Ҳали кеч бўлмасидан сенга ёрдам бермоқчиман, болам. Ўтган шу пайт давомида ўзимни айблаб ётибман – балки, мен ёки онанг ниманидир нотўғри қилдикми, тарбиянгда ниманидир унутдикмикин, шундай аҳволга тушиб қолдинг! Албатта, буларнинг ҳаммаси учун виждоним қийналади. Ҳозир олдингда юраги адо бўлган одамни кўриб турибсан. Энди ҳеч қачон бошимни кўтариб юра олмайман. Қандай шармандалик! Шу кунларни кўриш учун яшаб келдимми?!

– Отажон, гапиришимга рухсат беринг, – ҳозир ўзининг Худо олдидаги, черков, отаси ва онаси олдидаги бурчлари тўғрисида насиҳат эшитиши мумкинлигидан чўчиркан, гап бошлади Эйлин. Бу гаплар илгари унга чиндан ҳам муҳим туюларди, бироқ бошқача қарашга эга Каупервуд билан мулоқот унинг фикрларини ўзгартириб юборганди. Улар бирга ота-оналар, болалар, эр, хотин, ака-ука, опа-сингиллар муносабатларини кўп муҳокама қилишганди. Каупервуднинг “Ҳодисаларнинг табиий ривожига аралашиш керак эмас”, деган позицияси қизга таъсир қилиб, унинг бутун дунёқарашини ўзгартириб юборганди. Эйлин ҳам борлиққа Каупервуднинг “Биринчи ўринда менинг хоҳишим”, деган қоидаси орқали қарай бошлаганди. Фрэнк одамлар ўртасида уруш, жанжал, душманликка олиб келадиган турли ихтилофлар пайдо бўлишига афсусланар, бироқ бунга қарши курашиб бўлмайди деб ҳисобларди. Бир одам бошқасидан ўзиб кетади. Одамларнинг қарашлари ўзгаради – ўзаро муносабатлардаги ўзгаришлар ҳам шундан келиб чиқади. Ахлоқий жиҳатларга келадиган бўлсак, бировларда у бор, бошқаларда эса йўқ, бу билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Шахсан ўзи жинсий алоқада ҳеч бир ёмон нарсани кўрмайди. Агар эркак ва аёл бир-бирларига тўғри келадиган бўлса, у ҳолда уларнинг муносабатлари тоза ва ажойибдир. Эйлин – унинг хотини, никоҳсиз, бироқ севимли ва севувчи хотини – дунёдаги истаган аёлдан, уларнинг ҳатто кўпчилигидан кўра яхшироқ ва тозароқ. Инсон қайсидир жамиятда, қандайдир турмуш шароитида яшар экан, ўз даврининг маълум бир дунёқарашлари билан тўқнаш келади. Жамиятда ҳеч кимга ёмонлик қилмай, ўз ҳаёт йўлингни енгиллатиш ва муваффақиятга эришиш учун ҳаммага тегишли бўлган қоидаларга – ҳеч бўлмаганда сиртдан – амал қилиш керак. Бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайди. Фақат зийрак бўлиш керак! Қўлга тушдингми – тишингни тишингга босиб, индамай кураш. Каупервуд ҳозирги молиявий қийинчиликлари пайтида ўзини ана шундай тутаётганди. Уларни Олтинчи кўчада тутиб олишганида у шундай қилишга тайёр эди.

Ҳозир отасининг гапларини эшитаркан, шуларнинг бари яна бир бор Эйлиннинг хаёлидан ўтди.

– Ота, гапиришга рухсат беринг! Мен жаноб Каупервудни севаман, худди хотини каби севаман. У Каупервуд хоним билан ажрашганидан сўнг унга турмушга чиқаман. Сиз бизни тушунишни хоҳламаяпсиз. У мени севади ва мен ҳам уни севаман. Мен унга керакман.

Жаноб Батлер қизига ғалати аҳволда, унинг гапларини тушунмаётгандек тикилди.

– Ажралиш деяпсанми? – гап бошлади сўнг католик черковининг ақидалари ҳақида ўйларкан. – У хотини билан ажрашади, болаларини ташлайди ва буларнинг ҳаммаси сени деб бўладими? Сен унга кераксан, шунақами? – истеҳзо билан кулди Батлер. – Унинг хотини-чи? Болалари нима бўлади? Ўйлашимча, уларга отаси керак эмас, шундайми? Бу қанақа гап?

Эйлин жаҳл билан бошини силкиди.

– Ҳаммаси шундай, – жавоб берди қиз. – Фақат сиз тушунишни хоҳламаяпсиз!

Жаноб Батлер қулоқларига ишонмади – умрида бунақа ҳолатни эшитмаганди. Уни ҳайрат ва ғазаб чулғаб олди. У сиёсат ва тижоратнинг ҳамма нозик томонларини жуда яхши тушунарди, бироқ романтикада ҳеч нарсани тушунмасди. Буни қаранг-а, унинг қизи католик бўлатуриб, шундай фикрласа! У бундай қарашларни Каупервуддан бошқа яна кимдан олган бўлиши мумкин!

– Дунёқарашларинг анчадан бери шундайми, қизим? – кутилмаганда хотиржам товушда сўради у қизидан. – Бунақа сафсатани қаердан олдинг? Уйда бундай гапларни эшитган бўлишинг мумкин эмас, буни аниқ биламан. Айтаётганларинг ақлдан озган одамнинг алаҳсирашига ўхшайди.

– Отажон, қўйсангиз-чи! – кекса отаси билан бу ҳақда гаплашиш бефойда эканлигига амин бўлиб, қизишиб кетди Эйлин. – Ахир ёш бола эмасман, йигирма тўрт ёшдаман. Сиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз: жаноб Каупервуд аёлини севмайди. У хотини билан ажрашмоқчи ва ўшанда менга уйланади. Мен уни севаман, у мени севади, шу холос!

– Шу холос?! Жуда яхши, – нима бўлса ҳам қизини тўғри йўлга бошлашга қарор қилиб қайтарди Батлер. – Демак, сен унинг хотини ва болалари билан ҳисоблашиб ўтирмоқчи эмассан? Унинг яқинда қамоққа тушиши ҳам сен учун аҳамиятсиз, шундайми? У йўл-йўл кўйлак кийгандан кейин ҳам, эҳтимол, уни аввалгидек, ҳатто кўпроқ яхши кўрсанг керак-а? (Қария киноя билан гапиришни жуда жойига қўярди!) Ҳечқиси йўқ, бундай бахт сени кутиб турибди!

Эйлин қизишиб кетди.

– Албатта, ўзим ҳам билгандим!.. – ғазаб билан қичқирди у. – Сиз фақат шуни орзу қилиб ётибсиз! Нималар қилаётганингизни биламан! Фрэнк ҳам билади! Сиз қилмаган жиноятлари учун уни қамоққа тиқмоқчисиз. Ҳаммаси мени деб! Буни жуда яхши тушуниб турибман! Бироқ ҳаммаси беҳуда! Бу ишни қила олмайсиз! Каупервуд сиз ўйлагандан кўра ақллироқ, яхшироқ, уринишларингиздан ҳеч нарса чиқмайди! Сиз мен учун уни жазоламоқчисиз, лекин унга барибир. Нима қилиб бўлса ҳам, мен унга эрга тегаман. Уни севаман, уни кутаман ва унга турмушга чиқаман! Сиз эса истаганингизни қилаверинг! Бор гап шу!

– Сен унга турмушга чиқасан?! – ажабланиб ва бироз ўзини йўқотиб такрорлади Батлер. – Шунақами? Сен уни кутиб, унга турмушга чиқасанми? Сен уни, агар озгина виждонинг бўлса, у ҳозир ёнида бўлиши керак бўлган хотинидан, болаларидан тортиб оласанми? Сен унга хотин бўласанми? Отангни, онангни ва бутун оилани шарманда қилишдан уялмайсанми? Ие, бу гапларни сени тарбиялаган, ўстирган, сени одам қилган отангга гапиряпсанми? Агар мен ва доим меҳнатдан боши чиқмаган, йиллаб сенга ғамхўрлик қилган бечора онанг бўлмаганда, ҳозир ким бўлардинг? Лекин ўзингча биздан ақллироқсан-да, а! Ҳаётни мендан, сенга маслаҳат бериши мумкин бўлган бошқалардан яхшироқ биласан. Мен сени чинакам малика қилиб ўстиргандим ва мана раҳматинг! Мен, маълум бўлишича, ҳеч нарса тушунмас эканман, сен эса ўғри, камомадчи, банкрот бўлган одамга, алдоқчига, келажакдаги маҳбусга бўлган севгинг ҳақида гапириб ўтирибсан…

– Ота!.. – қатъий оҳангда отасининг гапини кесди Эйлин. – Бўлди, бошқа эшитишни истамайман. У ҳақда айтган гапларингизнинг бари ёлғон! Ортиқ бу ерда қолишни хоҳламайман!

Қиз ўрнидан туриб эшикка қараб йўналди, бироқ жаноб Батлер сакраб туриб, қизининг йўлини тўсди. Унинг пешонасидаги томирлари бўртиб, юзи ғазабдан қип-қизариб кетганди.

– Тўхта, у йигит билан ҳисоб-китобим ҳали тугагани йўқ, – қизининг кетишга отланганига эътибор бермай ва негадир уни тушунишига ҳануз ишонган ҳолда деди у. – Ҳали у билан орани очиқ қиламан ва бу худди исмим Эдвард Батлер бўлгани сингари бор ҳақиқат. Ахир мамлакатимизда қонун бор ва унга қонун йўли билан тушунтириб қўйишларига, албатта, эришаман. Мен яхши одамларнинг уйига кириб олиб, уларнинг фарзандини ўғирлаш қандай бўлишини ҳали унга кўрсатиб қўяман!

Батлер нафасини ростлаб олиш учун жим қолди. Эйлин эса ранги оқарганча отасига қараб турарди. Баъзида отаси қандай кулгили бўлиб кетади-я! Каупервуд билан таққослаганда у қанчалик қолоқ одам. Буни қаранг-а, отасининг айтишича, Каупервуд уларнинг уйларига кириб олиб, уни ота-онасидан ўғирлаб кетганмиш. Қанақа бўлмағур гап, ахир Эйлиннинг ўзи унинг орқасидан кетдику! Бироқ отаси билан баҳслашишнинг фойдаси борми? Агар Эйлин гапида туриб олса, у нима қила олади?

Эйлин индамай, фақат отасига қараганча турарди. Бироқ Батлер ҳали чарчамаганди. У ғазабини тийишга уринаётган бўлса-да, ичидан қайнаб кетаётганди.

– Қизим, жуда ачиниб кетяпман, – Эйлин ортиқ қаршилик қила олмайди деган хаёлда хотиржамроқ овозда гап бошлади у яна. – Жаҳлим чиқиб кетди. Сени бу ерга чақирганимда бутунлай бошқа нарсани гапирмоқчи бўлгандим. Хаёлимдан бутунлай бошқа нарса ўтганди. Балки, мусиқани ўрганиш учун Европага кетасанми деб ўйлаётгандим. Ҳозир эс-ҳушинг жойида эмас. Дам олишинг керак. Бунинг учун энг яхши нарса – шароитни ўзгартириш. У ерда вақтингни жуда яхши ўтказган бўлардинг. Агар хоҳласанг, Нора бирга боради, яна собиқ устозинг Констанция ҳам бориши мумкин. Агар у ҳам борса, қарши бўлмасанг керак?

Европага бориш тўғрисида, яна Констанция билан (эски вариантни сал ўзгартириш учун бу сафар мусиқа ҳам қўшилганди) ҳақида эшитиб, Эйлиннинг қони қайнаб кетди, бироқ шу билан бир вақтда кулиб юборишдан зўрға ўзини тийди. Отасининг қизи ва Каупервуд ҳақидаги шунча айбловларидан сўнг бу гапларни айтиши қанчалар бемаънилик эди. Ўзига боғлиқ ишларни ҳал қилишда отаси қанчалар содда-я! Бу чиндан ҳам жуда кулгили эди. Бироқ айни пайтда ҳар қандай гап ортиқча эканини ҳис қилиб, қиз индамай қўя қолди.

– Отажон, ҳозир бу ҳақда гапиришнинг ҳожати йўқ, – бироз юмшаб гап бошлади у. – Ҳозир Европага боришни хоҳламайман. Филадельфиядан кетмоқчи эмасман. Сиз шунга уринаётганингизни биламан, бироқ ҳозир бу ҳақда ўйлай олмайман ҳам. Кета олмайман.

Батлернинг юзи тундлашди. Ўзининг ўжарлиги билан қизи нимага эришмоқчи бўляпти? Ушбу масалада отасидан ҳам кўра қайсарроқ бўлмоқчими? Бунинг имкони йўқ!

Бироқ кекса Батлер ўзини тутишга ҳаракат қилиб янада юмшоқроқ оҳангда давом этди:

– Эйлин, шунда ўзинг учун жуда яхши бўларди! Сен бу… воқеалардан кейин Филадельфияда қолишни ўйламаётган бўлсанг керак?..


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации