Электронная библиотека » Теодор Драйзер » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Сармоядор"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Теодор Драйзер


Жанр: Зарубежная классика, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 41 страниц)

Шрифт:
- 100% +

28

Каупервуд душанба куни, кечки пайт яна Стинернинг олдига келганда аҳвол ана шундай эди. Ғазначи ўз хонасида ёлғиз, тушкунликка тушган, ақлдан озгудек ҳолатда ўтирарди. У Каупервудни яна бир марта кўришга муштоқ, бироқ айни пайтда у билан учрашишдан қўрқаётганди ҳам.

– Жорж, – пайсалга солмай, гап бошлади Каупервуд, – менинг бир дақиқа ҳам вақтим йўқ ва сизга охирги марта айтиш учун келдим: банкрот бўлишимни хоҳламасангиз, менга уч юз минг қарз беришингиз керак. Бугун ишлар жуда чатоқ. Мен бутунлай ёмон аҳволдаман. Узоқ вақт бундай давом этиши мумкин эмас.

Каупервуд Стинернинг юзига тикилди ва унинг юзида қўрқув ва оғриқли ҳамда инкор этиб бўлмайдиган ўжарликни кўрди.

– Чикаго ёняпти, лекин тез орада уни янгидан қуришни бошлашади. Ва ўшанда ишлар бошқача тус олади. Шунинг учун ақлингизни йиғиб олинг ва менга ёрдам беринг. Қўрқувга йўл берманг!

Стинер креслосида асабийлик билан ғимирлаб қўйди.

– Бу сиёсатдонлар сизни қўрқитишларига йўл қўйманг. Бу ваҳималар бир неча кундан кейин босилади ва сиз билан янада бойиймиз. Молленхауэр билан кўришдингизми?

– Ҳа.

– Хўш, у сизга нима деди?

– Ўзим кутган гапни айтди. У менга сиз билан бирор ишни амалга оширмасликни буюрди. Фрэнк, мен бундай қила олмайман, тушуняпсизми – қила олмайман!.. – бақирди Стинер ўрнидан сакраб тураркан. У қаттиқ асабийлашганидан, ҳатто бир жойда ўтиролмаётганди. – Бундай қила олмайман! Улар мени бурчакка тиқиб қўйишди, бизнинг ҳамма ишимиз уларга маълум экан. Менга қаранг, Фрэнк, – Стинер қўлини силтади, – сиз мени бу фалокатдан қутқаришингиз керак! Сиз менга ўша беш юз минг долларни қайтаришингиз керак, акс ҳолда, мен тамомман! Агар қарзни қайтармасангиз ва банкрот бўлсангиз, мени қамоққа тиқишади. Менинг эса хотиним ва тўртта болам бор. Мен бунга чидай олмайман. Сиз ўзингизни йўқотиб қўйдингиз! Аслида таваккал қилишга ҳаққим йўқ эди! Агар сиз мени кўндирмаганингизда, бундай таваккалга қўл урмаган бўлардим. Аввалига бу нима билан тугашини тасаввур ҳам қилмагандим. Етар, Фрэнк! Мен бундай қила олмайман! Сизга ўзимнинг ҳамма акцияларимни бераман, сиз эса менга беш юз минг долларни берасиз ва шу билан орамиз очиқ!

Стинер жим бўлиб, қўли билан терлаб кетган пешонасини артди ва ялинчоқ нигоҳини Каупервудга тикди. Каупервуд эса, ўз навбатида, унга совуқ назар билан тикилиб қолди. У инсон табиатини яхши билар ва ваҳима пайтида одам ўзини ғалати тутишидан ажабланмасди. Бироқ ҳозир Стинернинг ўзини тутиши ҳаммасидан ошиб тушганди.

– Жорж, мен кетгандан сўнг яна ким билан кўришдингиз? Олдингизга кимлар келганди? Сэнгстекка нега керак бўлиб қолибсиз?

– У менга Молленхауэр айтган гапларни айтди. Ҳеч кимга ҳеч қандай шароитда бошқа қарз бермаслик, асосийси, беш юз минг долларни иложи борича тезроқ қайтариб олишни буюрди.

– Наздингизда Молленхауэр сизга ёрдам бермоқчи, шундайми?.. – сўради Каупервуд бу одамга бўлган нафратини яширишга беҳуда уриниб.

– Умид қиламанки, шундай. Фрэнк, у бўлмаса яна ким менга ёрдам бера олади? Молленхауэр шаҳримиздаги буюк кучлардан бири.

– Менга қаранг, Жорж, – Стинерга тикилиб туриб, яна гап бошлади Каупервуд. Бироз жим туриб, сўнг давом этди, – Молленхауэр кўнка темир йўллари акцияларингизни нима қилишни буюрди?

– “Тай энд Компани” орқали сотиш ва пулларини ғазначиликка қўйишни буюрди.

– Кимга сотиш керак экан? – сўради Каупервуд Стинернинг охирги сўзларини диққат билан ўйлаб кўриб.

– Саволингиз ғалати – ким хоҳласа, ўшанга бўлса керак.

– Ҳаммаси тушунарли, – деди Каупервуд гап нимадалигини англаб. – Ўзим ҳам шундай деб ўйлаётгандим. Жорж, улар сизни талон-торож қилишяпти, бор бойлигингизни ўзлаштириб олишмоқчи. Молленхауэр бурнингиздан ип ўтказиб олибди. У ҳозир сизнинг талабингизни қондира олмаслигимни, яъни беш юз минг долларни қайтара олмаслигимни яхши билади. Шунинг учун ҳам у ҳамма акцияларингизни биржага ташлашга мажбур қилмоқчи, у ердан қандай ўмаришни эса яхши билади. У ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганига ишончингиз комил бўлаверсин. Сиз унинг гапига қулоқ солишингиз билан мен унинг чангалида бўламан, ҳар ҳолда у, тўғрироғи, улар – Батлер, Симпсон ва Молленхауэрлар шундай деб ўйлашади. Улар учаласи биргаликда бутун шаҳар кўнкасини қўлларига олишмоқчи, буни биламан, ҳис қилиб турибман. Буни қачондан бери кутаётгандим. Молленхауэр сиз ҳақингизда ўйлаётгани ҳам йўқ. Гапим эсингизда турсин: акцияларингизни сотишингиз билан у сизга қизиқмай ҳам қўяди. Кўнка темир йўлларига алоқангиз бўлмай қолгандан кейин наҳотки у сиз учун нимадир қилади, деб ўйлаётган бўлсангиз? Бўлмаган гап! Агар шу гапларга ишонаётган бўлсангиз, Жорж, демак, мен ўйлагандан ҳам кўра тентакроқ экансиз! Ақлингизни йиғиштириб олинг! Ўзингизни шу даражада йўқотиб қўйишингиз керак эмас-ку, ахир! Ақлингизни йиғинг ва хатарнинг юзига тик қаранг. Сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. Агар мени қўллаб-қувватламасангиз, агар узоғи билан эртага эрталабгача уч юз минг доллар бермасангиз – мен тамом бўлган одамман ва сиз ҳам! Аслида эса, ишларимиз жуда ҳам ёмон эмас. Акцияларимиз бугун аввалгидан каттароқ қийматга эга. Тушунсангиз-чи, ахир, жин урсин: бу акциялар амалда бор темир йўллар акциялари. Йўллар – фойда келтирадиган иш. Ўн еттинчи ва Ўн тўққизинчи кўчаларнинг линиялари ҳозирнинг ўзида кунига минг доллар фойда келтиряпти. Сизга яна қандай исбот керак? Грин ва Коутс линияси ҳар куни беш юз доллар келтиради. Жорж, сиз қўрқоқлик қиляпсиз. Бу аблаҳ найрангбозлар сизни қўрқитиб қўйишибди. Сизда ўзингиздан олдин ишлаган Боуд ва Мэртагларга ўхшаб қарз бериш ҳуқуқи бор. Улар доим шу билан шуғулланишган. Сиз бу ишларни Молленхауэр ва унинг атрофидагиларнинг манфаати учун қилаётганингизда ҳаммаси жойида эди! Шаҳар ғазначилигининг маблағларини банкка қўйиш нималигини ўйлаб кўрамиз. Ахир бу ҳам ўша ссуданинг ўзи эмасми?

Каупервуд амалда кенг қўлланиладиган шаҳар маблағларининг бир қисмини масалан, амортизация фондини, жуда кам фоиз билан ёки умуман фоизсиз Молленхауэр, Батлер ва Симпсонлар билан боғлиқ бўлган банкларга депозитга қўйишни кўзда тутаётганди. Бу уларнинг “қонуний” киримлари ҳисобланарди.

– Жорж, қутулиб қолишингиз учун мавжуд охирги имкониятдан воз кечманг! Қуролингизни ташламанг! Бир неча йилдан кейин миллионларингиз бўлади ва умрингизнинг охиригача қўлингизни қовуштириб ишламай ўтиришингиз мумкин. Биттагина иш қолади – қўлингизда борини асраш. Ишонтириб айтаманки, мен банкрот бўлишим билан улар сиздан воз кечишади ва қамалишингизга бемалол йўл қўйиб беришади. Жорж, сизнинг ўрнингизга ким шаҳар ғазначилигига беш юз минг доллар беради? Молленхауэр ёки Батлерми ёки бошқасими, шу пайтда шунча пулни қаердан олади? Ҳозир буни тасаввур қилиш қийин. Улар бундай қилмоқчи ҳам эмас. Мен тамом бўлганимдан сўнг навбат сизга келади, бироқ мени эмас, сизни жиноятчи сифатида таъқиб қилишади. Жорж, улар менга ҳеч нарса қила олмайди. Мен шунчаки маклерман. Сизни чақирмаганман. Олдимга ўзингиз, ўз хоҳишингиз билан келгансиз. Агар менга ёрдам бермасангиз, сизнинг кунингиз битди, тўппатўғри қамоққа кетасиз, буни сизга очиқ айтяпман. Жорж, нега ўзингизни ҳимоя қилмаяпсиз? Нега бунга уриниб кўришни ҳам хоҳламаяпсиз? Сизнинг хотинингиз, тўртта болангиз бор, улар ҳақида ўйлашга мажбурсиз. Менга яна уч юз минг берсангиз, нима ўзгариб қолиши мумкин? Агар сизни жавобгарликка тортишса, камомад беш юз мингми, саккиз юз минг долларми, бунинг фарқи йўқ. Асосийси, шу пулни қарзга берсангиз, суд тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. У ҳолда менга банкротлик хавф солмайди. Бир ҳафта, ўн кундан кейин бўрон тўхтайди ва биз яна бой бўламиз. Худо ҳаққи, ўзингизни қўлга олинг! Ўзингизни босиб олиб, ақл билан иш қилинг.

Каупервуд жим бўлиб қолди, чунки Стинернинг юзи қўрққанидан бўзариб кетаётганди.

– Фрэнк, бундай қила олмайман!.. – ингради у. – Сизга айтяпман – қила олмайман! Улар мени виждони қийналмасдан йўқ қилиб ташлашади. Сиз бу одамларни билмайсиз.

Стинернинг бундай шармандаларча ожизлигида Каупервуд гўё ўз тақдирининг аянчли ҳукмини ўқигандек бўлди. Бундай одам билан нима қилиш мумкин? Қандай қилиб уни ўзига келтирса бўлади? Йўқ, бари бефойда!

Каупервуд нафрат, мағрурона бепарволик ва барча ўгитларни рад этишини англатувчи ишора билан эшик томонга йўналаркан, остонада яна тўхтади:

– Жорж, чин кўнгилдан сизга, ўзимга эмас, сизга ачинаман. Мен эртами-кечми, қайтиб келаман. Бой бўламан. Бироқ Жорж, сиз ҳаётингизда энг катта хато қиляпсиз. Сиз камбағал бўлиб қоласиз, қамаласиз, бироқ ўзингиздан бошқа ҳеч кимни айблай олмайсиз. Биржа билан боғлиқ бу аҳвол ёнғин туфайли содир бўлди. Менинг ишларим, ваҳима сабаб биржадаги қимматбаҳо қоғозларнинг нархи тушиб кетганини ҳисобга олмаса жойжойида. Сиз эса бу ерда қўлингизда пул туриб, қандайдир фитначилар сизни қўрқитишларига йўл қўйиб ўтирибсиз. Уларни қизиқтирган нарса – фақат сизни қандай қилиб бўлса ҳам шилиб олиш. Тушунинг: улар сизни қутқариши мумкин бўлган биттагина қадамни қўйишингиздан ушлаб туришибди. Икки ёки уч ҳафтадан кейин сизга беш баравар қилиб қайтаришим мумкин бўлган қандайдир уч юз минггина пул учун сиз касод бўлишимга, ўзингизни эса қамоққа тиқишларига тайёрсиз. Сизни умуман тушунмаяпман, Жорж! Сизнинг ақлингиз жойида эмас! Сиз ҳали ўлгунча пушаймон қиласиз!

Каупервуд, балки, сўзларим охирги дақиқада таъсир қилиб қолар деб бироз кутди, бироқ Стинер ҳали ҳам бирор нимани ўйлашга қодир эмаслигини кўриб, бош чайқаб қўйди ва чиқиб кетди.

У ўз ҳаётида биринчи марта руҳан чарчаганини, ундан ҳам кучлироғи – умидсизликни ҳис қилди. У юнон мифологиясидаги орқасидан фурия (қасос олувчи учта маъбудадан биттаси) юрувчи одам ҳақидаги афсонага кулиб қарарди. Бироқ ҳозир чиндан ҳам ўзининг ортидан фалокат юрганга ўхшайди. Жуда ҳам ўхшаяпти. Бироқ у ўзини қўрқитишларига йўл қўймайди.

Мана шу оғир кечинмалар исканжасида ҳам у бошини баланд кўтарганча елкаларини тўғрилаб, одатдагидек дадил қадам билан чиқиб кетди.

Стинернинг хонасига ёндош хонада у канцелярия бошқарувчиси ва шаҳар ғазначисининг котиби Стайерсни учратиб қолди. Каупервуд унга доим дўстона муносабатда бўлар ва кўп бора шаҳар заёмига тегишли иккинчи даражали ишларни бирга муҳокама қилганди, чунки Стайерс молия операцияларининг нозик томонларини ҳамда ҳисоб-китобни бошлиғидан кўра яхшироқ тушунарди.

Стайерсни кўриб Каупервуд кутилмаганда ўзи олтмиш минг долларга сотиб олган шаҳар заёми сертификатларини эслаб қолди. Фрэнк уларни амортизация фондига топширмаган ва бунга имкони йўқлиги учун қўлида яна маълум миқдордаги пул бўлмагунча яқин кунларда топширмоқчи ҳам эмас эди. Гап шундаки, у бу сертификатларни шошилинч тўловларни қоплаш учун тўлаган, уларни қайта сотиб олиш учун эса на пули, на хоҳиши бор эди. Қонун бўйича Каупервуд тезлик билан бу сертификатларни шаҳар ғазначилигига депозитга қўйиши ва фақат шундан кейингина ғазначидан улар учун компенсация олиши мумкин эди. Бошқача айтганда, Каупервуд шахсан ўзи ёки агентлари орқали сотиб олган сертификатларини банкка ёки бошқа бир молиявий идорага топширгани тўғрисида маълумотни унга топширмагунча, шаҳар ғазначисининг бу турдаги операцияга пул тўлашга ҳаққи йўқ эди. Аслида эса, на Каупервуд, на Стинер шу пайтгача бу қонунга риоя қилишганди. Каупервуд амортизация фонди учун истаган суммага шаҳар заёми сертификатини сотиб олиб, уни хоҳлаган ерида гаровга қўйиб, унга ҳеч кимдан ҳеч қандай тасдиқсиз шаҳар ғазначилигидан кераклича компенсация оларди. Ойнинг охирида ғазначилик одатда ҳар хил манбалардан дефицитни ёпиш учун қанча керак бўлса, шунча сертификат йиға олар, бироқ – бу нарса жуда кўп марта қайтариларди – сертификатлар гаровга қўйиб олинган пуллар Каупервудга унинг биржа найранглари учун керак бўладиган бўлса, дефицитга умуман панжа орасидан қараларди. Албатта, бу қонунга зид эди, бироқ на Каупервуд ва на Стинер қонун билан ҳисоблашишни хоҳламасди.

Айни пайтдаги қийинчилик шунда эдики, Каупервуд Стинердан сертификатларни сотиб олиш ва сотишдан тўхтаб туриш тўғрисида буйруқ олганди; бу буйруқ унинг шаҳар ғазначилиги билан муносабатини қатъий расмий мақомга солиб қўйганди. Тўғри, сертификатни охирги марта хат олишидан олдин сотиб олганди, бироқ Каупервуд уларни фондга топширмаганди. Ҳозир эса у ўзи сарф қилган суммага чек топиши керак эди; бироқ ойнинг охирида балансларни ҳисоблашнинг эски ва қулай тизими, эҳтимол, йўқ бўлиши мумкин-ку! Стайерс ундан сертификатларни топширгани тўғрисида банкнинг тилхатини сўраб қолиши мумкин. У ҳолда Фрэнк олтмиш минг долларнинг чекини ўла қолса ҳам кўрмайди, чунки унинг қўлида қоғоз йўқ ва бундан келиб чиқадики, уларни депозитга қўйишнинг иложи йўқ. Агар Стайерс ҳеч нарса талаб қилмаса, у ҳолда Каупервуд керакли чекни олади, бироқ кейинчалик бундай фирибгарлик суд иши учун асос бўлиши мумкин. Агар Каупервуд банкрот бўлгунича сертификатларни топширмаса, уни кейин муттаҳамликда айблашлари мумкин.

Бироқ, ўз-ўзига деди Каупервуд, у банкрот бўлмаслиги ҳам мумкин. Агар у иш олиб борадиган атиги бир нечта банк ўз қарашини ўзгартириб, ундан қарзларини қоплашини талаб қилмай турса, у қутулиб қолади. Қизиқ, агар Фрэнк нима қилиб бўлса ҳам ўзига керакли чекни олса, Стинер шовқин кўтарармикин? Бунга шаҳарнинг корчалонлари қандай қарашади? Агар Стинер иш қўзғайдиган бўлса, бу ишни бошлайдиган прокурор топилармикин? Йўқ, бундай бўлмаса керак ва умуман бу ерда қўрқадиган ҳеч нарса йўқ. Истаган суд маклер ва мижоз – Каупервуд ва Стинер ўртасидаги битимни эътиборга олади. Ва, умуман, пул унинг қўлида бўлгандан кейин Стинернинг бу маблағни эсга олиш эҳтимоли юздан бирга тенг. Бу сумма қопланмаган мажбуриятларга қўшиб юборилади.

Бу фикрлар Каупервуднинг хаёлидан чақмоқ тезлигида ўтди. Таваккал қилиб кўриш керак. У котибнинг олдига яқинлашди.

– Альберт, менга қаранг, – паст овозда деди у, – эрталаб амортизация фонди учун шаҳар заёмининг олтмиш минг долларлик сертификатини олгандим. Эртага чек учун одам юбораман, ундан ҳам яхшиси, чекни ҳозир ёзиб бера қолинг. Операцияларни тўхтатиш ҳақидаги билдириш хатингизни олдим. Ҳозир идорамга кетяпман. Сиз шунчаки донаси етмиш беш-саксон доллардан саккиз юзта облигацияни амортизация фондига киритиб қўйишингиз мумкин. Тўлиқ рўйхатни эса сизга кечроқ юбораман.

– Хўп бўлади, жаноб Каупервуд, – дарров розилик билдирди Альберт. – Эшитишимча, акцияларнинг курси жуда пасайиб кетаётганмиш-а? Сизга бу нарса таъсир қилмагандир?

– Қисман таъсир қилди, Альберт, – жилмайиб жавоб берди Каупервуд Стайерс чек ёзаётганида.

Ҳозир аҳмоқона тасодиф туфайли Стинер хонасидан чиқиб келиб, чек берилишига тўсқинлик қилса-я? Аслида, бу қонуний операция! Унинг, яъни Каупервуднинг бу чекни олишга ҳақи бор, албатта, облигацияларни амортизация фондининг сақловчисига депозитга қўйган тақдирда.

Каупервуд Альбертнинг бланк қоғозини тўлдиришини ҳаяжон билан кутиб турарди ва чек қўлига тушгандан кейингина енгил тортиб хўрсиниб қўйди. Олтмиш минг доллари бор, кечқурун эса унга ваъда қилинган етмиш беш минг доллари бўлиши мумкин. Эртага яна ўзи қарздор бўлган Китчен, Уолтер Ли, “Жей Кук энд Компани”, “Кларк энд Компани” фирмаларининг вакиллари (бу рўйхат жуда узун эди) билан кўришиб, ишлар қандайлигини билиши керак бўлади. Вақтдан юта олса эди. Ҳеч бўлмаса, бир ҳафтага вақтни чўза олса эди!

29

Бундай тиғиз пайтда орқага суриш тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмасди. Дўстлари қарзга берган етмиш беш минг ва Стайерсдан ундиргани – олтмиш мингни Каупервуд Жирард миллий банкидаги қарзини қоплашга ишлатди; қолган ўттиз беш минг долларни эса уйидаги сейфига солиб қўйди. Кейин у охирги марта банк ва молия арбобларига ёрдам сўраб мурожаат қилди, аммо рад жавобини олди. Аммо ҳатто ана шу энг оғир пайтларда ҳам Каупервуд бўшашмаётганди. У ўз хонасининг деразасидан кичкина ҳовлига қараб, хўрсиниб қўйди. Яна нима қилиш мумкин?

У отасини нонуштага таклиф қилиб, хат жўнатди. Иккинчи мактубни эса ўзи жуда яхши кўрадиган, ўзининг тенгдоши бўлган йигит – юрисконсульт Ҳарпер Стежерга юборди. Каупервуднинг ақли борган сари вақтдан ютиш учун янги ва янги режаларни ишлаб чиқаётган, бироқ банкрот бўлишдан қочишнинг иложини кўрмаётган эди. Ундан ҳам баттари – унинг шаҳар ғазначилиги билан фирибгарликлари очилиб қоладиган бўлса, нафақат ижтимоий, ҳатто сиёсий жанжал ҳам чиқиши мумкин. Унга хавф солаётган энг қўрқинчли нарса, бу – шаҳар маблағини талон-торож қилишда иштирок этганликда айбланиши мумкинлиги эди. Рақобатчилари бу ишни кўпиртириб юбориш учун яхшигина ҳаракат қилишади. Албатта, банкрот бўлгандан кейин ҳам у оёққа тура олади, бироқ бу осон бўлмайди! Отаси бўлса… Отасини ҳам тинч қўйишмайди. Балки, у банк директорлиги вазифасидан кетишга мажбур бўлар.

Каупервуднинг хонасига идоранинг югурдаги кириб, Эйлин Батлер ва у билан бир пайтда Альберт Стайерслар келганини хабар қилганда, йигитнинг хаёли мана шу ўйлар билан банд эди.

– Мисс Батлерни таклиф қил, – деди Каупервуд ўрнидан қўзғалиб. – Жаноб Стайерсга эса кутиб туришини айт.

Эйлин қатъий, шахдам қадамлар билан кириб келди. Эгнидаги тўқ қизил тугмачали чиройли тилларанг-қўнғир либоси унинг гўзал қоматини яна ҳам бўрттириб турарди. У бугун бошига узун патли кичкинагина жигарранг шляпа кийиб олган бўлиб, ўз назарида бу шляпа унга жуда ярашарди. Бўйнида эса уч қатор тилла мунчоқ бор эди. Қўлларига одатдагидек қўлқоп, кичкина оёқларига эса ажойиб ботинка кийиб олган эди. Кўзларида болаларча ғамгин ифода бор бўлиб, у ҳар қанақасига буни яширишга уринаётганди.

– Севгилим!.. – деди у қўлларини Фрэнкка чўзиб. – Нима бўлди? Кеча кечқурун сендан ҳамма нарса ҳақида сўрагим келаётганди! Наҳотки сенга банкротлик хавф солаётган бўлса? Отам ва Оуэн кечқурун шу ҳақда гаплашишди.

– Айнан нималар дейишди? – қизни қучиб, унинг хавотирга тўла кўзларига хотиржамлик билан тикиларкан сўради Каупервуд.

– Вой, биласанми, отамнинг сендан жуда жаҳли чиққан. У биздан гумонсираяпти. Кимдир унга аноним хат ёзибди. Кеча кечқурун у мени сўроқ қилди, лекин ҳеч нарсага эриша олмади. Мен ҳаммасини рад қилдим. Бугун эрталаб бу ерга икки марта келиб кетдим, сен эса йўқ экансан. Отам сени мендан олдинроқ кўриб қолса, ҳаммасини айтиб қўясан деб роса қўрқдим.

– Эйлин, мен айтаманми?

– Йўқ, албатта, йўқ! Бундай ўйламадим. Тўғриси, нима ўйлаганимни ўзим ҳам билмайман. Азизим, шундай хавотирдаманки! Туни билан ухламадим. Ўзимни кучли деб ўйлардим, сен учун жуда хавотирландим! Биласанми, отам нима қилди: юзимни яхшироқ кўриш учун ойнанинг рўпарасидаги, столининг ёнидаги креслога ўтқазиб қўйиб, менга ўша хатни кўрсатди. Биринчи дақиқаларда шошиб қолдим ва ҳозир нималар деганимни эслолмаяпман ҳам.

– Ҳар ҳолда нималар дединг?

– “Бу қандай шармандалик! Бу ёлғон!” дедим, шекилли. Бироқ дарров гапирмадим. Юрагим худди темирчининг болғасидек ураётганди. Отам юзимдаги ифодадан ҳаммасини тушунди деб қўрқаман. Ҳатто нафасим бўғилиб қолай деди.

– Отанг ақлли одам, – деди Каупервуд. – У ҳаётни билади. Ҳозир қандай қийин шароитда эканимизни энди ўзинг кўриб турибсан. Яхшиям, у аввал хатни сенга кўрсатибди, дарров уйни кузатишни бошламабди. Афтидан, бундай қилиш унга қийин бўлса керак. Ҳозир эса у ҳеч нарсани исботлай олмайди. Аммо ҳаммасини билади, уни алдаб бўлмайди.

– Нега у ҳаммасини билади деб ўйлаяпсан?

– Кеча у билан кўришгандим.

– Отам сенга бирон нима дедими?

– Йўқ. Аммо унинг юзини кўрдим: қарашининг ўзи кифоя бўлди.

– Азизим! Бироқ мен отамга ҳам ачиниб кетяпман!

– Албатта. Мен ҳам ачиняпман. Бироқ энди кеч. Бу ҳақда аввалроқ ўйлаш керак эди.

– Лекин мен сени жуда севаман! Оҳ, азизим, отам мени ҳеч қачон кечирмайди! У мени жонидан ортиқ яхши кўради. У билиши керак эмас! Мен ҳеч нарсани тан олмайман! Бироқ… вой Худойим, Худойим!..

Қиз қўлларини кўксига босди, Каупервуд эса уни овутишга уриниб, кўзларига тикилди. Эйлиннинг киприклари пирпираб, лаблари титрарди. У отаси учун, Фрэнк учун, ўзи учун ҳам эзилиб кетаётганди. Фрэнк қизга қараб туриб, Батлернинг оталарча муҳаббати қудрати ни, шу билан бирга, кекса пудратчининг ғазаби қудрати ва хатарини ҳис қилди. Бу ерда қанча турли вазиятлар аралашиб кетган ва ҳаммаси қандай ҳалокат билан тугаши мумкин эди!

– Бўлди, бўлди! – деди у. – Энди бунинг фойдаси йўқ. Менинг кучли, жасур Эйлиним қани? Сени кучли деб ўйлагандим. Наҳотки янглишган бўлсам? Ҳозир кучли бўлишинг мен учун жуда муҳим.

– Чинданми?

– Бўлмаса-чи!

– Кўнгилсизлик кўпми?

– Мени, азизам, банкрот бўлиш кутяпти, шекилли.

– Бўлиши мумкин эмас!

– Ҳа, жонгинам, шундай! Мен боши берк кўчага кириб қолдим. Ҳозирча чиқиш йўлини кўрмаяпман. Ҳозир отам билан Стежер – юристимни кутяпман. Бу ерда кўп қолиш ҳозир сенга тўғри келмайди. Отанг ҳам истаган дақиқада келиб қолиши мумкин. Эртага куннинг иккинчи ярмида сен билан қаердадир учрашишимиз керак. Уиссахикон қирғоғидаги Ҳиндулар қоясини биласанми?

– Биламан.

– Эртага соат тўртда ўша ерда бўла оласанми?

– Ҳа.

– Фақат орқангдан кузатишмаяптими, қарагин. Агар соат тўрт яримгача келмасам, мени кутма. Бу мени кузатишаётганига гумон қилганимни билдиради. Қўрқадиган нарса йўқ, лекин эҳтиёт бўлиш керак. Энди эса, азизам, бора қол. 931-уйга энди бора олмаймиз. Бошқа бирор жойни қидириб кўриш керак бўлади.

– Азизим, буларнинг ҳаммаси қанчалар даҳшатли!

– Ҳечқиси йўқ, Эйлин, сен катта қизсан ва ўзингни қўлга ола биласан. Бу мен учун жуда муҳимлигини кўриб турибсан.

Каупервуд қизнинг олдида биринчи марта шундай кайфиятсиз ҳолда эди.

– Яхши, азизим, яхши! – деди Эйлин уни қучоқлаб, ўзига тортаркан. – Менга бемалол ишонишинг мумкин! Фрэнк, сени шундай севаманки! Шунга ғамдан адо бўляпман! Эҳтимол, банкрот бўлмассан ҳам? Бироқ бунинг бизга нима қизиғи бор, азизим, ахир ҳеч нарса ўзгармайдику, тўғрими? Ахир бундан севгимиз камайиб қолмайдику? Сен учун ҳамма нарсага тайёрман, азизим! Ҳамма нарсада сенга қулоқ соламан. Ишонавер! Мендан ҳеч ким ҳеч нарса била олмайди!

Эйлин йигитнинг ранги кетган, тунд чеҳрасига тикиларкан, кўнглида севган одами учун курашга тайёрлиги борган сари кучайиб борарди. Унинг севгиси гуноҳ, ахлоқсиз, ноқонуний севги эди. Бироқ бу муҳаббат эди! Қонун юз ўгирган севгига эса одатда оташин жасорат хос бўлади.

– Мен сени севаман! Фрэнк, жуда ҳам севаман! – шивирлади у.

Фрэнк ўзини унинг қучоғидан бўшатди.

– Борақол, севинчим, бор! Ёдингда тут – эртага соат тўртда! Мен сени кутаман. Асосийси, ҳеч кимга индама. Ҳеч кимнинг олдида ҳеч нарсани бўйнингга олма.

– Хотиржам бўл.

– Мендан хавотир олма. Ҳаммаси яхши бўлади.

Каупервуд бўйинбоғини тўғрилаб, эндигина стулга ўтирганида хонага ранги девордек оппоқ, ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўйган Стинернинг идора бошқарувчиси кириб келди.

– Жаноб Каупервуд, кеча мен сизга ёзиб берган чек эсингиздами?.. Жаноб Стинер айтяптики, бу ноқонуний экан, ундай қилишга ҳаққим йўқ экан. У ҳамма жавобгарликни бўйнимга юклаш билан мени қўрқитяпти. Унинг айтишича, мени жиноятда иштирок этишда айблаб қамашлари мумкин экан ва агар чекни қайтармасам, мени қамоққа тиқармиш. Жаноб Каупервуд, ахир мен ҳали ёшман. Эндигина яхши яшашни бошладим. Хотиним, кичкина ўғлим бор. Наҳотки Стинер мен билан шундай қилишига қўйиб берсангиз? Сиз менга бу чекни қайтиб берасиз-а? Тўғрими? Мен усиз ғазначиликка қайтиб бора олмайман. Унинг айтишича, сизни банкротлик кутаётган экан, буни билган экансиз ва мендан чек олишга ҳаққингиз йўқ экан.

Каупервуд йигитга қизиқсиниб қараб турарди. У фалокат элчилари қанчалик турли кўринишда эканидан ҳайратда эди. Ҳа, агар бахтсизлик келадиган бўлса, ҳар томондан бостириб келади. Қўл остидаги одамга бундай айб қўйишга Стинернинг ҳаққи йўқ. Чек билан бўлган операция ноқонуний эмасди. Афтидан, ғазначи қўрқувдан бутунлай эсдан оғиб қолган, шекилли. Тўғри, Каупервуд шаҳар заёми облигацияларини ортиқ сотиб олмаслик ва сотмаслик тўғрисида кўрсатма олган, бироқ бу кўрсатма ўша партия сотиб олингандан кейин келган ва акс кучга эга эмас. Стинер нима қилиб бўлса ҳам ўша чекни қайтариб олиш учун ўзидан кўра ақллироқ бўлган бечора котибини қўрқитган. Қўрқоқ! Кимдир тўғри айтган экан: тентак одам қилиши мумкин бўлган пасткашликнинг чегараси йўқ!

– Альберт, Стинернинг олдига бориб, унга бунинг имкони йўқ экан деб айтинг. Шаҳар заёмининг облигациялари ундан буйруқ келгунча сотиб олинган, буни фонд биржасининг протоколларидан бемалол текшириш мумкин. Бу ерда ноқонуний ҳеч нарса йўқ. Мен бу чекни олишга ҳақлиман ва мурожаат қилишим мумкин бўлган исталган суд бу ишни менинг фойдамга ҳал қилади. Стинерингиз бутунлай калласини еб қўйибди. Мен ҳали банкрот бўлганим йўқ. Сизга ҳеч қандай суд иши таҳдид солмайди, агар шунга ўхшаган нарса содир бўлса, мен сизни ҳимоя қилиш йўлини топаман. Чекни қайтариб бера олмайман, чунки у менда эмас, бироқ бўлганда ҳам уни бермасдим. Чунки бу билан мени аҳмоқ қилишларига йўл қўйиб берган бўлардим. Жуда афсусдаман, бироқ сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман.

– О, жаноб Каупервуд! – Стайерснинг кўзларида ёш йилтиради. – Стинер мени ишдан ҳайдаб юборади! Қўйган гаров пулимни мусодара қилади ва кўчага ҳайдаб чиқаради! Менинг маошдан бошқа ҳеч нарсам йўқ!

Стайерс қўлларини силтай бошлади, бироқ Каупервуд фақат ачиниб бошини чайқаб қўйди.

– Альберт, ҳаммаси сиз айтаётганчалик даҳшатли даражада эмас. Стинер фақат қўрқитяпти. У сизга ҳеч нарса қила олмайди. Бу адолатсизлик ва ноқонуний бўлади. Сиз бунинг учун уни судга беришингиз мумкин. Мен сизга ёрдам бериш учун қўлимдан келганини қиламан. Бироқ олтмиш минг долларлик чекни сизга бера олмайман, чунки у менда эмас, тушуняпсизми? Бу ерда қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Қайтараман: чек менда эмас. У облигациялар тўлови учун кетди. Бу облигациялар ҳам қўлимда эмас. Улар амортизация фондида ёки яқин вақт ичида ўша ерда бўлади.

Каупервуд бу гапни айтиб юборганидан афсусланиб, тўхтаб қолди. Охирги сўзларни билмай айтиб юборди; бунақа ҳолат унда жуда камдан-кам бўлар, ҳозир эса бунга вазиятнинг жуда оғирлиги сабаб бўлган эди. Стайерс ялинишда давом этди, бироқ Каупервуд бу ялинишларнинг бари бефойдалигини такрорлади. Ниҳоят қўрқиб, руҳи тушиб кетган йигит қайтиб кетди. Унинг кўзлари жиққа ёш эди. Каупервуд унга чин дилдан ачинди.

Стайерснинг орқасидан эшик ёпилишга улгурмай, Каупервудга отаси келгани тўғрисида хабар беришди. Қария жуда эзилган ҳолатда эди. Шу яқин орада улар Фрэнк билан тонг отгунча суҳбатлашган, бироқ суҳбатларининг маҳсули келажакка ишончсизлик ҳиссигина бўлди, холос.

– Хайрли кун, отажон! – отасининг кайфияти йўқлигини сезиб, кулиб салом берди йигит. Қутулиб кета олишига ишонч йўқлигини ҳозир ўзи ҳам тушунган, бироқ буни бўйнига олганидан нима фойда?

– Хўш, ишлар қалай? – кўзларини зўрға кўтариб ўғлига қаради Ҳенри Каупервуд.

– Нима десам экан, даҳшатли булутлар босиб келяпти. Ота, мен ўз кредиторларимни чақириб, улардан муҳлат беришларини сўрамоқчиман. Бошқа йўл йўқ. Озгина бўлса-да сумма топа олиш имконим йўқ. Мен Стинер фикридан қайтар деб ўйлагандим, бироқ бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳозиргина унинг котиби бу ердан чиқиб кетди.

– Нега келган экан? – сўради катта Каупервуд.

– Кеча сотиб олган шаҳар заёмларининг тўлови учун менга берилган олтмиш минг долларлик чекни унга қайтариб беришимни сўраб келган экан.

Фрэнк бу облигацияларни гаровга қўйгани, чекни Жирард миллий банкидан қарздорлигини қоплаш учун ишлатгани ҳамда яна ўзига ўттиз беш минг нақд олиб қолганини отасидан яширди.

– Ҳа, буниси энди ортиқча, – кекса Каупервуднинг жаҳли чиқди. – Уни ақлли йигит деб юрардим. Ахир бу мутлақо қонуний иш-ку! Облигацияларни сотиб олишни тўхтатиш кераклигини сенга қачон айтди деяпсан?

– Кеча ўн иккилар атрофида.

– У ақлдан озибди, – деди қария қисқагина қилиб.

– Биламан, булар ҳаммаси Молленхауэр, Батлер ва Симпсонларнинг иши. Улар кўнка темир йўллари акцияларимга кўз тикишяпти. Лекин ҳеч нима қила олишмайди! Мабодо ишим юзасидан васий белгиланиб ва ваҳима тингандан кейин бўлмаса! Бу қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқининг катта қисми менинг кредиторларимга берилади. Агар хоҳлашса, ана ўшалардан сотиб ола қолишсин! Мана бу беш юз минг доллар билан бўлган воқеа бўлмаса, хавотирланмасдим. Кредиторларим мени қўллаб-қувватлашган бўларди. Бироқ бу овоза қилиниши билан… Яна сайловлар ҳам яқинлашиб қолган! Дэвисон билан муносабатимни бузгим келмагани учун бу облигацияларни гаровга қўйганимни сизга айтиб қўйишим керак. Мен етарлича пул йиғиб, уларни қайтиб сотиб олмоқчи эдим. Ахир, улар аслида амортизация фондида бўлиши керак эди.

Катта Каупервуд гап нимада эканини дарров тушуниб, хўмрайди.

– Фрэнк, бу ишларинг билан ўзингни катта хатарга қўйяпсан!

– Бу шунчаки расмиятчилик, – жавоб берди Фрэнк. – Ким билади, балки, уларни қайтиб сотиб олмоқчи бўлгандирман. Ҳа, агар соат учгача улгурсам, шундай қилишга ҳаракат қиламан. Илгари тажрибамда бундай воқеалар бўлганди: амортизация фондига сертификатларни топширгунимча саккиз, ўн кунлар ҳам ўтиб кетарди. Ҳозиргидек ваҳима шароитида ўзим маъқул кўрган усулда ҳаракат қилишга ҳақлиман.

Катта Каупервуд иягини сийпалади. Ўғлидан эшитган гаплари уни жуда хавотирга солаётган, бироқ бу шароитдан чиқиб кета олиш йўлини ҳам кўрмаётганди. Ўзининг ҳам шахсий маблағлари тугади. У бакенбардларини ишқалаб, деразадан ям-яшил ҳовлига қаради. Балки, бу чиндан ҳам фақат расмиятчиликдир – ким билади? Шаҳар ғазначисининг бошқа маклерлар билан молиявий муносабатлари Фрэнккача ҳам бир тартибга солинмаганди. Бу – ҳар бир банк хизматчисига маълум нарса. Балки, бу ерда ҳам шу одатни эътиборга олишар? Айтиш қийин! Нима бўлганда ҳам, бу таваккал иш ва жуда ҳам тоза эмас. Агар Фрэнк облигацияларни олиб, уларни рисоладагидек депозитга қўйишга улгурганида эди…

– Сенинг ўрнингда уларни қайтиб сотиб олишга уринган бўлардим, – маслаҳат берди кекса Каупервуд.

– Қўлимдан келса, шундай қиламан.

– Қанча пулинг бор?

– Умумий ҳисоблаганда йигирма мингча. Тўловлар тўхташини ҳисобга олиб, қўлимда ҳам озгина нақд пул ушлаб туришим керак.

– Кечқурун менинг қўлимда ҳам саккиз-ўн минг бўлиб қолади.

Қария бу пулни уйини қайта гаровга қўйиб топмоқчи эди.

Каупервуд отасига хотиржамлик билан қараб турарди. У ҳамма гапни айтиб бўлган, ортиқ айтадигани қолмаганди.

– Кетганингиздан кейин яна охирги марта Стинерни кўндиришга ҳаракат қилиб кўраман, – деди Фрэнк. – Унинг олдига Ҳарпер Стежер билан бормоқчиман, у мана шу дақиқаларда келиб қолиши керак. Агар Стинер гапида туриб олса, ҳамма кредиторларга хабарнома юбораман, биржа котибига ҳам хабар бераман. Нима бўлганда ҳам, отажон, умидсизликка тушманг! Ўзингизни қўлга олишни уддалайсиз. Мен жарликка қараб кетяпман, Стинернинг озгина ақли бўлса эди… – Фрэнк жим бўлиб қолди. – Бу тентак ҳақида гапиришнинг нима кераги бор!

Каупервуд ойнага қараб, анави лаънати хат бўлмаганида, Батлернинг ёрдами билан ҳаммасини ҳал қилиш осон бўлиши мумкинлигини ўйлади. Батлер, шубҳасиз, унга ёрдам берган бўларди. Бироқ энди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации